Савол:
Ассалому алайкум. Мен кўпинча маъруза эшитаётган вақтимда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини жуда кўплаб эшитаман. Қизиқиб кетганимдан баъзида саловат айтаман, баъзида эса эсимдан чиқиб қолади. Шу ёдимдан чиқиб айтолмай қолган вақтимнинг ҳукми қандай бўлади? Олдиндан раҳмат, Аллоҳ рози бўлсин.
Жавоб:
Ваалайкум ассалом. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам исмлари зикр қилинган пайтда салавот айтиш масаласида уламолар ихтилоф қилишган. Жумҳур уламога кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш зикр, тасбиҳ ва ҳамд каби қурбат ва ибодат.
Уни умр бўйи бир марта айтиш вожиб. Ҳар вақт айтиб юриш мустаҳаб. Уни кўп айтиб юриш яхши амал. Пайғамбар алайҳиссалом айтганлар: "Ким менга бир марта салавот айтса, шу сабаб Аллоҳ унга ўн салавот айтади" (Муслим, Насаий, Термизий ва Абу Довудлар ривояти). Салавот айтишнинг фазилати ҳақида бундан бошқа кўплаб машҳур ҳадислар бор.
Аллома Абу Саъуд айтадилар: "Эҳтиётни олиш тақозо қиладиган ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг мартабаларини билишга ундайдиган иш шулки, у зотнинг юксак номлари зикр қилинганда салавот айтилсин!" ("Тафсиру Абис Саъуд").
Эслатиб ўтамиз, салавотнинг дуо, раҳмат, улуғлаш ва сано маънолари бор.
Аллоҳ янада билувчи.
Мубашшир Аҳмад