Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Садақаи жория

3476

Кунимиз ўтаяпти, уни ҳеч бир маблағ билан тўхтата олмаймиз. Ҳеч қандай илож йўқ. Қанчалик бой бўлсак ҳам, қандай катта мансабга эга бўлсак ҳам, тақвода қанчалик илғор бўлсак ҳам бир кунимизни на молу дунё билан, на фармону буйруқ билан ва на ижобатли дуо билан ўтаётган вақтимизни тўхтата ололмаймиз. 

Кунлар ўтаяпти, вақт бераҳмларча умримизни қилич каби кесиб ҳаммамизни ортда қолдирмоқда. Нима қиламиз, Олий кузатувчи бизларни умримизнинг охирида кутиб турмоқда. Қилган ҳар бир сониямизни сўрашга тайёр. Ҳар доим савобли ишларни қилишга қувватимиз, тоқатимиз етмайди. Бу тилсимнинг жавобини суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам очиб бердилар:

“Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради: садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд”.

Садақаи жория нима дегани? Савоби доимо оқиб турувчи хайрли иш. Халқ учун хизмат қиладиган манфаатли бирор нарса. Мисол учун, йўлни яқинлаштирадиган кўприк, бирор ерга сув етиб бормаган бўлса, ўша ерга сув қувури тортиш ёки газ етиб бормаган бўлса, газ қувури тортиш, ёки маҳаллангиз йўли талабга жавоб бермайдиган бўлса, уни тузатиш. Яна қурилган масжидларга таҳоратхона қуриш. Узоқ йўлларда ҳожатхоналар қуриш ва ҳоказо мана шуларнинг барчаси доимо савоби оқиб турувчи хайрли иш – садақаи жория дейилади.

Садақа нима дегани садақа сўзи сидқ сўзидан олинган. Яъни банда мана шу қилган иши билан ўзининг Аллоҳга бўлган садоқатини кўрсатади.

Ҳозирги пайтда бизларга берилган бойлик бу фақат охиратдаги амалларимизни кўпайтириш учун берилган бир имконият. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан сўраган эканлар: “эй мўминларнинг амири, биз Аллоҳдан бу дунё ва у дунё ҳақида қанчалик даражада сўрайлик? 

Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Қайси дунёда қанчалик қолишингиз қадар сўранглар” деб жавоб берган эканлар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

“Агар одам боласи ихтиёрида икки водий тўла олтин бўлса ҳам, у учинчисини истайди. Одам боласи кўзини фақат тупроқ тўлдиради, холос”.

Аллоҳ таоло бизларга яна бир имтиҳонини эслатмоқда:
“Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчидир”(Бақара, 264).

Абу Талҳа Мадинада ансорийларнинг энг моли кўп, бой кишиси эдилар. У кишининг бойликлари ичида энг яхши кўрган нарсалари “Байруҳо” номли қудуқ эди. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари олдида эди. У қудуқнинг суви жуда ҳам ширин бўлганлиги учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар ўтганларида ундан ичардилар. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу бу оят нозил бўлганини эшитиб, дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига югурдилар.

“Аллоҳ таоло Ўз китобида: “Яхши кўрган нарсаларингиздан хайру эҳсон қилиб бермагунингизча, ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз” демоқда, менинг учун молларимнинг энг маҳбуби “Байруҳо”дир. У Аллоҳ учун садақа бўлсин! Аллоҳ таоло ҳузурида унинг яхшилигини ва савоб захирасини умид қиламан. Ё Расулаллоҳ, уни нима хоҳласангиз, шундай қилинг” дедилар.

Ўлим фариштаси ҳар биримизнинг жонимизни олади, қабрда ёлғиз қоламиз, қиёматда ҳам ёлғиз қабрдан туриб жавоб берамиз. Узунлиги бир неча ўн йилга тенг умрни эмас, қиёматгача бўлган даврни эсланг, садақаи жорияни зиёда қилинг!

 

Хуршид АСЛАНБАЕВ, 
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи”
жоме масжиди имоми

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага