Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Мубашшир Аҳмад: «Ҳар соҳада билимли кадрлар етиштириш фарздир!»

1817

Динимизда фарзи айн ва фарзи кифоя деган тушунчалар бор.

Фарзи айн ҳар бир кишининг ўзига айнан буюрилган фарз амал. Масалан, илм фарзи айн. Ёш бола балоғатга етганда, зудлик билан намоз аҳкомларини ўрганиши лозим. Чунки бу унга фарзи айн. Ёки Рамазон келганда ғайридин исломга кирса, дарҳол рўза ҳукмларини ўрганиши керак. Бу унинг ҳаққида фарзи айн. Айнан ўзи ўрганиб, бу ҳукмларни ибодатда татбиқ қилиши лозим.

Савдогар баъй масалаларини ўрганиши керак бўлгани каби, бошқа соҳаларда ҳам ўзимизга керакли бўлган ҳукмларни ўрганишимиз айнан ҳар биримиз учун фарз. Чунки бу тўғрида Аллоҳ томонидан ҳар биримиз саволга тутиламиз.

Фарзи кифоя — уммат ё миллатдан муайян миқдордаги кишилар амал қилсалар, бошқалардан соқит бўладиган фарздир. Масалан, миллат ичида медицинанинг ҳар соҳасидан шифокорлар бўлиши фарзи кифоя. Мамлакатдаги хасталарнинг эҳтиёжини қондирадиган даражада шифокорлар бўлса, қолганлардан ушбу фарз соқит бўлади. Агар шифокор етарли бўлмаса, миллатнинг ҳаммаси гуноҳкор бўлади.

Ёки мамлакат мудофааси ва чегара ҳимояси учун етарли аскар етиштирилган бўлса, қолганлардан масъулият соқит бўлади. Акс ҳолда миллатдошлар ҳаммаси мудофаа ва ҳимояга бепарво бўлгани ва фарзни бажармагани учун жавобгар ҳисобланади. Бу ҳолатни ҳаётдаги ҳамма соҳага татбиқ қилиш мумкин.

Оиламиздан аёл киши хасталанса, аёл шифокор қидириб қоламиз. Аммо қизларимизни шифокорликка ўқитмаймиз. Қиз бола ўқиши шарт эмас, деймиз. Лекин керак бўлганда ўқимишли аёл мутахассисларга муҳтож бўлиб қоламиз. Бу тутумимиз билан ҳаммамиз гуноҳкор бўламиз. Бунинг ўрнига шаръий муҳитни яратган ҳолда қизларимизни тиббиётга ўқитишимиз фарз. Яхши слесар ёки усталар масаласида бошқа миллат хунармандларини мақтаймиз. Аммо фарзандларимизни замон касбларига ўқитмаймиз. Бу ишимиз билан миллатимиз муҳтож бўлган бу жиҳатда қолоққа айланамиз ва Аллоҳ олдида ҳам сўраламиз.

Мана яқинда АЭС қуриш масаласида ҳукуматимиз иш бошлади. Энди бизга етук физик, химик атомчилар керак. Шу пайтгача бу соҳадаги бепарволигимиз учун гуноҳкор бўлаётгандик.

Ёки исломий банк тизими ҳам жорий этилиши мумкинлиги ҳақида матбуотда хабарлар пайдо бўлди. Бу мақсад амалга ошиши учун динига амал қилган банкир ёки банк ишини чуқур билган диний олимлар керак. Демак, бу хусусдаги муаммоларни еча оладиган банкир ва олимларга жудаям муҳтожмиз. Бу мазкур соҳада бепарволик учун миллатнинг ҳаммаси гуноҳкор бўляпти, дегани.

Ўрни келганда диний билим юртлар талабаларига иқтисод, молия ва банк соҳаларида билимларини такомиллаштириш ёки шу йўналишда давом эттиришни маслаҳат берардим. Хусусан чет элларда таълим олаётган ватандошларимизда бунга катта имконият бор.

Хулоса қиладиган бўлсак, керакли миқдорда фарзи айн илмларни олгандан кейин, фарзандларимизни фарзи кифоя бўлган илмларга йўналтиришимиз лозим. Масалан, фарзандларимиз намоз, рўза ва закот илмларини ўрганиб, ўрганганларига амал қиладиган бўлгач, миллат ва мамлакат муҳтож бўлиб турган касб-хунарларга ва турли соҳаларга уларни йўллашимиз даркор.

Бизга динига амал қилган шифокор, ҳарбий, банкир, молиячи, тадбиркор, инженер ва муаллимлар жуда ҳам керак.

Агар биз бу жиҳатга эътибор бермасак, нафақат миллат ва Ватан олдида, балки Аллоҳнинг ҳузурида ҳам жиноятчи бўламиз.

 

Мубашшир Аҳмад

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага