Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат ҳудудий яхлитлигига тўғридан-тўғри таҳдидларни айтиб ўтди, дея хабар беради 24.kg.
Давлат раҳбари ҳукумат мажлисида сўзлаган нутқида жорий йилнинг баҳорида Тожикистон билан чегарада можаро юзага келган Боткен вилоятидаги воқеалар фонида давлат яхлитлигига таҳдид яна пайдо бўлганини таъкидлади.
“Қўшни давлатлар билан чегаранинг тўлиқ келишилмаганлиги, айрим участкалар бўйича музокараларнинг мураккаблиги, Қирғизистоннинг стратегик транспорт инфратузилмаси қўшни давлатлар ҳудуди орқали ўтиши республика ҳудудий яхлитлигига бевосита таҳдиддир”, – деди Жапаров.
Қирғиз – тожик давлат чегараси вақти-вақти билан қарама-қаршилик зонасига айланиб бормоқда. Асосий сабаб – давлат чегарасининг делимитация қилинмаган участкалари.
Қирғизистоннинг Тожикистон билан умумий чегараси 972 километрни ташкил қилади, шундан 519 километри келишилган, 375 километри келишилмаган.