Шахсан мен, қуйида санаб ўтилган, совет режими давридан оғир мерос бўлиб келаётган иккита асосий омилни – эҳтимолий душманнинг истихборот идоралари давлат ҳудудида деярли монесиз фаолият юритиши учун қулай шароит туғдиришига, турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар орасида жосуслар чиқишига сабаб бўлиши мумкин деб биламан.
Булар:
1. Маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, порахўрлик каби бир қатор иллатларни ўз ичига мужассам этган коррупция.
Келинг, фикрим тушунарлироқ бўлиши учун соддагина бир мисол келтириб ўтай.
Миллатидан қатъи назар, ҳали ҳаётий позицияси пухта шаклланмаган, ёшликдан Ўзбекистоннинг миллий мустақиллик ғояларига, юрт ҳукумати томонидан амалга оширилаётган бунёдкорлик ислоҳотларига нисбатан истеҳзо руҳида тарбия топган, кўкрагига авлиё Георгий тасмасини таққанча «Ўлмас полк» юришларида фаол иштирок этиб келган, оиласи болалигидан 23 февраль санасини – Ватан ҳимоячиси куни дея миясига қуйиб келган, Кауфман, Скобелев, Чернавин, Фрунзе каби ҳарбий жиноятчиларни «қаҳрамон аждод» сифатида таниб келган, узоқ-яқин қариндошлари чел элларда яшайдиган ёш йигитчани ёки қизчани муайян давлатнинг истихборот идораси ходимлари ёки ушбу идора манфаатларида хизмат қилаётган бешинчи колонна вакиллари ўз оталиғига олиб, юртимизнинг ёки хорижий давлатнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бирига ўқишга киришига яқиндан кўмак бериб, барча тўлов ва харажатларни ўз зиммасига олди.
Бунда, ўспирин ўзига нисбатан бирор-бир ёмонликни кўрмади, аксинча, муайян бир тор соҳанинг ноёб мутахассиси бўлиб етишишига кўмак бераётган хайрихоҳ амаки ёки аммалардан чексиз миннатдор бўлди.
Кечаги ёш йигитча ёки қизча ўқишни муваффақиятли тамомлаб, энди етук бир мутахассис кадр сифатида камол топди. Хайрихоҳ амаки ёки аммалар дарҳол унга ўзларини қизиқтирган завод, фабрика ёки муассасага ишга киришига «ёрдам беришди». Ва айни вақтда унга биринчи топшириқ, у ҳам бўлса, ушбу иш жойидаги раҳбарият таркибининг ишончини қозониш вазифаси берилди.
Бунинг учун у етарли миқдорда маблағ билан таъминланди. Зеро, пул бўлса чангалда шўрва, деган нақл бор. Корхонага ишга кирган янги ёш ходим дастлаб раҳбарият яқинида юрган тенгқурлари билан дўстлашиб, уларни тегишлича рағбатлантириб, бошлиқлар даврасига йўл қидиради ва ҳеч бир қийинчиликсиз топа билади.
Раҳбарият билан танишгач, уларни ҳам турли йўллар билан рағбатлантиришга киришади: дастлаб ресторанларда меҳмон қилади, майда-чуйда хизмати билан моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириб боради, турли совға-саломлар билан сийлайди, зинога мойил бўлса яна яхши, раҳбарга сирдош бўлиб, суюқоёқ аёллар билан таъминлайди ва ҳоказо. Бунда, ушбу суюқоёқ аёллар ҳам кўчадан тутиб келинган тўғри келган бузуқ аёллар эмас, балки муайян вазифа олган махсус хизмат ходимлари бўлиши мумкин.
Биринчи топшириқ бажарилди. Йигитча корхона бошлиғининг қадрдон дўстига айланди. Энди унга юртда гуркираётган маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, порахўрлик каби бир қатор иллатлардан моҳирона фойдалана биладиган хорижий истихборот идораси ходимлари иккинчи топшириқ – хизмат поғонаси бўйича ўсиш ва сир сақланаётган маълумотлар билан ушбу ҳомий амаки ёки аммаларини мунтазам таъминлаб бориш вазифаси берилади.
Етарлича маблағ билан таъминланган, шунингдек, хорижий банкларда ўз номига ёки ўша ерда яшаётган ишончли қариндошининг номига ҳисоб рақами очилиб, қўшимча даромад билан таъминлаб борилаётган ушбу ёш мутахассис дарҳол ишга киришади. Бошлиққа дурустроқ пора бериб, кўп ўтмай хизмат поғонаси бўйича ўса бошлайди ёки ташқарида қолган ҳомий амаки ёхуд аммалар тайинлаган лавозимга «ўтириш»га эришади. Йўлига тўғаноқ бўлган рақобатчилари эса киши билмас сабалар ила даф бўлиб боришади. Унинг жосуслик фаолияти шу тарзда токи кун ўтиб бир кун Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олингунча давом этиб бораверади.
Бу Ватан хоинини етиштириш бўйича узоқ чўзиладиган жўн бир мисол эди, холос. Коррупциядан моҳирона фойдалана биладиган истихборот идорасининг махсус хизматлари қўллайдиган вариантлар, таассуфки, жуда кўп.
2. Мен тиним билмай кўтариб келаётган мавзум – давлат тили ва расмий имлосининг бугунги аянчли аҳволи.
Мазкур таҳлилий мақолага доир материалларни ўрганиб чиқар эканман, жаҳоннинг турли истиҳборот идораларига қарашли махсус хизматларнинг тегишли юрт ҳудудида муваффақиятли фаолият юритишига яхшигина ғов бўладиган қизиқ бир фактга дуч келиб қолдим.
Гап шундаки, адоват руҳидаги истихборот идораларининг махсус хизматлари сингиб кирган юртларнинг айримларида ушбу хизмат ходимларининг маҳаллий давлат тилини билмаслиги ва юрт ҳудуди аниқ тасвирланган ишончли хариталар чоп этилмаслиги сабабли хорижий истиҳборот идоралари тегишли истиҳборот маълумотларини қўлга киритиш масаласида жиддий қийинчиликларга дуч келишар экан.
Биз анча йил муқаддам миллий мустақиллигимизни тиклашга тиклаб олдигу, бироқ тил масаласида мустақилликка эриша билмадик.
1991 йилдан буён ўтган вақт давомида рус тили юртимизнинг норасмий биринчи тили бўлиб келгани ҳеч кимга сир эмас. Зеро, миллий қонунларимиз лойиҳалари, уларга илова қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳрири аксарият ҳолларда дастлаб миллат менталитетига ёт саналган рус тилида тайёрлаб келинган. Бошқача қилиб айтадиган бўлсам, ҳамма ёғимиз катта очиқ қолиб, орамизда юрган эҳтимолий душман жосуслари тегишли ҳужжат қабул қилиниб, унинг ижроси якунига етгунча ҳар бир қадамимизни назорат қилиши, ўз раҳнамоларига милллий ҳужжатларимизни ҳали лойиҳалик ҳолатидаёқ таъминлаб бориши қийин кечмайдиган бир вазият ҳукм сурган.
Биз имломизни ўзгартириб, она тилимиз нуфузини оширишга ҳаракат қилиб борар эканмиз, душман ҳам тегишлича чоралар кўриб, бу масалада тўсиқлар қўйиб бораверди. Бешинчи колонна вакиллари лотин имлосига асосланган давлат тилининг равнақ топишига ҳар қандай йўл билан тўсқинлик қилиб, масаланинг ижобий ҳал қилинишини турли-туман баҳоналарни рўкач қилганча, узоққа чўзиб бораверди. Маҳаллий амалдорлардан ўрисча гапиришни талаб қилишга одатланган ички душманларимиз шу даражада сурбетлашиб кетдики, ҳатто ўз тилига давлат тили мақомини беришга уриниб ҳам кўришди.
Айтмоқчиманки, токи барча соҳаларда фақат ва фақат давлат тили ва унинг расмий имлоси қўлланишига, стратегик аҳамиятга эга барча корхоналар, давлат идоралари ва вазирликларда давлат тилини пухта биладиган ватанпарвар миллий кадрлар ишлашига эришмас эканмиз, давлат сирлари ва ҳарбий сирни тўлиқ сақлай билмай, ҳамма ёғимиз душман учун очиқ қолганча тураверади.
Хулоса тариқасида айтишим мумкинки, давлатимиз равнақи, мустақиллиги, ҳудудий дахлсизлиги, суверенитети пухта ва ишончли ҳимоя қилиниши учун давлат сири ва ҳарбий сирни кўз қорачиғидай сақлашимиз, юртимизда хорижий истихборот идораларига қарашли махсус хизматларнинг фаолият юритишини имкони борича қийинлаштиришимиз, фуқароларимизни, айниқса, ёшларимизни Ватанга садоқат руҳида қоғозда эмас, амалда ҳар ерда, ҳар қадамда тарбиялаб боришимиз, бунинг учун ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, бор имкониятларимизни ишга солишимиз, шу жумладан, миллий-диний тарбия омилларидан кенг фойдаланишимиз зарур.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Эҳтиром ила, Шокир Долимов,
Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси,
истеъфодаги подполковник