Бизга озор берган ёки ноҳақлик қилган инсонни кечириш ҳаётимизда қилишимиз энг қийин бўлган ишлардан бўлса керак. Бошқаларни кечира олиш, гарчи ички ҳолат саналса-да, шубҳасиз, инсон учун фойдали бўлиши мумкин.
Мусулмонлар сифатида биламизки, “ички” дейилганда нафақат руҳий саломатлик, балки маънавий ҳолат ҳам тушунилади. Қуйида кечиримлилик инсон қалби учун фойдали бўлиши мумкинлигининг тўрт йўли баён қилинган.
1. Кишига енгиллик бахш этади
Кимнидир афв этиш бу кишининг ўзи билан олиб борадиган курашидир. Чунки бунда инсоннинг ўзигина унга озор етказган кишининг сўзлари ёки хатти-ҳаракатлари қанчалик таъсир қилганини билади, бошқалар эса фақатгина далда бўлиши мумкин. Бизга озор етказган инсонни, гарчи кечиришга лойиқ эмас деб билсак ҳам, баъзан бу каби фикрларни миямиздан қувиб чиқариб, уни барибир кечиришимиз керак бўлади. Буни ўша киши учун эмас, балки ўзимиз учун ҳам қилишимиз керак.
Кечиримлилик ҳақида шундай машҳур гап бор: “Бошқа бир инсонни кечирмаслик худди заҳарни ўз танангга шимиб олиб, бошқасининг ўлим топишини кутишга ўхшайди.”
Ўзимиздан бошқа ҳеч ким биз афв этмаган ҳисларимиз туфайли ўзимиздан кўра кўпроқ зарар кўрмайди. Сиздан узр сўраб турган (сўрамаётган) киши аксарият ҳолларда сиз каби дили озор ёки изтироб чекмаслиги аниқ.
Биз ўз-ўзимизни зарарли ўй-фикрлар ва ҳис-туйғулардан халос этишга уринишга мажбурмиз, гарчи кўп ҳолларда бизни бундай ҳис қилишга бошқа бир инсон сабабчи бўлган бўлса-да, ўша инсонни афв этиш билан бунга эришишимиз мумкин.
2. Машаққатли йўлни танлаш демакдир
Гина сақлаб юриш ёки қасд олиш осон, аммо бошқаларни кечириш қийин. Бироқ бу ўша инсон характерининг кучли эканлигини кўрсатади ва унинг руҳан ўсишига ёрдам беради.
3. Ички ёвузликлар билан курашишда ёрдам беради
Инсонларнинг барчасида ожизлик бўлади, баъзиларимиз эса ҳатто биздан узр сўраган кишига нисбатан ҳам дилимиз оғриб юришга мойил бўламиз.
Бундай инсонларни қалбимизнинг туб-тубидан афв этишимиз қийин (шунчаки, “ҳечқиси йўқ” демасдан, ҳақиқатда ундай бўлмаса ҳам), аммо бу ўз ожизлигимизни енгишнинг самарали йўли ҳисобланади.
Кўпчилигимиз эса бошқаларга нисбатан кўпроқ ўз-ўзимизни кечирмасликка мойил бўламиз. Бу эса ўзимиз билан олиб борадиган энг оғир кечадиган курашлардан биридир.
Ўзимиз йўл қўйган хато-камчиликларга бўлган муносабатимизга келсак, ўз-ўзимизни кечира олишимиз ҳаётимизда камдан-кам нарсалар бизга бера оладиган ички хотиржамликни бахш этиши мумкин.
4. Аллоҳ таоло мағфиратига сазовор қилади
Бошқаларни афв этишимда менга ҳақиқатан ёрдам берадиган нарса шуки, мен ўз-ўзимга камчиликларимни ва бошқаларга ёки ўзимга озор етказган вақтларимни эслатаман. Шунга қарамай, Аллоҳ таоло мени афв этишидан умидворман, чунки У энг мағфиратли Зотдир.
Бироқ бошқаларни ҳатто афв этишни истамас эканман, қандай қилиб Аллоҳ таолодан энг оғир хато ва гуноҳларимни кечиришини кутишим мумкин?
Аллоҳ таоло айнан мана шу ҳолатни гўзал бир шаклда Ўз китоби бўлмиш Қуръонда шундай таърифлайди:
“...Бас, афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли зотдир” (Нур сураси, 22-оят).
Муаллиф: Б. Хон
Манба: patheos.com