Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Наманганда «Соқол тадбири» уюштирган ходимга қандай чора кўрилади?

9034

Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳар ички ишлар бўлими тезкор штаб раҳбарига тегишли экани айтилаётган овозли топшириқ аудиоси тарқалиб, кенг жамоатчиликнинг эътирозига, соқол қўйишни Имоми Аъзам (Ҳанафий) мазҳабига кўра вожиб деб биладиган мусулмонларнинг эса хавотир ва ғазабига сабаб бўлди.

Аудиода гапирган одам ўз қўл остидаги ходимларига ҳар бир бўлим 20 тадан соқолли фуқарони келтириб, расмга олиши, шунингдек соқолини олгандан сўнг ҳам расмга олиб, ёнига шахсий маълумотларини киритган ҳолда топшириши кераклиги айтилади. Шунингдек, бу топшириқ Ички ишлар вазирлигидан келган «меҳмонлар буни назоратга олган»ини қистириб ўтади.

«Ҳурматли ходимлар, «Соқол» тадбири бўйича ҳам… тезлаштириб қилиб берайлик. «Горотдел»дан сўраяпти, Ички ишлар вазирлигидан келган меҳмонлар буни назоратга олган. 
Ҳар битта «ГОМ»га 20 тадан соқоллини аниқлаб, соқоли билан расмга олиб, кейин соқоли олдирилгани ҳолатини ҳам расмга олиб, олдига маълумотини ёзасизлар: қаерда яшайди, нечанчи йилда туғилган, ким у?
Худди шундай қилиб тезлаштириб қилиб беришимиз керак. Ҳар битта «ГОМ»га 20 тадан [режа] берилган, бизда ҳали биттаям бўлгани йўқ. Кечқурун сўров бўлади, эътироз бўляпти, бўла қолинглар!»
– дейди буйруқ бераётган шахс.

Бу овозли ёзув «Azon.uz» икки ҳафтача аввал, аниқроғи 5 май куни келган. Мухбиримиз Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга дарҳол боғланди. У саволимизга қуйидаги жавобни берди.

«Ички ишлар органларида бундай номланадиган тадбир умуман йўқ. Соқол қўйиш ёки қўймаслик бу ҳар фуқаронинг ўзига, эътиқодига боғлиқ. Бунга аралашишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Овоз биз кимга тегишли эканлигини ўрганиб кўрамиз, шунга қараб иш тутамиз».

Мухбиримизнинг аниқлашича, мазкур овоз Наманган шаҳар ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ тезкор штаб раҳбари подполковник Яхëхон Джураевга тегишли экан. Шундан сўнг 6 май куни «Azon.uz» мухбири ушбу масалани яқиндан ўрганиш мақсадида Наманган вилоятига хизмат сафарига бориб келди.

Наманган вилояти ИИБ матбуот хизмати раҳбари Сардор Болтабоевнинг айтишича, мазкур аудио бошқарма бошлиқларини қаттиқ ғазаблантирган ва дарҳол Я.Джураев чақиртирилиб, обдон “тузланган”. Ортидан ушбу подполковникнинг хатти-ҳаракатларини ўрганиш учун хизмат текшируви белгиланган. То хизмат текшируви якунланиб, бирор қарор олинмагунига қадар бу ходимга нисбатан қандай чора кўрилишига оид бирор гап айтиш мумкин эмас.

Наманган вилояти ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Ривожиддин Якуббаев ҳам бўлиб ўтган ҳолатдан таассуф изҳор этди. 

«Гапнинг пўсткалласини айтадиган бўлсам, нафақат ички ишлар тизимида, балки бошқа раҳбарлар орасида ҳам бунақа бемаза буйруқ беришга юраги дов берадиган одам йўқ. Чунки бу Президентимиз олиб бораётган очиқлик, ошкоралик сиёсатига қарши. Қолаверса, мен Сизга буни очиқ айтишим мумкин, биз шуғулланаётган ва аниқлаётган жиноятчилар орасида соқоллилари деярли йўқ. Чунки унақа манфур кимсалар ўзига диққат тортмаслик учун соқол қўймаяпти. Мабодо бунақа буйруқ келадиган бўлса, тартиб бўйича биринчи бўлиб менга келиши керак. Аммо у ходим нимага бунақа деди, рости менинг ҳам ақлим етмаяпти. У ҳазил қилган бўлса керак», деди Р.Якуббаев.

Ушбу мақолани ўша пайтдаёқ эълон қилмадик. Сабаби, биргина ўзбошимча ходимнинг ножўя гаплари ортидан юртимиз мусулмонлари қалбига ғулғула солмаслик, охирги йиллари мамлакатимизда диний соҳада олиб борилаётган озми-кўпми ислоҳотларга шубҳа уйғотмаслик каби мулоҳазалар, энг асосийси, Наманган ИИБ раҳбариятининг ушбу ходимга нисбатан кўражак чорасини қўшиб беришни мақсад қилган эдик. Ҳозирча хизмат текшируви якунига етмабди.

Шу ўринда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга қуйидаги саволларга аниқлик киритиши учун расман сўровнома юбордик. 

  1. Ходимнинг ўзбошимча ҳаракат қилганини ҳамма, шу жумладан, Сиз ҳам таъкидладингиз. ИИВ томонидан сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотларга соя солишга сабабчи бўлган подполковникка нисбатан вазирлик томонидан қанақа чора кўрилиши мумкин?
  2. Я.Джураев масъул мансабдор шахс бўлгани ҳолда фуқароларнинг конституцион ҳуқуқига дахл қилди. Унинг иши судда кўриб чиқиладими?
  3. Унга нисбатан маъмурий ё жиноий иш очиладими?
  4. Ушбу саволларимизга жавоб олганимиздан сўнг яна бу масалага қайтамиз. Илло ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолиб кетиши яхши эмас.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил август ойида Тошкент шаҳридаги «Малика» бозоридан ўнлаб фуқаролар ИИБ биносига олиб кетилиб, мажбуран соқоллари олингани кенг жамоатчилик ва бутун дунё ОАВлари томонидан жиддий танқид қилинган эди.

Абдулазиз Муборак,
«Azon.uz» мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Бу тарбия эмас, жиноят!” – Наманганда ўқитувчи ўқувчини калтаклагани муҳокамалар марказида

1733 13:25 15.10.2022

Ўқитувчисига қўл кўтарган ўқувчининг ота-онасига чора кўрилди

3919 21:06 06.10.2022

Ахсида Марказий Осиёдаги энг нодир топилма музейга топширилди (фоторепортаж)

1451 15:50 06.10.2022

Ўқувчи устозига қўл кўтарди

2918 15:05 06.10.2022

Мубашшир Аҳмад: "Масжидлар Аллоҳ йўлида вақф қилинган маконлардир"

1213 16:58 09.09.2022

«Султон Увайс Қараний» зиёратгоҳидан ўғирлаб кетилган Қуръони Карим мусҳафи топилди

1565 10:50 19.08.2022
« Орқага