Сардоба сув омборидаги фалокат бўйича берилган расмий хабарларда кучли ёмғир ва шамол бунга сабаб бўлгани қайд этилди. Аммо кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бунга эътироз билдира бошлади, сарказм авж олди.
Хўш, сув омборлари конструкцияси қандай бўлиши керак? Йўлчи-мутахассис бу борада ўз мулоҳазаларини билдирган (https://t.me/autobahnconsulting/46). Мутахассис бўлгани учун унинг фикрларини сизлар билан бўлишишга қарор қилдик:
“Шу кунларда ҳамма Сардоба сув омборидаги ҳолат бўйича фикр билдирмоқда. Нима учун бу ҳолга келгани ҳаммани қизиқтириши табиий ҳол, албатта.
Одатта қандай холларда сув омборлари тўсиқлари ювилиб кетади? Иш фаолиятимда йўллар кўтармасини ювиб кетиш ҳолати кўп учраган. Сувлар ёқасида қурилган йўллар дарёлар ёки кўллар учун инспекторлик йўли сифатида фойдаланиш холатлари кўп учрайди. Кўп сув келиши, дарё узанларини тозаланмаслиги оқибатида йўл кўтармаларини ювиб кетади ва сув тошқини содир бўлади.
Сув омборлари тўсиқларининг ҳам одатда шунга ўхшашлиги бор. Кўп ҳолларда ёғингарчиликнинг меъёрдан ошиши ва тўхтовсизлиги тўсиқлар учун салбий ҳолатга олиб келади. Бундан ташқари, тўсиқлар учун асосий муаммолардан бири бу шамоллардир. Катта тезликдаги шамоллар сувнинг тўлқинланишига, тўлқинлар эса тўсиқларнинг ювилишига сабаб бўлиши мумкин.
Сардоба туманида содир бўлган ҳолатда ҳам айнан ёғингарчиликнинг кўпайиши ва шамолнинг катта тезликда бўлиш сабаби расмий кўрсатилганлигидан ҳам юқоридаги сабабларнинг тўғрилигини кўриш мумкин. Ҳақиқатан ҳам, шу кунларда республикамиз ҳудудида ёғаётган ёмғирнинг меъёридан ошиши ва шамолнинг тезлиги секундига 30 метрдан ортиши бу мамлакатимиз учун кам учрайдиган ҳолатдир. Метеорологларнинг фикрича, шамолнинг секундига 15 метрдан ортиши бу одатий ҳолатдан юқори саналади. Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам айнан 30-40 м/с бўлганини инобатга олсак Сардоба туманида ҳам шундай ҳолат юз бергани табиий.
Лекин бир савол келиб чиқади. Республикамида бундай сув омборлари бир дона эмас, қолаверса нисбатан ёши катта бўлган бошқа омборларда нима учун содир бўлмаган бу ҳолат айнан фойдаланишга 2017 йилда топширилган Сардоба сув омборида содир бўлди? Бу эса қурилиш технологиясини кўриб чиқишни тақозо этади.
Одатда сув омборлари тўсиқлари конструкцияси тупроқ кўтармасидан қурилиб, улар етарли даражада зичланиши талаб этилади. Шунингдек, тупроқ кўтармалари сув ювилиб кетишининг олдини олиш мақсадида бир қанча услублар билан мустаҳкамланади.
1. Темир-бетон билан мустаҳкамлаш. Бу услуб одатий услуб бўлиб, тўсиқнинг тупроқ кўтармаси арматура сетка билан мустахкамланган бетон ёрдамида мустаҳкамланади. Бу яхши услуб, лекин энг қиммати саналади;
2. Габион қутилар. Сим қутиларга маҳаллий тошлардан тўлғазилган қутилар ўзаро маҳкамаланиб, тупроқ кўтарма бағирларига териб чиқиш йўли билан мустаҳкамланади. Бу услубда ҳам тўсиқни ювиб кетиш эҳтимоли кескин камайши тажрибада кўп маротаба синалган.
3. Геомембраналар. Геотекстиль синфига кирувчи бу услубда кўтарма гилам сингари бўлган материал — геомембраналар билан тўшаб чиқилади. Замонавий бўлган ушбу услубда тўсиқларнинг ювилиш эҳтимоли нолга тенгдир.
4. Матрац (тўшак)лар. Матрацлар одатда турли бўлади. Энг кенг тарқагани ичига чиқиндилар билан тўлғазилган матрацлардир. Одатда сув тозалаш пунктларидаги чиқиндилар йиғилиб, керакли бўлган сув тўсиқларига олиб бориб тўсиқ сифатида фойдаланилади. Матрац тўсиқларнинг бузилиш эҳтимоли ҳам жуда кам.
Тўғри, бундай материаллар одатта бир мунча қимматга тушиши мумкин, бироқ келгусида содир бўлиши мумкин бўлган талофатларнинг олдини олишга кетувчи харажатларнинг олдида ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас...”