(130-қисм 131-қисм 132-қисм 133-қисм 134-қисм 135-қисм 136-қисм 137-қисм 138-қисм 139-қисм 140-қисм 141-қисм 142-қисм 143-қисм 144-қисм)
Қасамнинг бадалини бериш ва қасам борасида сулҳ қилиш
25. Гумондор ўз қасамининг бадалини бериши ва у тўғрида сулҳ қилиши мумкин. Бунга “Обрўларингизни молларингиз билан ҳимоя қилинг”1011 ҳадиси далил бўлади. Яна Усмон розияллоҳу анҳунинг ўз қасамларининг бадалини берганлари ва: “(Қасамим) бир тақдирга (тақдирнинг аччиғига) тўғри келиб қолиб, одамларнинг “қасам ичувди, уқубатга дучор бўлди” ёки “бу қасамининг ёмонлиги” дейишлари дан қўрқдим”, деганлари ривоят қилинган. Ундан сўнг инкор қилувчи асло қасам ичмайди. Чунки у даъво борасидаги ҳаққини соқит қилди. Шунингдек, соҳиби карам инсонлар ҳам тақво юзасидан қасамдан тийиладилар. Аммо даъвогар аввал талаб қилиб, сўнг қасддан сулҳ ва тўловсиз қасамни соқит қилган бўлса, бу билан қасам соқит бўлмайди ва қасам ичира олади. Чунки қасам ичириш қозининг ҳуқуқидир1012.
Қасамни оғирлаштириш
26. Фақиҳларнинг иттифоқига кўра, қасамни оғирлаштириш жоиз. Бироқ фақиҳлар қасам нима билан оғирлаштирилиши борасида ихтилоф қилганлар.
Жумҳур фақиҳларнинг наздида ва ҳанафийларнинг бир қавлига кўра, замон, макон ва ҳолат билан қасам оғирлаштирилади. Бу хатарли нарсаларда амалга оширилади. Бунга никоҳ, талоқ, лион, валоят, ваколат ва нисобга етган мол мисол бўлади. Замон билан оғирлаштиришга асрдан кейин ҳамда иқомат ва азоннинг орасидаги вақт мисол бўлади. Макон билан бўлганига Макка аҳли учун Рукн билан Мақом ораси, Мадина аҳли учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбари олди, Макка ва Мадина аҳлидан бошқалар учун энг катта масжид бунинг мисоли бўлади. Ҳолат билан оғирлаштиришга мисол: баъзи уламоларнинг сўзларига кўра, Қиблага юзланган ҳолда, тик туриб қасам ичишдир.
Ҳанафий машойихларининг аксари қасам оғирлаштирилмайди, деганлар. Бир қавлда эса солиҳликда танилган инсонга қасам оғирлаштирилмайди, дейилган.
Ҳанафийлардан қасамни оғирлаштириш жоиз, деганларнинг баъзилари (оғирлаштириш) Аллоҳнинг сифатларидан бир сифатни зикр қилиш билан амалга оширилади, деганлар. Масалан, қози: “Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган, ғайбни ҳам, маълумликни ҳам билувчи, Раҳмон ва Раҳим бўлган, пинҳон билан ошкорадан бирдек огоҳ Аллоҳга қасамки, мана бу фалончининг фалон-фалон даъво қилаётган нарсаси ҳам, ундан бир бўлаги ҳам меннинг зиммамдаги нарса эмас”, деб қасам ичиради. Қози қасамни оғирлаштиришда бунга қўшимча қилиши ёки камайтириши мумкин. Ҳанафийларнинг наздида замон ва макон билан оғирлаштириш йўқ. Чунки мақсад кимнинг номи билан қасам ичилаётган бўлса, ўшани улуғлаш. Бу эса замон ва маконсиз ҳам ҳосил бўлади. Оғирлаштиришни вожиб қилиш қозига машаққат туғдиради. Зеро, барчанинг иттифоқига кўра, қасам ичирилаётган кимса (қасамнинг) оғирлаштирилган қисмидан бош тортса, қасамдан бош тортган ҳисобланмайди1013
1011 Бу ҳадисни Хатиб ўзининг Тарихида Абу Ҳурайрадан, у Оишадан ривоят қилган. Бу заифдир. Унинг тўлиғи қуйидагича: “Сўрадилар: Эй Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, қандай қилиб молларимиз билан обрўларимизни ҳимоя қиламиз? У зот: “Шоирга, тилидан қўрқадиганларингизга берасизлар”, дедилар”. Оиша розияллоҳу анҳодан Дайламий ҳам ривоят қилган. Муҳаммад Абдурроуф Муновий. Файзул Қодир шарҳул Жомеъис сағир. 3-ж. 560-б.
1012 Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 3-ж. 311-б. Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 8-ж. 324-б. Абдулкарим ибн Али Намла. Тайсиру масаилил фиқҳи Шарҳур Равзил мураббаъ. 4-ж. 404-б. Сулаймон ибн Муҳаммад Шофеъий Бужайримий. Ҳошиятул Бужайримий ъалал Хатиб. 4-ж. 350, 351-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 4-ж. 528, 529-б. Ибн Обидин. Раддул муҳтор ъалад Дуррил мухтор. 4-ж. 446-б.
1013 Зайниддин ибн Нажим Ҳанафий. Баҳрур роиқ шарҳу Канзид дақоиқ. 7-ж. 233-б. Ибн Фарҳун. Табсиратул ҳукком. 1-ж. 184- б. Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 8-ж. 330-б. Ибн Нажжор Фаттуҳий. Мунтаҳол иродот. 2-ж. 682-б.
“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган