– “Эй инсон! Сен замоннинг Юсуфисан, бу олам эса қудуқдир. Сени бу қудуқдан Аллоҳ таолонинг пишиқ арқони – Қуръони карим халос этади. Эй, замоннинг Юсуфи бўлмиш мусулмон! Қўлларингни узат ва бу арқонни маҳкам тут, шундагина қудуқдан чиқа оласан”. Жалолиддин Румийнинг бу ўгити ҳар биримизни Каломуллоҳни теран идрок этишга ундаши шубҳасиз. Қуръони карим тарғиботи йўлида камарбаста олим сифатида айтингчи, бугунги авлоднинг илоҳий каломни англаш даражасидан кўнглингиз тўладими? У фақат азаю маъракада тиловат қилинадиган, сандиқларда сақланадиган китоб бўлиб қолмаяптими?
– Негадир саволларингизнинг бари танқидий руҳда, пессимис тик кайфиятда. Шунинг учун бу гал бошқача оҳангда жавоб қилсам. Ҳақиқатан, Қуръони карим фақат ёдланадиган ва азамаъракаларда ўқиладиган Китоб эмас. У оламлар Парвардигорининг инсонларга юборган мукаммал қўлланмаси – ҳаёт дастуридир. Биз уни шундай деб қабул қилайлик. Ана шунда ёдлаган оятларимиз маъносини ўрганишга, мағзини чақишга киришамиз.
Чунки ҳамма нарсани билувчи Зот ўз оятларида қандай кўрсатмалар берганини билмоқ ҳам қарз, ҳам фарздир. Илоҳий кўрсатмаларни ўрганганимиздан кейин эса галдаги вазифа уларни ҳаётимизга татбиқ этиш бўлади. Агар биз шу тахлит саъйкўшиш кўрсатсак, қалбимиз тобора ёриша ва юмшай бошлайди. Зотан, илоҳий кўрсатмаларга риоя қилиш номаи аъмолга савоб, қалбга нур бағишлайди. Шу тариқа Қуръони каримнинг қолган қисмларини ҳам ўрганишга иштиёқ ортади.
Яратганнинг кўрсатмаларига амал қилган инсоннинг муаммолари гўзал шаклда ечилади, ҳаёти фаровонлашади ва кўнглига ҳаловат инади. Бу ҳам кишини Китобни қалбга жойлаш ва ўрганишга ундайди, албатта. Мана шу зайлда қалблар Қуръони каримга ошно бўлади. Қуръонга амал қилинмаяптику дея ёзғирмай, ҳар биримиз Аллоҳнинг Каломини бақадриҳол ўрганишга ҳаракат қилсак, муаммолар чекина боради, мурод ҳосил бўлади.
Суҳбатдош: Собиржон ЁҚУБОВ
Манба: “Тафаккур” журнали
Мубашшир Аҳмад: “Эволюция назариясини ботил таълимот деб ҳисоблайман!”