Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Телеграм раҳбариятига мурожаати асосида журналист ва блогерларга туҳмат қилиб, уларни мунтазам обрўсизлантириб келган телеграм каналлар — “Қора мерган” ва “Снайпер блогер” блокланди.
14 апрель куни Комил Алламжонов Телеграм раҳбариятига мурожаати асосида журналист ва блогерларни обрўсизлантириб келган "Қора мерган" канали блоклангани ҳақида ёзган эди.
«Бунинг учун Google, Apple компанияларига ва шахсан Павел Дуровга катта раҳмат. Бизни мурожаатимизни беъэтибор қолдирмадингиз», деб ёзган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси.
Бугун, 16 апрелда журналист ва блогерларга провокация қилувчи канал "Снайпер блогер" блокланганини маълум қилди.
«Журналист ва блогерларнинг ашаддий душмани бўлган "Снайпер блогер" телеграм канали ҳам блокланди. Фейсбукдагиси ҳам тез кунда блокланади. Тозалаш ишлари давом этади. Агар янгиси очилса, уни ҳам тозалаймиз.
Кураш соғлом бўлиши керак! Ифлосликлар чарчатди», деб ёзди Комил Алламжонов.
Маълумот учун, ушбу аноним блог муаллиф(лар)и доимий тарзда журналист ва фаол блогерларга нисбатан ҳақиқатга мос келмайдиган, туҳмат, бўҳтон ва иғводан иборат маълумотларни тарқатиб келаётган эди.
Хусусан, 2021 йилнинг 27 феврал куни блог муаллиф(лар)и томонидан Kun.uz ва Azon.uz сайти маъмурлари ҳақида ҳам туҳмат, бўҳтон ва иғводан иборат ана шундай маълумотлар тарқатилганди.
Kun.uz сайти мухбирлари томонидан матбуот анжуманларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан, ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармасига юқоридаги канал муаллифларини топиш ва жавобгарликка тортиш ҳақида қилинган сўровлар эса фойда бермаган.