Саҳарлик ҳақида биламизми? Саҳарлик қилишнинг аҳамияти ва фазилатлари нималардан иборат?
Саҳарлик тановвули рўзадорларнинг имсоқ (субҳ)дан олдин, тундаги таомланиш вақтидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарликни канда қилмаганлар ва буни умматларига ҳам тавсия қилганлар.
Саҳарлик фазилати
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарликда баракот борлигини ифода этганлар ва саҳарликни мусулмонлар ҳамда аҳли китоб рўзалари орасидаги энг катта фарқлардан бири эканини таъкидлаганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳарлик билан боғлиқ сўз ва амалларидан келиб чиқиб, уламолар саҳарлик учун уйғониш ҳамда саҳарликни кечиктирмаслик суннат эканини айтганлар.
Саҳарлик - барака
Олимлар саҳарлик рўзадорга тоқат қувватини беришини, моддий ва маънавий баракотларга васила бўлишини таъкидлайдилар. Чунки банда саҳарликка туриш билан, саҳар вақтини уйғоқликда ўтказади ва бу пайтда дуо ҳамда истиғфор билан, жаннат аҳлининг хусусиятларига эришади. Бундай тарздаги маънавий лаззатлар билан бошланган рўза, яна-да комил ва яна-да завқу шавқ билан тутилади. Моддий-маънавий баракотларга тўла саҳарликка бефарқ қарамаслик, унутмаслигимиз керак.
Саноқли соатлардан сўнг саҳарлик дастурхони атрофида жамулжам йиғиладиган диндош биродарларим, қадрдонларим!
Рамазони шарифингиз муборак бўлсин! Сизу бизни хотиржам қалб ва ҳамжиҳатликда муборак Рамазонга етказган Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога дунёни тутиб турган зарралар миқдорича, самони ёритиб турган юлдузлар сонича, ер юзидаги жамики мусулмонлар олаётган нафаси саноғича ва ҳаттоки булардан-да зиёд ҳамду санолар бўлсин! Саҳарлик дастурхонига бу йил илк бора қўшилганларга қалбини иймон нури ёритгани муборак бўлсин! Саҳарлик, рўза ва Рамазон баракотлари хонадонингиз, дастурхонингиз ва қалбингизга мукаммал ёғилсин! Улуғ айём, муборак Рамазони шариф қутлуғ бўлсин, азизлар!
Умида АДИЗОВА