Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (68-қисм)

1755

192. Абу Жаъфар Аҳмад ибн Абдурраҳмон Қасрий.

Аллома Абу Зайд Даббоғ “Маъолимул ирфон фий маърифати аҳли Қайравон” китобида (321/933 йилда вафот этган) Абу Жаъфар Аҳмад ибн Абдурраҳмон Қасрий[1] ҳақида шундай ёзади: “У аҳли солиҳлардан бўлиб, фақиҳ, парҳезкор, кўп йиғлайдиган киши эди. У илмга, ҳадис ривоятларини ўрганишга, китоблардаги хатоларни тўғрилашга ва китоб йиғишга катта аҳамият берар эди. Унинг таъкидлашича, (кечаю-кундуз китоблардан нусха кўчирганлиги сабабли) қаламининг учи қирқ йил давомида сиёҳдан қуримаган экан. Гоҳида шу иши учун бисотидаги бирор кийимни сотиб, эвазига китоб ёки китобдан нусха олиш учун олий навли қоғоз харид қилар экан.

Абу Бакр Моликий айтади: “Абу Жаъфар буюк олим Яҳё ибн Умарни зиёрат қилиш учун Расм диёридаги Сувса шаҳрига боради. Борса, Яҳё ибн Умар китоб ёзаётган экан. Абу Жаъфар ўша китобдан нусха кўчириш учун керакли қоғоз сотиб олишга ҳеч нарса топа олмай, эгнидаги кийимини сотиб, ўрнига сифатли қоғоз харид қилади ва китобни ёзиб, устозидан ўтказиб олади. Сўнгра китобни ўзи билан Қайравонга олиб келади”.

193. Ибн Зиёд Шофеий.

Ибн Жавзийнинг “Мунтазам” ва “Тазкиратул ҳуффоз” китобида Ибн Зиёд Шофеий ҳақида қуйидагилар келтирилади: “Ҳадис илмида ҳофиз, аллома Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Зиёд ибн Восил Найсобурий Шофеий (238-324/853-936) шофеий мазҳабининг фақиҳларидан бўлиб, кўплаб асарлар муаллифидир”. У зот илм талабида Ироқ, Шом ва Миср диёрларига сафар қилиб, сўнгра Бағдодда яшаб, ўша ерда ҳадис ривоят қилган. У зот фиқҳ ва ҳадис илмининг билимдони эди. Ўзи ҳам солиҳ ва сиқа (ишончли) зотлардан эди”.

Имом Ҳоким айтади: “У ўз асрида Ироқдаги шофеий мазҳаби уламоларининг имоми, фиқҳий масалаларни ва саҳобалар ихтилофини энг яхши билувчи киши эди”. Имом Дорақутний айтади: “Машойихларимиз ичида Ибн Зиёд Шофеийдан кўра санад ва матнларни яхши биладиган кишини кўрмадик. У матндаги зиёда лафзларни ҳам билар эди. Бир куни одамлар унга: “Бизга ҳадислардан айтиб беринг”, дейишди. У: “Йўқ, яхшиси сизлар мендан (ўзингиз истаётган) ҳадисларни сўранглар”, деб жавоб берди. Шундан сўнг улар бир неча ҳадисларни сўрашди. У зот саволларга жавоб бериб, ҳадисларни айтиб турди, улар ёзиб олишди”.

Абу Абдуллоҳ ибн Батта айтади: “Биз Абу Бакр Найсобурийнинг мажлисида ҳадисга қўшилиб қолган ортиқча сўзларни ўрганиш учун келар эдик. Битта дарс ҳалқасида тахминан ўттиз мингта сиёҳдон бўлар эди. Шундан озгина муддат ўтгач, Абу Бакр Нажжоднинг дарс ҳалқасида иштирок эта бошладик. У зотнинг дарс ҳалқасида ўн мингта сиёҳдон бўлган экан. Инсонлар бунга ҳайрон қолиб, “Бу йиллар орасида кишиларнинг учдан икки қисми вафот этиб кетибди”, дейишди.

Юсуф ибн Умар Қаввос айтади: “Абу Бакр Найсобурийнинг шундай деганини эшитдим: “Сен қирқ йил яшаб, тунда фақат тиз чўккан ҳолда ухлаган, кунига беш дона дон еган ва бомдодни хуфтондаги таҳорати билан ўқиган кишини биласанми?”, деди. Кейин унинг ўзи: “Ўша менман. Буларнинг барчаси Умму Абдурраҳмонни танишимдан олдин эди! Ҳозир мени унга уйлантириб қўйган кишига нима ҳам дердим?! У инсон фақат яхшиликни истаган эди”, деди. Аллоҳ раҳмат қилгур бу зот 324/935 йилда вафот этди”.

 

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)


[1] Қайравон жанубидан икки мил узоқликдаги Қасрул ағлабга нисбат берилади.

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (72-қисм)

2013 16:55 20.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (71-қисм)

2438 22:15 19.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (69-қисм)

1398 22:55 16.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (67-қисм)

1638 21:05 14.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (66-қисм)

1736 22:55 13.06.2021
« Орқага