"Мана бу болаларга эътибор беринг. Уларнинг иккаласи ҳам инсонга бир марта бериладиган ёшлик даврини турли хил яшаган:
Улардан бири – отаси 9 ойлигида ташлаб кетиб, ёлғиз муштипар она қўлида тарбия топган, 4 ёшида кроватдан тушиб кетиб, миясини жароҳатлаб олиши, натижада махсус логопедик мактаб интернатга боришига қарамай, ўз болалигини чиройли яшаб, ёшлигини фойдали ишларга сарфлаган, турли бекорчи ишлар билан вақтини ўтказмай, асосий эътиборини шахмат ўйини сирларини ўзлаштиришга қаратган бола.
Иккинчиси эса – бутун дунё тараққиётга илм-фан ривожланиши орқали эришиб турган бир пайтда, диндор ота-онанинг босими остида салла ўраб, рўдапо кийиб олган, бор эътиборини ўта зарур бўлган мактаб таълимини чуқур ўзлаштиришга қаратиш, инглиз тилини ўрганиш ўрнига, мурғаклик чоғиданоқ араб тилини ўрганиб, Қуръон ёдлашга ва қориларнинг тиловатларини эшитиб юришга мажбур қилинган, беш вақт намоз ўқишга одатлантирилган, бир сўз билан айтганда ўткинчи болалигини беҳуда ишларга сарфлаган бола.
Сиз бу икки боладан қайси бирининг келажаги порлоқ бўлишига ишонасиз?
Фарзандининг камолини, бахту-саодатини кўришни истаган ҳар қандай ота-она “фарзандим яхши инсон бўлиб улғайсин, ўз халқи ва ота-онаси учун сидқидилдан хизмат қилсин, умрини фойдали ишларга сарфласин, ўзидан яхши ном қолдирсин” деб ният қилади. Фарзандининг комил инсон бўлиб улғайиши учун керак бўлса ўз ҳаётини ҳам фидо қилиш ҳар қандай ота-она учун ўзгача шараф ва садоқат тимсолидир".
Келинг, қувноқ мусиқа фонида янграйдиган бундай баландпарвоз гапларни бир четга суриб қўяйлик-да, воқеамиз қаҳрамонларининг келажакда қандай инсон бўлиб улғайганликларига эътибор қаратайлик.
Суратдаги шахматчи боланинг исми – Александр Пичушкин. У 1974 йилда Москвада туғилган. Ёшлигиданоқ шахматга қизиққан. Отаси 9 ойлик пайтида ташлаб кетганлиги сабабли ёлғиз она қўлида тарбия топган. Махсус логопедик мактабда таълим олган. Ёш шахматчи 22 ёшида ичкиликка ружу қўйган. Ҳатто шу даражада маст бўлганки, уйига кириш учун зинадан кўтарилолмай онаси ишдан келишини кутиб турган. 2006 йилга қадар супермаркетда юк ташувчи бўлиб ишлаган.
Шахмат ишқибози Александр 1992 йилдан 2006 йилга қадар 49 та қотилликни амалга оширган, шунингдек 3 та суиқасдда жабрланувчилар тирик қолган. У руслар ичида энг ашаддий қотил сифатида 52 марта одам ўлдирган Андрей Чикатилодан кейинги ўринда туради. У биринчи қотиллигини 18 ёшида амалга оширган.
Уни “шахматчи қотил” деб ҳам лақаблашган. Шахмат ўйини ишқибози бўлганлиги сабабли, қотил шахмат доскасидаги 64 та катакчанинг ҳар бирини ўз қурбонлари билан “тўлдириш”ни мақсад қилган. Тергов вақтида агар шахмат доскаси “тўлиб қолса” 100 катакчали шахмат доскаси “сотиб олиш” ниятида бўлганлигини айтиб ўтган. Унинг асосий қурбонлари даставвал кўчадаги уйсиз алкашлар бўлган. Бироқ кейинчалик “ўзинг таниган инсонларни ўлдириш айниқса ёқимли” деган ўй билан ўзига таниш бўлган одамларни ўлдирган.
Рус телеканалларидаги интервьюлардан бирида “Қотилликсиз ҳаёт мен учун худди овқат емасдан яшашдек гап” деб айтган. Шунингдек, у "Худо менман, кимнинг яшаш, кимнинг яшамаслигини мен ҳал қиламан" деган. Шахматчи қотил Александр Пичушкин 2007 йилда қўлга олинган ҳамда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Суратдаги иккинчи одам эса – Муҳаммад Абдуссалом. У 1926 йил Покистонда диндор оилада туғилган. Унинг отаси тумандаги Таълим Департаментида ишлаган. Муҳаммад Абдуссалом Қуръонни онасидан ўрганган. Ёш болакай араб тилида ўта қобилиятли бўлган. Отаси эса ёш Абдуссаломга Қуръони Каримни ёдлатган. Унинг Исломга муҳаббати ёшлигиданоқ шаклланган. Эрта ёшлигиданоқ беш вақт намоз ўқишни бошлаган. Деярли ҳамма вақт чўнтагида Қуръони Каримнинг кичик нусхасини кўтариб юрган.
14 ёшида Панжоб университетига энг юқори балл билан ўқишга қабул қилинган. 20 ёшида Университетни илмий даража билан битириб, худди шу йилда Кембриждаги Авлиё Жон коллежига қабул қилинган. У ерда математика ва физика фанлари бўйича энг юқори натижаларни кўрсатиб, бакалаврлик дипломини олган. 1950 йилда 24 ёшли Муҳаммад Абдуссалом Кембриж Университетида физика соҳасига қўшган ҳиссаси учун Университетнинг махсус мукофоти билан тақдирланган. Шунингдек, назарий физика соҳасида фан доктори даражаси (PhD)ни қўлга киритган. 27 ёшида унинг квант электродинамика соҳасидаги илмий тадқиқотлари унга халқаро даражадаги обрў олиб келди.
Муҳаммад Абдуссалом Жума кунлари масжидга эрта келиб, олдинги сафлардан жой эгалларди. Имом маъруза қилаётганда доим дафтарчасига қайд қилиб борарди. Бир гал масжид имоми: “Менинг ваъзларим наҳотки сизга шунчалик ёқса?” деб сўраганда, Муҳаммад Абдуссалом: “Бу маърузалар менга худди электр зарядлари каби илмий ғоя учқунларини беради”, деб айтган эди.
Муҳаммад Абдуссалом 1951 йил 25 ёшида Покистонга қайтиб келади, ҳамда Лаҳордаги коллежда математикадан дарс беришни бошлайди. 1952 йилда Панжоб Университетида Математика кафедраси етакчисига айланади. Ўз юртида илмий тадқиқотлар учун етарли шарт-шароитларни топа олмаган олим, 1954 йилда мамлакатни тарк этиб, Лондонга кетишга мажбур бўлади. Бироқ тез-тез ўз юртига келиб туради.
Унинг ўз она юрти Покистон учун қўшган ҳиссаси ниҳоятда улкан бўлди. У Покистон Атом Энергияси Комиссиясининг, шунингдек Покистон Илмий Комиссиясининг аъзоси, 1961 йилдан 1974 йилга қадар Илм-фан соҳасида Президентнинг бош маслаҳатчиси бўлиб ишлади. 1957 йилдан Лондондаги Империал коллежида назарий физика бўйича профессор лавозимида ишлади.
Ўз олдига улкан мақсадларни қўйган Муҳаммад Абдуссалом ҳар қандай байрам, зиёфат, кўнгилхушлик ва тадбирлардан ўзини узлатга олиб, ўз устида қаттиқ ишлади.
1979 йилда Муҳаммад Абдуссалом физика соҳасига қўшган улкан ҳиссаси учун Нобель мукофоти билан тақдирланади.
Нобель мукофотининг тақдирлаш маросимида у шундай гапларни айтади: “Физика – бутун инсониятнинг умумий бойлигидир. Шарқ ва Ғарб ҳам, Шимол ва Жануб ҳам унда тенг ҳиссасини қўшган. Ислом динининг муқаддас Китоби Қуръони Каримда Аллоҳ шундай дейди: “(У) етти осмонни қатма-қат қилиб яратган зотдирки, сиз Раҳмоннинг яратишида бирор тафовут (нуқсон)ни кўрмайсиз. Бас, кўзингизни яна (самога) қайтарингчи, (унда) бирор ёриқни кўрармикансиз? Сўнгра кўзингизни қайта-қайта (самога) қаратинг, кўзингиз сизга хор ва толиққан ҳолда қайтур” (Мулк сураси, 3–4-оятлар). Барча физиклар учун бу қоида айни ҳақиқатдир. Қанча чуқурроқ излансак, қизиқишимиз шунча ортади, кўзларимиз шунча толиқади”.
Муҳаммад Абдуссалом қўлга киритган мукофотларнинг барчаси қуйидагилар:
1.Нобель мукофоти, 1979, Стокгольм
2.Ҳопкинс Мукофоти, 1957
3.Адамс мукофоти, 1958, Кембриж
4.Қироллик Жамияти ҳамкори, 1959
5.Смит мукофоти, 1950, Кембриж
6.Ситораи Покистон, 1959, Покистон
7.Ифтихор медали ва мукофоти, 1959
8.Максвел медали ва мукофотининг биринчи совриндори, 1961, Лондон
9.Ҳюз медали, 1964, Лондон
10.Атом – тинчлик учун мукофоти, 1968
11.Роберт Оппенгеймер хотира мукофоти, 1971, Маями
12.Гутри медали, 1976
13.Жаноб Деварпрасад Сарвадикари олтин медали, 1977, Калкутта
14.Матюси медали, 1978, Рим
15.Жон Торренс Тейт медали, 1978, Америка
16.Қироллик медали, 1978, Лондон
17.Нишони Имтиёз, 1979, Покистон
18.Эйнштейн медали, 1979, Париж
19.Шри Бирла мукофоти, 1979, Ҳиндистон
20.Андрес Белла ордени, 1980, Венесуела
21.Истиқлол ордени, 1980, Иордания
22.Кавалеро де Гран Крос ордени, 1980, Италия
23.Жосеф Стефан медали, 1980
24.Физикага қўшган ҳиссалари учун олтин медал, 1981, Прага
25.Тинчлик медали, 1981, Прага
26.Ломоносов олтин медали, 1983, СССР
27.Умберто Бианчамано мукофоти, 1986, Италия
28.Халқаро Тинчлик мукофоти, 1986, Бангладеш
29.Биринчи Эдинбург медали, 1988, Шотландия
30.“Женоа” миллатлар халқаро ривожланиши мукофоти, 1988, Италия
31.Шарафли Ритсар ордени, 1989, Британия
32.Каталония Халқаро мукофоти, 1990, Испания
33.Коплей медали, 1990, Лондон.
Интервьюлардан бирида унинг диндор эканлиги физика соҳасида илмий ишларни қилишга тўсқинлик қилган-қилмаганлиги ҳақида сўралганда, у шундай жавоб берган: “Йўқ, асло. Нега ундай бўлиши керак? Ислом дини инсонларни борлиқни ўрганишга, у ҳақида тафаккур қилишга, инсонларга манфаат келтиришга ундайди. Ислом дини доим илм-фанни қўллаб-қувватлаб келган”.
Муҳаммад Абдуссалом 1996 йилда 70 ёшида вафот этди.
Энди саволимга жавоб беринг-чи. Сиз фарзандингиз қайси йўлдан боришини хоҳлайсиз?
Ёлқин МУҚИМОВ
Ҳиндистонлик киши Малайзияда пандемиянинг иккинчи тўлқинига сабаб бўлиши мумкин
Байрутдаги портлаш сабабларини текширишда Интерпол вакиллари ҳам қатнашади