Удур ҳоким, ки ҳукмин ўзга этмас,
Анинг Зотиға ҳеч ким ақли етмас
Фаришталар, набийлар етмадилар,
Бўйунсундилар-у, фикр этмадилар.
Вале фикр эт Худонинг қудратиға,
Ажойиб ишларға, санъатиға.
МАЪНОСИ: “Аллоҳ таоло шундай ҳукмрон Зотки, Ўз ҳукмини асло ўзгартирмайди. Унинг Зотининг моҳиятига ҳеч кимнинг ақли етмайди. Аллоҳни Зотининг моҳиятига фаришталар ҳам, набийлар – пайғамбарлар ҳам етмадилар. Улар Аллоҳ таолонинг ҳукмлари, амр-фармонларига бўйин суниб итоат этдилари-у лекин Зотини фикр этмадилар. Ва лекин сен Аллоҳнинг чексиз қудрати, ажойиб – мислсиз ишлари, қудрати ва санъати намуналарини фикр қил”. Чунки уларда Аллоҳнинг ваҳдонияти – якка ягоналигига далиллар бор.
Эътиқод илмида “Аллоҳ таолонинг маснуъоти – санъати, яратмишлари, буюк қудратининг намуналарини фикр қилинг, лекин Аллоҳнинг Зотини фикр қилманг” деган қоида бор. Чунки Аллоҳ таолонинг қудрати ва санъати намуналарини – коинот, Ер, осмонлар, тоғлар, чўллар, музликлар, сувликлар, воҳаю водийлар, турли рангли ва турли тилли инсонлар, турли хил жон ва жонзотларни фикр қилган киши улуғ маърифат ҳосил қилади, Яратган Зотни яхши танийди. Лекин Аллоҳнинг зотини фикр қилишга рухсат йўқ. Чунки Буюк Яратганнинг Зотини фикр қилган киши адашади, билиб-билмай У Зотни бирор мавжудот ёки яралмиш нарсага ўхшатиб қўяди, натижада гуноҳкор бўлиб қолади. Ҳолбуки, ҳеч бир нарсанинг Аллоҳ таолога ўхшаш эмаслиги ҳақида оят бор.
Шўро сураси. 11-ояти маъноси: (Аъувзу биллоҳи минаш-шайтонир-рожийм) “(У Аллоҳ) осмонларни ва ерни йўқдан (илк) яратгувчидир. У сизлар учун ҳам ўзларингиздан жуфтлар, чорва ҳайвонларидан ҳам (ўзларидан) жуфтлар яратди. Шу (низом) асос(и)да сизларнинг наслингизни давом эттирур. Ҳеч бир нарса Унга ўхшаш эмасдир. У ҳаққоний эшитгувчидир, кўргувчидир”.
Ҳазрати Абу Зарр розияллоҳу анҳудан (ушбу ҳадис) ривоят қилинади: “Яралмиш нарсалар ҳақида фикр қилингизлар. Аллоҳ ҳақида фикр қилмангизлар, йўқса, ҳалок бўласизлар”.
Бунга ўхшаш заиф деб сифатланган ҳадислар бир қанча, уларнинг ҳаммаси жамланса, далил учун куч ва қувват касб этади.
Аллоҳнинг яратмишларини тафаккур қилиш ҳақида ҳам оятлар кўп. Бир далил билан кифояланамиз.
Оли Имрон сураси 190–191-оятлари маъноси: “Дарҳақиқат, осмонларнинг ва ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб(ва узайиб-қисқариб) туришида ақли салим эгалари учун (Аллоҳнинг бирлиги ва қудратига оид ибратли) далиллар бордир. Улар (ақли салим эгалари) тик турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ёнбошлаб ётганда ҳам Аллоҳни зикр қилурлар, осмонлар ва ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қилурлар (ва дерларки): «Эй Раббимиз! Сен буни беҳуда яратмагансан. Сен (ҳар қандай айбу нуқсондан) пок ва муназзаҳсан, бизни дўзах азобидан Ўзинг асра!»
Бас, Аллоҳ талонинг яратмишлари ҳақда тафаккур қилинади, Зоти ҳақида эса тафаккур қилиш жоиз эмас.
Шориҳ: Мирзо Кенжабек