Тоғли Қорабоғдаги 44 кунлик уруш охирида Озарбайжонга қарши «Искандер-М» русумли оператив-тактик ракета комплекси (ОТРК) қўлланилгани ўз тасдиғини топди, яъни ANAMA томонидан ушбу ракетанинг тегишли тамғага (қўлланилган 9М723 русумли ракеталардан бирининг код-индексига) эга парчалари топилди. Нима қилган тақдирда ҳам, ушбу комплекс ким томонидан қўлланилгани – чуқур суриштириладиган масала бўлиб, тергов натижаларига кўра айбдорларни жазолашни тақозо этади.
Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, Озарбайжон собиқ Иттифоқ харобазорида барпо этилган давлатлар орасида ҳудудига қарата «Искандер-М» русумли ОТРК қўлланилган биринчи давлат бўлди. Шундай экан, беихтиёр 1990 йил 20 январь куни содир этилган хунрезлик ҳам ёдга тушади. Ўша куни совет армиясига қарашли ҳарбий қисмлар Бокуда тинч аҳолини қон қустирган, Россиянинг 366-полки иштирокида эса Хўжайлида озарбайжон халқининг геноциди содир этилган эди. Ўша даҳшатли жиноятларнинг содир этилишида айбдор бўлганлар ҳанузгача жазога тортилмади – одил суд қарор топишида ҳеч ким Озарбайжонга ёрдам қўлини узатмади. Буларнинг бари табиий бир савол туғилишига сабаб бўлмоқда: ушбу фактлар бир занжирнинг ҳалқалари эмасмикан? «Искандер-М» ракеталарини қўллаган айбдорларни жазога тортишга эриша оламизмикан? Айбдор шахсларни жазога тортиш масаласида бу гал Озарбайжонга ёрдам қўли узатилармикан?
Шу сабабдан, Президент Илҳом Алиевнинг 2021 йил 12 апрель куни Ҳарбий ўлжалар мажмуини очиш тадбирида қилган баёноти жуда долзарб бўлганча қолаверади. Ушбу мажмуада бошқа турдаги ҳарбий ўлжалар қаторида Шуша шаҳри яқинида топилган «Искандер-М» ракеталарининг портлаган қисмлари томошага қўйилган. Ўшанда Президент асосли равишда таъкидлаб ўтди:
«Бундай ракеталар арман армияси тасарруфига қандай ўтиб қолди? Уларда бўлмаслиги керак эди ушбу ракеталар. Бу – ҳақиқий далил. Бу Арманистон томонидан ҳарбий жиноят содир этилганини исботлайдиган ҳақиқий далил бўлиб, қуйидаги саволга аниқ жавоб олмоқчимиз: қандай қилиб ушбу қирғин келтирадиган қурол Арманистон қўлига ўтиб қолди? Муқаддам берилган ушбу саволга биз ҳали жавоб олганимиз йўқ. Лекин оламиз жавобни. Арманистон «Искандер-М» ракеталари воситасида қадимий шаҳримиз Шуша шаҳрини вайрон қилмоқчи бўлганини ҳамма келиб кўрсин. Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, ушбу қурол биз Шуша шаҳрини душмандан тозалаб бўлганимиздан кейин қўлланилган. Бу масалада ихтиёримизда етарлича маълумотлар бор. Биз расмий жавобни кутяпмиз, холос».
«Искандер-М» ракеталари қўлланилгани Пашинян томонидан тан олинди, бироқ унинг бундай иқрори арман радикалларининг эътирозига сабаб бўлди. Оқибатда Пашинян осонгина «таслим» бўла қолди. Ўшанда «Искандер-М» ракеталари қўлланилганига доир Пашиняндан олдин арман генерали Мовсес Акопян баёнот бериб бўлганини эса биров хаёлига ҳам келтирмади. Арманистон раҳбарияти томонидан «Искандер-М» комплексининг жанговар қобилияти борасида билдирилган шубҳалардан расмий Москва ҳам домангир бўлди, чунки ўхшаш гумонлар Россия ҳарбий-саноат комплексининг нуфузига путур етказади.
Россия ОАВ томонидан тарқатилган бўлиб, айримларни шок ҳолатига келтириб қўядиган хабарлар жавобгарлик масъулиятини Арманистон Республикаси ва арманларнинг Россиядаги диаспораси зиммасига юклаб қўйди. Буларни фаҳмига етиш осон кечмаса-да, айрим фактларни англаб етишга уриниб кўрамиз.
Россиянинг ном чиқарган ҳарбий эксперти Павел Фельгенгауэрнинг фикрича, Арманистон Республикаси тасарруфида «Искандер-М» комплексининг экспорт учун мўлжалланмаган вариантлари бўлиши мумкин. Чунки ўша фурсатда ишлаб чиқариш циклини издан чиқариб, қуролнинг экспорт учун мўлжалланган вариантини тайёрлашга эҳтиёж йўқ деб топилган. Шу сабабдан Арманистон Республикасига тайёр турган «Искандер-М»ни беришган қўйишган.
«Искандер-М» ОТРК нима ўзи? Россия ҳарбий терминологиясига кўра, бу – душманнинг фронт чизиғидан 500 километргача наридаги оператив сарҳадларда жойлашган нишонларини йўқ қилиш учун мўлжалланган ракета қуроли. Комплекс таркибига: ракета; ўзиюрар ракета учириш қурилмаси; ташиш-ракета жойлаштириш машинаси; қўмондонлик-штаб машинаси; маълумотлар тайёрлаш пункти; регламент ишлари ва техник хизмат кўрсатиш машинаси; ҳаётий таъминот машинаси каби асосий элементлар киради. 1987 йили Коломенск машинасозлик конструкторлик бюросида ишлаб чиқилган ушбу ОТРК 2004 йили қурол-аслаҳалар таркибига киритилган. Нишонга шикаст етказиладиган энг қисқа масофа 50 км, энг олис масофа Искандер-М учун 500 км, экспортга тайёрланадиган Искандер-Э учун 280 км. Нишонни уриш аниқлиги Искандер-М да 2 м, экспортга тайёрланадиган Искандер-Э да 20 м. Бундан ташқари, Искандер-М иккита ракета билан, экспортга тайёрланадиган Искандер-Э эса битта ракета билан ўқланади.
Бундан бир неча кун муқаддам Россия ОАВ Россия Федерал хавфсизлик хизматининг ҳарбий аксилистихборот бошқармаси томонидан Арманистон Республикаси тасарруфида ҳисобга кирмаган «Искандер-М» ОТРК қандай пайдо бўлиб қолгани-ю, Тоғли Қорабоғда қўлланилгани юзасидан тергов тадбирлари бошлангани ҳақида хабар тарқатди. Россия ОАВ томонидан билдирилаётган мулоҳазаларга қараганда, экспорт қилиниши халқаро ҳуқуқ ва Россия қонунчилиги билан қатъиян ман этилган таъсир кўрсатиш радиуси катта бўлмиш жанговар ракеталар жиноятчи тўда томонидан воситачиларга сотилган. Воситачилар эса бундай ўлжасини зудлик билан Арманистонга етказиб берган.
ОАВда илгари сурилган талқинга кўра, Россия жанубидаги арман диаспораси ўз жиноий кирдикорларини амалга ошириш мақсадида Ил-76 русумли транспорт самолётини харид қилиб, ғайриқонуний юк ташиш фаолияти билан шуғулланган. Ҳаммага маълум этник тўданинг жиноий излари Москва, Санкт-Петербург, Хабаровск шаҳарлари, Орёл ва Тула вилоятлари ҳамда Красноярск ва Краснодар ўлкаларида топилган.
Россиядан Арманистонга мунтазам равишда, шу жумладан, 44 кунлик уруш даврида ҳам қурол-аслаҳа ташилгани ҳеч кимга сир эмас. Ўша кунлари Озарбайжон матбуоти Россиянинг турли шаҳарларидан Ереванга қатнаган юк самолётларининг парвозлар жадвали ва ҳаракат йўналишларини эълон қилган эди. Расмий йўл билан қурол етказиш тадбирлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Зеро, В. Путин расмий Москва Ереван билан йўлга қўйилган ҳарбий-техник ҳамкорлик доирасида олган мажбуриятларини бенуқсон бажаргани ҳақида бир неча бор баёнот қилган.
«Ишонтириб айтаманки, Арманистон ўзини ўз ҳолига ташланиб, унутиб юборилгандай ҳис этмаган. Бундай бўлмаслиги учун Россия барча чораларни кўрган», - деган эди ўшанда В. Путин.
Россия Арманистонга қурол етказиб берганини Арманистоннинг Россиядаги собиқ элчиси ҳам тан олган. «Россия Арманистонга ёрдам бермади. Ҳарбийларимиз айтаётгандай, минимал миқдордаги қандайдир қурол турлари етказиб берилди-ю, глобал миқёсда ёрдам бермади», — дея эътироф этган эди у.
Арман диаспораси томонидан Россиянинг ҳарбий омборлари ва мудофаа саноати корхоналаридан жиноий равишда қурол-аслаҳа харид қилиб, ғайриқонуний равишда Арманистонга йўллаганига доир Россия ОАВ томонидан берилган маълумотлар киши эътиборини тортмай қўймайди, албатта. Бироқ арман диаспораси Россияда «Искандер-М» ОТРКни бемалол харид қилиб, Ереванга юборгани билан боғлиқ талқин астойдил текширилиши керак, чунки бундай корчалонлик операциясини амалга ошириш имкони жуда минималдир. Бундан ташқари, Россиянинг расмий шахслари томонидан ушбу масала борасида баёнот берилмаётгани ҳам эътиборга молик ҳолат бўлганча қолмоқда. Бундай вазиятда Президент Илҳом Алиев Ҳарбий ўлжалар мажмуидаги чиқишидан яна бир бор иқтибос келтиришга тўғри келади:
«Қандай қилиб ушбу қирғин келтирадиган қурол Арманистон қўлига ўтиб қолди? Муқаддам берилган ушбу саволга биз ҳали жавоб олганимиз йўқ. Лекин оламиз жавобни».
Россия Арманистондай тажовузкор, муқаддам имзоланган битимлар шартларини бажармайдиган, қурол-аслаҳа контрабандаси билан шуғулланадиган давлат билан йўлга қўйилган ҳарбий-техник ҳамкорлик тамойилларини қайта кўриб чиқиши жуда муҳим аҳамият касб этади. Биринчи навбатда, Арманистон расмий Москвани навбатдаги халқаро шармандаликка аралаштириб юбормасидан, ҳурмат-иззатини шубҳа остига олиб қўймасидан олдин ўзининг «Искандер-М» ОТРКни қайтариб олиши даркор.
Россия ОАВ томонидан «Искандер-М» ОТРК Арманистон Республикасига ғайриқонуний етказиб берилгани ҳақида хабар берилгач, Никола Пашиняннинг зудлик билан Москвага ташриф буюриб, В. Путин билан учрашиши долзарб масалага айланиб қолди. Москвавага йўл олишидан бир кун олдин Пашинян Арманистон Республикаси Россия Федерацияси билан узоқ муддатли, кенг миқёсли ҳарбий-техник ҳамкорлик қилиш ниятида эканлигини маълум қилди. Арманлар раҳбари ўз чиқишида, бундай ҳамкорлик икки давлат манфаатларига жавоб беришини, Арманистон Россия қуролини харид қилишни давом этиши, жумладан, энди у, Су-30СМ русумли қирувчи самолётлардан харид қилмоқчи эканлигини ошкор этиб ўтди.
Шу боис таъкидлаб ўтмоқ жоизки, қуролсизлантирилган Арманистонда қарор топган бугунги вазият Жанубий Кавказда узоқ муддатли тинчлик ҳукм суриши ҳақида фикр юритиш имконини беради. Бироқ реваншизм кайфиятидаги арман радикалларининг саъй-ҳаракатлари авж олаётган бир пайтда Арманистон армиясини тиклаб, қайта қуроллантиришга қаратилган ҳар қандай режа минтақамизни яна қуролли можаро ёқасига олиб келади.
Арманистон Республикасига янгитдан қурол бериш, арман армиясини қайта тиклаш амаллари 2020 йил 10 ноябрь куни имзоланган уч томонлама баёнотда кўзланган мақсадларга эришилишини, коммуникациялар очилишини, минтақанинг иқтисодий жиҳатдан тинч равнақ топишини шубҳа остига қўяди.
Намик Алиев,
Юридик фанлар доктори, профессор, Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг кафедра мудири
Таржимон Шокир Долимов,
Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси,
истеъфодаги подполковник