Аввалроқ сайтимиз орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Қуръони каримни ўқитиш йўлга қўйилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Кўпчилик юртдошларимиз мазкур курсларда ўқиш истагини билдиришган ва марказга бориб, ҳужжат топширишган. Шулардан бири бўлган исмини ошкор қилишимизни истамаган аёл ҳужжат топшириш жараёнида бўлиб ўтган воқеаларни бизга «Қуръон курсидаги кечинмаларим...» сарлавҳаси остидаги мақола орқали тақдим қилган эди.
Куни кеча ижтимоий тармоқларда ушбу мақола ҳақида турли мулоҳазалар тарқалди. Аввало айтиб ўтмоқчимизки, мақолада муаллиф исмини ошкор этмаганимизнинг сабаби фитна учун эмас, балки, бир муслима аёлнинг исмини ошкор этиб муаммони катталаштирмаслик, фақатгина ижобий ечим излаш эди, холос.
Мақолага билдирилган фикрларни муаллифга етказдик. Албатта тез орада Қуръон курсига бориб, сабоқ олишни бошлашларига умид билдирамиз. Агар ҳасталиклари сабабли марказга бора олмаса, изоҳларда айтилганидек, якка тартибда, шифохонада даволаниш баробарида бепул сабоқ олишлари мумкин экан.
Яна шуни қўшимча қиламизки, юқорида келтирилган мақола муаллифи қабул жараёнларида уни рўйхатга олган ходимнинг барчасидан хабари бор эканини, ҳатто мақола чиққанидан кейин унга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрагани ва раҳмат айтганини билдирди. «Очиғи қўрқдим. Яхши маънода раҳмат айтдим ёки бошқа маънодами билолмадим», деган мақола муаллифи.
Шунингдек, у таҳририятга мазкур масала юзасидан қўлидан келганича ёрдам беришини қўшимча қилди.