Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ёдгор Саъдиевнинг фикрларига ҳуқуқий баҳо

20387

Яқинда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг соқол қўйиш ҳақида фикрлари ёритилган видео Уйчи туман (Наманган вилояти) ҳокимлиги ахборот хизматининг расмий саҳифасида тарқалди.  Актёр Уйчи туман ёшлари билан учрашувидаги тадбирда соқол ҳақида ўз мулоҳазаларини билдириши ижтимоий тармоқларда кўплаб норозиликларга сабаб бўлмоқда. 

Ушбу нутқда соқол қўйганларга нисбатан “шайтонсоқол” деб таъриф ҳам келтириб ўтилган. "Шайтонсоқол" деган сўз эса нафрат дискурсига ёрқин мисол бўла олади. Нафрат дискурси (ёки тили) – миллати, дини, жинси, ёши, сиёсий қарашлари, ижтимоий-иқтисодий аҳволи, ташқи кўриши, ногиронлиги туфайли муайян киши ёки кишиларга нисбатан нафратни ифодаловчи сўзлардан фойдаланган ҳолда сўзлаш ва бу нафратни қўллаб-қувватлашдир. Бунга ўхшаш нафрат дискурси қанчалик кўп такрорланса, қайси киши ёки кишилар ҳақида айтилган бўлса, у/улар ҳақида нотўғри тасаввурлар пайдо бўлишига, жамиятда у/улар ҳақида қутблашиш келиб чиқишига, ҳатто қон тўкилишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун кўпчиликнинг, омманинг олдида гапираётганда сўзларни тўғри танлай билиш зарур.

Энди ушбу ҳолатга ҳуқуқий жиҳатдан баҳо берадиган бўлсак, ҳар бир мусулмон инсон учун соқол қўйиш суннат сифатида кўрилганлиги сабабидан аҳамиятли ҳисобланади.

Айнан соқол қўйиш масаласида Ислом динида қандай ҳукм мавжудлигига аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан ишлаб чиқилган savollar.muslim.uz савол-жавоб хизматига мурожаат қилдик. Мазкур сайтда соқол қўйиш ҳақида берилган саволларга жавоб бериш асносида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг веб-сайтидаги «Юзни бактериядан сақлашнинг табиий ва энг яхши усули» сарлавҳали мақолага йўналтирилганини кўриш мумкин. Ушбу мақолада ёзилишича, «соқол қўйиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий суннатларидандир. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда соқол қўйиш вожиб амал ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини соқол қўйишга буюрганлар».

Яъни мусулмонлар соқол қўйишга диннинг кўрсатмаси сифатида қараб, унга амал қилишади. Ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги кафолатланиши нафақат, маълум бир динни танлаши мумкинлигини, қолаверса шу диннинг кўрсатмаларига амал қила олиш эркинлигини ҳам билдиради. Бу ҳолат 1991 йил 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий совети томонидан ратификация қилинган Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси 18-моддасида ҳам ўз аксини топган. Шунингдек, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасининг 1-қисмига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқариши таъкидланган.  Ўз навбатида актёр томонидан мусулмонларнинг соқол қўйишига нисбатан айтилган фикрларига фуқароларнинг диний эътиқодлари билан боғлиқ туйғуларини ҳақоратлаш деб баҳо бериш мумкин.

Эътиборли жиҳати шундаки, фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис туйғуларини ҳақоратлаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 156-моддаси 2-қисми (диний эътиқодига ёки дахрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар)га кўра икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутувчи жиноий жавобгарлик келтириб чиқаради.

Тўғри, ҳар бир фуқаро ўзининг сўз эркинлиги каби конституциявий ҳуқуқига эга. Аммо бир шахснинг ҳуқуқлари бошқа шахснинг ҳуқуқлари бошланган чегарада тугайди, яъни сўз эркинлиги бошқа фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари дахл қилиб бошлаган жойда чекланади. Хусусан, актёр томонидан билдирилган фикрлар фуқароларнинг диний эътиқод билан боғлиқ ҳис туйғуларини ҳақоратлаб, сўз эркинлигининг ҳақиқий чегарасидан ўтиб кетмоқда.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда ҳар бир жамият аъзосини ўз ҳуқуқ ва манфаатларидан оқилона фойдаланиб, бошқаларнинг манфаатларига зарар етказмасдан намунали фуқаро бўлишга чақириб қоламиз.

 

Azon.uz ахборот-таҳлилий портали таҳририяти

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага