Норвегия пойтахти Ослода 2019 йилда янги туғилган чақалоқларга қўйилган эркаклар исми ичида энг таниқлилари аниқланиб, рўйхат тузилди. Бу ҳақда Islam.ru хабар берди.
Норвегиянинг Марказий статистика бюроси берган маълумотга кўра 2019 йил якунларига кўра пойтахтда энг кўп қўйилган исм Муҳаммад бўлди. Таъкидлаш ўринли, 11 йилдан бери Муҳаммад бу ерда энг таниқли исм деб топилмоқда.
Бутун Норвегия бўйлаб энг машҳур исм Якоб бўлди. Ундан кейинги ўринларда эса Лукас ва Филип исмлари турибди. Таъкидлаш ўринли, Норвегияда 20 фоиз ҳолатда “Инжил”да номи келтирилган, насронийлик динида муқаддас деб ҳисобланадиган исмлар қўйилади.
Муҳаммад исми 2017 йилда Швециянинг Мальмё шаҳрида туғилган чақалоқларга энг кўп қўйилган исм бўлганди. Худди шу йили Муҳаммад Буюк Британия ва Уэльсда энг машҳур ўн исмдан бири бўлганди.