Юртимизда ҳамон соч ва соқол, рўмол муаммоси давом этмоқда. Бу ҳақда очиқ ойдин гапирилмаса-да, бироқ ҳанузгача зимдан тақиқлар амалга оширилаётганлигини кўришимиз мумкин. Бу ҳақда аввало ўз яқинларим дуч келган муаммога тўхталсам.
Шу яқин кунларда Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Қўтонбой қишлоғида жойлашган 51-сонли мактабда қизларнинг мактабга рўмол ўраб боришига рухсат берилмаётганлиги, мактаб раҳбарияти томонидан доимо қаршилик кўрсатилаётганлиги ҳақида шу мактабда ўқийдиган жияним айтиб қолди. Ҳатто мактаб раҳбарияти опамнинг уйига келиб “қизингиз мактабга рўмол ўраб бормасин, акс ҳолда тегишли жойларга мурожаат қиламиз” деб айтган. Жиянимни бир неча маротаба рўмол ўраб боргани учун расмга ҳам тушириб олишган.
Бу ҳолат нафақат мактабларимизда, балки Олий таълим муассасаларида ҳам кузатилмоқда. Жумладан, яқинда ижтимоий тармоқларда, асосан TentakMinds телеграм каналида Тошкент Тиббиёт академиясида, барча гуруҳ сардорлари соқол қўйган, рўмол ўраган талабаларни рўйхатини шакллантирмоқда, деган хабар тарқалди.
Тошкент Тиббиёт академиясида коронавирус ва бошқа муаммолар ҳал қилиб бўлинган шекилли, энди соқол ва рўмол муаммосини ҳал қилишга ўтибди.
Бу хабар қанчалик тўғри эканлигини билиш учун Тошкент Тиббиёт академияси Ёшлар билан ишлар бўйича проректори Бобомуротов Турдиқул Акрамович билан телефон орқали боғландик. Бизни қизиқтираётган саволларга Турдиқул Акрамович шундай жавоб берди:
– Бизнинг вазифамиз талабалар билан тарбиявий ишлар олиб бориш. Ҳамма вақт талабаларга соқол қўйиш борасида ўзимизнинг одоб-ахлоқ қоидалари асосида тавсия қиламиз. Яъни талабаларга кийиниш одобига риоя қилиш, соқолини ўстирмаслик тавсия этилади.
"Таълим муассасасида соқол қўйган, рўмол ўраган талабаларни рўйхатини шакллантириш ҳақида Олий таълим вазирлигидан ёки бошқа юқори ташкилотлардан қандайдир кўрсатма бўлганми?" деган саволга проректор:
– Йўқ бизга ҳеч қандай кўрсатма берилгани йўқ. Талабаларни кийиниш маданияти юзасидан доимий равишда иш олиб борамиз, бу бизни вазифамиз. Агар талабалар орасида соқол қўйган, рўмол ўраганлари бўлса уларга ҳеч ким тазйиқ ўтказмайди ва дарсдан чиқариб ҳам юбормайди. Лекин биз ким қандай эканлигини билишимиз учун доимий равишда талабалар билан суҳбатлашиб турамиз, – деди.
Демак халқимизда “салла деса, каллани олиб келиш” ибораси Олий таълим муассасаларида акс этмоқда. Негаки фақатгина тавсия қилиниши керак бўлган ишни жиддийлаштириб, жойи келса соқол қўйган, рўмол ўраган ёшларни рўйхатини ҳам тузишмоқда. Соқол ва рўмол талабаларнинг илм олишига қандай халақит бериши мумкин? Қизларнинг очиқ-сочиқ кийингани йигитлар маънавиятини бузилишига сабаб бўлса-да бу ҳолга ҳеч ким эътироз билдирмаяпти. Ҳатто “нега бунақа очиқ кийиндинг” деб рўйхатга ҳам олишмаяпти. Аслида бундай қиёфалар инсон маънавиятига кўпроқ салбий таъсир ўтказади-ку!..
Биз ёшларни кийиниши, соч ва соқоли билан кўп овора бўлмасдан, уларни қандай қилиб ишга жойлаш, бандлигини таъминлаш ҳақида қайғурсак яхши бўларди.
Нурбек Ғофуров