(130-қисм 131-қисм 132-қисм 133-қисм 134-қисм 135-қисм 136-қисм 137-қисм 138-қисм 139-қисм 140-қисм 141-қисм 142-қисм)
Қасам (ямин)
16. Ямин сўзи луғатда “қувват”, “қудрат” деган маъноларни билдиради. Бундан ташқари, инсоннинг ўнг қўли, Ҳақ таолони тилга олиб онт ичиш ҳам “ямин” деб аталади. Аллоҳ номи билан қасам ичишни “ямин” деб аталишининг сабаби шундаки, хусуматнинг икки тарафидан бири у билан қувватланади999. Фақиҳларнинг иттифоқига кўра, қасам – қазонинг йўлларидан бири. У саҳиҳ даъводан сўнггина сўралади ва Аллоҳ номи билангина ичилади. Баъзи истиснолардан ташқари, хусуматчининг талаби билангина вужудга келади. Аниқ илм ва қатъийлик асосида бўлади. Баъзи масалалардан ташқари унда ўринбосар тайинланмайди. Одатда у хусуматни кесади, мусулмон учун ҳам, ғайри дин учун ҳам умуман унинг сийғаси бир. У қазо мажлисида қози ёки ҳакам қилинган киши томонидан сўралади1000.
17. Гумондор даъво қилувчининг ҳаққини инкор қилиб, даъвогар гувоҳ келтиролмаган пайт қасам сўралади. Бу ўринда қуйидагича тафсилот бор: ҳанафий мазҳабимиз ва моликийлар: “Баййина даъвогарга маълум, аммо у мажлисда ҳозир бўлмаган ҳолатда қасам талаб қилинади. Агар баййина узоқда бўлса ҳам қасам сўралади”, дейдилар. Бироқ даъвогар: “Шаҳарда мавжуд гувоҳларим бор. Лекин гумондордан қасам талаб қиламан” деса, бу борада Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа ва Таҳовийдан ривоят қилинган қавлга кўра, имом Муҳаммаднинг наздида, қасам талаб қилишга унинг ҳаққи йўқ. Чунки қасам гувоҳнинг ўрнига бадалдир. Абу Юсуф ва Хассофдан ривоят қилинган қавлга кўра, имом Муҳаммаднинг наздида, даъвогар қасам талаб қилишга ҳақли. Бу унинг ҳуқуқи бўлиб, талаб қилса, талаби қондирилади. Шофеъий ва ҳанбалийлар гувоҳлари мавжуд бўлса ҳам, даъвогар қасам талаб қилишга ҳақли, дейдилар. Чунки у баййина ҳозир қилиш билан қасам талаб этиш ўртасида ихтиёрли ҳисобланади. Шунингдек, ҳанафийлар: “Иқрор ҳам бўлмайман, инкор ҳам қилмайман”, деган гумондорга қасам ичирилмайди, балки иқрор бўлгунича ёки инкор қилгунича ҳибс этилади, деганлар. Абу Юсуфнинг сўзларига кўра, ҳеч қандай узрсиз индамай туриб олса ҳам худди шундай қилинади. “Бадоиус саноиъ”дан нақл қилинишича, бу борадаги тўғрироқ йўл – унинг бу иши инкор ҳисобланади ва унга қасам ичирилади1001. Қасам сўраш даъвогарнинг талаби билан қози томонидан амалга оширилади. Абу Юсуф тўрт масалани бундан истисно қилган. Уларда даъвогарнинг талабисиз ҳам қози қасам сўрайди. Биринчиси – молни айби туфайли қайтариб берганда. Бунда сотиб олувчи “Молни айби билан сотиб олишга рози бўлмаганман”, деб Аллоҳ номи билан қасам ичади. Иккинчиси – шафеъ (шуфъа талаб қилувчи) “Шуфъамни ботил қилмаганман”, деб Аллоҳ номи билан қасам ичади. Учинчиси – аёл киши ғойиб бўлган эридан белгиланган нафақани талаб қилса, “Эринг сенга ҳеч нарса қолдирмаган, нафақа ҳам бермаган”, деб Аллоҳ номи билан қасам ичтиради. Тўртинчиси – бировнинг қўлидаги мулкни “Меники”, деб бирор одам даъво қилганда ҳақдор уни “Сотмаганман”, деб Аллоҳ номи билан қасам ичади.
18. Ўликнинг зиммасидаги дайн борасидаги даъво:
Барча мазҳаб имомларининг ижмоъсига кўра, даъвогар гувоҳлик бериш билан бирга қасам ҳам ичади. Бу гумондорнинг талабисиз бўлади. Қози унга қуйидагича қасам ичиради: “Аллоҳга қасамки, қарздордан ҳақингни олмагансан, унинг номидан биров ҳам сенга қарзни тўламаган, қарзни сенинг номингдан (буйруғинг билан) биров ҳам олмаган, ҳақингни батамом ёки қисман кечиб ҳам юбормагансан, бировга иҳола (ўтказиб юбориш) ҳам қилмагансан, ҳузурингда ундан тўлиқ ёки бир қисм гаров ҳам йўқ”. Бу “изтизҳор қасами”, яъни “ойдинлик қасами”, “қазо қасами”, “истибро (ўзини оқлаш, зиммасидан соқит қилиш) қасами” деб ҳам номланади. Моликийлар айтади: ғойиб, етим, ҳибсдаги, мискинларга қарши ёки хайр-эҳсоннинг муайян турига қарши ёхуд байтулмол, бирор жониворга ҳақдорлик борасидаги даъволар мана шундай кўринишда бўлади. Баъзи уламолар бундай қасамнинг кўчмас мулкка оид низоларни ҳал этишга нисбатан ҳам лозим эканини зиёда қилганлар. Барча мазҳаб фақиҳлари қасам моллар ва молга алоқадор нарсаларда талаб этилишига иттифоқ этганлар1002.
19. Никоҳ, ражъат, ийло, истилод (чўридан фарзанд кўриш), қуллик, валийлик ва насабга оид ишларда қасам ичиришда ҳанафийлар ихтилоф қилганлар. Зикр қилинган масалаларда имом Абу Ҳанифа қасам ичириш йўқ, деган. Имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад қасам ичирилади, деганлар. Фатво иккисининг сўзларига берилган. Мол туфайли ўғрига қасам ичирилади. Қасамдан бош тортса, молга зомин бўлади. Бироқ қўли кесилмайди. Имом билан соҳибайн ўртасидаги юқорида зикр қилинган ихтилоф даъво қилинаётган ҳақ мол бўлмаган ўринда. Агар даъво молни ҳам ўз ичига олса, билиттифоқ, қасам ичирилади. Имом ва соҳибайн ўртасидаги никоҳ ва ундан кейинги масалалардаги қасам борасида мавжуд бўлган ихтилофга сабаб шуки, кишидан қасам ичиш талаб қилинса-ю, у бош тортса, даъвогарнинг фойдасига ҳукм чиқарилади. Қасамдан бош тортиш эса Имомнинг наздида, иқрор бўлиш ва тўлашни эҳтимол қилади. Ушбу ишларда эса тўлаш амалга ошмайди. Соҳибайннинг наздида эса қасамдан бош тортиш фақат иқрор ҳисобланади1003.
20. Фақиҳларнинг иттифоқига кўра, қасам даъвогарнинг гумондорга нисбатан даъвосини ботил этади. Яъни хусуматни ўша заҳотиёқ кесади. Бироқ фақиҳлар қасам билан хусумат мутлақо кесиладими, яъни агар гумондор қасам ичганидан сўнг даъвогар баййина топса, қайта даъво қилишга ҳаққи борми-йўқми, деган масалада ихтилоф қилганлар. Ҳанафий мазҳабимиздаги саҳиҳ қавлга кўра, ( шунингдек бу шофеъий ва ҳанбалийлар мазҳабининг ҳам қарашлари ҳисобланади) гумондорнинг қасами қасам пайтидагина хусуматни кесади. Даъвогар баййина топса, қайта хусумат қилиши мумкин. Чунки қасам – гувоҳ бўлмаганда қўлланиладиган чора. Гувоҳ топилганида қасам асосида чиқарилган ҳукм бекор бўлади. Зеро, ушбу уламолар қасам ўша пайтда хусуматни кесади, ҳақдан воз кечишни ифодаламайди, деб очиқ айтганлар. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасам ичган одамни шеригининг ҳаққидан воз кечишга буюрганлар1004. Шунга кўра, даъвогар гумондорни қасам ичирса-ю, сўнг қилган даъвосига икки гувоҳ келтирса ёки ўзи у билан бирга қасам ичиши учун битта гувоҳ топса, шунга ҳукм қилинади1005. Моликийлар мазҳаби, шунингдек, ҳанафийларнинг наздидаги бошқа қавлга кўра, қасам хусуматни мутлақ кесади1006.
21. Ўзи қилган иш борасида қасам ичиш қатъий бўлиши керак, яъни шундай эмас, деб қатъий айтиши лозим.
999 Мухторус сиҳоҳ.
1000 Ибн Обидин. Раддул муҳтор ъалад Дуррил мухтор. 4-б. 423-б. Абу Бакр ибн Масъуд Косоний Ҳанафий. Бадоиъус саноиъ. 8-ж. 3925-б. Аш-Шарҳус сағир. 4-ж. 210, 211-б. Сулаймон ибн Муҳаммад Шофеъий Бужайримий. Ҳошиятул Бужайримий ъалал Хатиб. 4-ж. 333-б. Ибн Қудома. Ал-Кофий. 3-ж. 484-б.
1001 Шарҳуд дурр. 4-ж. 423-б. Муҳаммад Арафа Дусуқий. Ҳошиятуд Дусуқий ъалаш Шарҳил кабир. “Ийсо Ҳалабий”. 4-ж. 130, 206- б. Ибн Фарҳун. Табсиратул ҳукком.1-ж. 171-б. Одобул қози. 182-б. Ибн Қудома. Ал-Муғний. 10-ж. 201-б.
1002 Ибн Обидин. Раддул муҳтор ъалад Дуррил мухтор. 4-ж. 423-б. Шиҳобиддин Қарофий. Ал-Фуруқ. 4-ж. 143-б. Ибн Фарҳун. Табсиратул ҳукком. 1-ж. 196-б. Ибн Нажжор Фаттуҳий. Мунтаҳол иродот. 2-ж. 680-б. Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 8-ж. 330-б.
1003 Ибн Обидин. Раддул муҳтор ъалад Дуррил мухтор. 4-ж. 423-б.
1004 Аҳмад, Насоий, Ҳоким Ибн Аббосдан ривоят қилганлар. Ибн Ҳазм ровийларидан бири туфайли ҳадисни иллатли, деган. Аҳмад Муҳаммад Шокир санади саҳиҳ, деган. Ибн Ҳажар Асқалоний. Талхисул ҳабир. 4-ж. 209-б. Имом Аҳмад. Муснади Аҳмад. 4-ж. 244-б.
1005 Муҳаммад ибн абил Аббос Шаҳобиддин Рамлий. Ниҳоятул муҳтож ила Шарҳил Минҳож. 8-ж. 335-б.
1006 Ибн Рушд. Бидоятул мужтаҳид. 2-ж. 505-б. Ибн Обидин. Раддул муҳтор ъалад Дуррил мухтор. 4-ж. 424-б.
“Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 2 февралдаги №1309 рақамли хулосаси асосида чоп этилган