Келгуси йили Мордовия пойтахти – Саранскда Ислом марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Тадбир Волга Булгария халқларининг ислом динини расман қабул қилганлигининг 1100 йиллиги муносабати билан ўтказилади. Бу ҳақда Мордовия мусулмонлари диний бошқармаси раиси Илдуз Исҳақов Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Равил Ғайнутдин билан учрашувда маълум қилган. Бундан ташқари, Рузаевка қишлоғида ҳам шундай марказ қурилиши бошланган. Шу билан бир қаторда, маҳаллий мусулмонлар муфтий Ғайнутдинни келгуси йилда Татаристоннинг Свербейка қишлоғида бўлажак масжидга тош қўйиш тантанали маросимида иштирок этишга ҳам таклиф қилишган.
Мордовия мусулмонлари диний бошқармаси бошлиғи муфтийга бир қатор лойиҳаларни амалга оширишда қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирган. Шунингдек, Россия Федерацияси Мусулмонлар диний бошқармаси ҳомийлигида ўтказилган «Рамазони карим - 2021» ва «Қурбон байрами - 2021» умумроссия акциялари доирасида ёрдам тақсимоти ҳақида гапирган. Исҳақовнинг сўзларига кўра, ёрдамга муҳтож мусулмон жамоаларига керакли ёрдам берилган.
Шуниси эътиборга лойиқки, Мордовия пойтахтида аллақачон битта ислом маркази мавжуд бўлиб, у 2018 йилда очилган. Мусулмонлар маданияти муассасасида кутубхона, ислом маданияти музейи, анжуманлар зали, ўқув хоналари, болалар майдончаси, ахборот-нашриёт маркази, ижодий ривожлантириш маркази, ижтимоий овқатланиш хоналари жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин Уфа шаҳрида мусулмонлар диний ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувда сўзга чиқиб маданий-маърифий марказларни кўпайтиришга чақирган эди.