(давоми, боши бу ерда)
6. Ровийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлиги эътиборидан таржиҳ қилиш:
Бунда ровий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ бўганлиги боис у зотнинг сўзларини бошқалардан кўра эшитувчироқ ва билувчироқ бўлади.
Мисоли: Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг: أن النبي صلى الله عليه وسلم: أفرد بالحج “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифрод ҳаж қилдилар”, деб ривоят қилган ҳадисини Анас розияллоҳу анҳунинг: أن النبي صلى الله عليه وسلم: قرن أي بين الحج والعمرة “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қирон, яъни ҳаж ва умра ўртасини жамладилар” ривоятидан таржиҳ қилинади.
Татбиқ: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан: كنت تحت ناقة رسول الله صلى الله عليه وسلم فسال علي لعابها “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туяларини ёнида борар эдим. Туяниг сўлаги мени устимга оқиб тушди” дейилган ривоят бор. (Бундан Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин масофада бўлганлиги келиб чиқади). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлган киши у зотдан эшитганини забт қилувчироқ бўлади.
7. Ровийнинг адолатлиги машҳур эканлиги сабаб таржиҳ қилиш:
Бунда икки ҳадисдан бирининг ровийси адолат ва сиқалик билан машҳур бўлган, иккинчи ровийда эса бундай сифат бўлмайди ёки бири бошқасидан адолатда машҳурроқ бўлади. Натижада одил ва сиқанинг ривояти таржиҳ қилинган бўлади. Чунки бундай ривоятга нафс хотиржам бўлади ва унинг тўғрилигига бўлган ишонч кучлироқ саналади.
Мисоли: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳундан ривоят қилинган: أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: أَكْل كُلِّ ذِي نَابٍ مِنَ السِّبَاعِ حرام “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барча озиқ тишли йиртқичларни емоқлик ҳаромдир”, дедилар”, ҳадиси Абдураҳмон ибн Абу Аммор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: سألت جابر بن عبد الله عن الضبع أاكلها؟ قال نعم. قلت:أصيد هي؟ قال: نعم. قلت أسمعت ذلك من رسول الله صلى الله عليه و سلم؟ قال نعم “Жобир ибн Абдуллоҳдан сиртлон ҳақида “Уни еявераманми?” деб сўрадим. У: “Ҳа”, деди. Мен: “У овми?” дедим. У: “Ҳа”, деди. Мен: “Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганмисиз?” дедим. У: “Ҳа”, деди” ҳадисдан таржиҳ қилинади.
Татбиқ: Жобир розияллоҳу анҳунинг ҳадиси Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисига зид келди. Имом Ибн Абдулбарр Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг умумийлик билан ҳукм қилувчи ҳадисини таржиҳ қилган. Сабаби, Абдураҳмон ибн Абу Амморнинг ривояти ўзидан кўра ҳофизроқ ва собитроқ ровийнинг ривоятига мухолиф келган. Абдураҳмон ибн Абу Аммор ривоятни нақл қилишда ёлғиз ўзи бўлди. У илмни нақл қилишда машҳур эмас ва ривояти ўзидан кўра собитроқ кишининг ривоятига мухолиф келса, унинг ривояти билан ҳужжатланилмайди.
Дарҳақиқат, барча озиқ тишли йиртқичларни ейишдан қайтариқлар мутавотир йўллар билан ривоят қилинган. Мазкур ҳадисларни нафс хотиржам бўладиган даражада сиқа ровий имомлар ривоят қилишган. Улар Ибн Абу Амморнинг ҳадиси билан муъораза қилиниши мумкин эмас.
Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс
(Давоми бор)