Туркманистон Соғлиқни сақлаш ва тиббий саноат вазирлиги шамол билан бирга мамлакат ҳудудига “касаллик қўзғатадиган зарарли моддалар” кириб келганини, шунинг учун ҳимоя ниқоби тақиб юриш кераклигини маълум қилди.
Вазирлик баёнотида айтилишича, охирги кунларда пойтахт Ашхобод ва вилоятларда ҳаво таркиби таҳлил қилинган. Мамлакатга жануби-шарқ, шимоли-шарқ ва шимолдан кириб келган ҳаво оқимида чанг миқдорининг кўплиги аниқланган, бу эса инсон саломатлигига, биринчи навбатда нафас олиш тизимига салбий таъсир қилиш мумкин.
Туркманистон шимолда Ўзбекистон ва Қозоғистон билан, жануби-шарқда эса Тожикистон в Афғонистон билан қўшни.
Соғлиқни сақлаш ва тиббий саноат вазирлиги аҳолига тиббий ниқобдан фойдаланишни тавсия қилиб, бу чангдан ва ўз навбатида касаллик қўзғатадиган моддалардан ҳимоя қилишини билдирди. Вазирлик тавсиялари орасида одамлар орасида камида бир метрлик масофа сақланиши, гигиена қоидаларига риоя қилиш кераклиги ҳам бор.
Вазирлик баёнотида коронавирус умуман эслаб ўтилмаган. Айни пайт Туркманистонда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг миссияси коронавирус билан боғлиқ вазиятни ўрганмоқда. Ҳозиргача миссия ҳеч қандай баёнот бергани йўқ.