Маълумки Uzbekistan Аirways компаниясининг қониқарсиз иш фаолияти, чипталар нархининг баландлиги бўйича норозиликлар келиб чиққан, ҳатто Президент Шавкат Мирзиёев ҳам компания фаолиятини танқид қилган эди. Uzbekistan Аirways ҳамда Uzbekistan Аirports компанияларини трансформация қилиш бўйича ўтказилган тақдимотда норентабел йўналишлардаги 9 та авиақатновлар бекор қилиниши маълум қилинди.
Хусусан, Париж, Рим, Милан, Амритсар, Мумбай, Бангкок, Токио, Куала-Лумпур ва Жакартага учадиган рейсларнинг жорий йил майиданоқ ёпилиши эвазига 12,3 млн доллар иқтисод қилиниши кутилмоқда.
Шунингдек, Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва АҚШдаги авиачипталарни сотиш бўйича 6 та бош агентлар билан шартномалар бекор қилинади. Бу билан 5 млн доллар иқтисод қилинишига эришилади.
Авиакомпания ва унинг таркибий бўлинмаларида иш ўринлари сонини 20 фоизга қисқартириш орқали 3,9 млн доллар иқтисод қилиш ҳисоб-китоб қилинган.
Авиакомпаниянинг хориждаги 20 та самарасиз ваколатхоналари ёпилади. Россиядаги 15 тадан 11 та ҳамда Амритсар, Мумбай, Париж, Рим, Милан, Амритсар, Бангкок, Токио, Куала-Лумпур ва Жакартадаги ваколатхоналар шулар жумласидан.
Кўриладиган чора-тадбирлар орқали авиачипталар нархини 20 фоизгача арзонлаштириш кўзда тутилган.