Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул таассуротлари: «Рамазон ойи қандай кутиб олинмоқда?»

1513

(1-қисм, 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм) (23-қисм)

Икки ойдан бери Истанбулдаман. Аммо “Таассурот” ҳикоясини давом эттира олмадим. Ё ҳафсалам бўлмади, ёки мавридини тополмадим, шекилли.

Таҳририят топшириғига кўра, Истанбулда муборак Рамазон ойи қандай кутиб олиниши ва ўтказилиши ҳақида репортаж ёзишим керак. Шу баҳона “таассурот”лар ҳам давом этадиган бўлди. 

Очиғини айтадиган бўлсам, муборак ой кириб келган илк кунлари шаҳарда бирон-бир ўзгариш сезилмади. Аввалги эшитилган ва ё ўқилган хабарлар таъсирида кўпроқ нарса кутганманми, десам, Истанбулга илк бора келган танишларим ҳам ана шундай кайфиятда: барибир Ўзбекистондаги шукуҳ бошқача эди, дейишди.

Бир турк танишимга қўнғироқ қилиб, муддаомни билдирдим. У кишининг айтишича, Аё София қаршисидаги Султон Аҳмад майдонида ва Эминўнидаги “Ени жамий” (Янги масжид) олдида, шунингдек, Фотиҳ, Ёвуз Султон Салим ва бошқа катта жоме масжидлари ҳовлисида ифторлик дастурхонлари ташкил этиларкан. Бозорларда нархларнинг тушишини, Рамазон ойи учун махсус чегирмалар бўлишини ҳам билдириб ўтди. 

Атай кўчага чиқдим. Айтилган жойларни айландим. Аммо бирон-бир ўзгаришга, Рамазон чодирларига кўзим тушмади. Фақат айрим масжидлардаги миноралар орасига “Рамазон муборак бўлсин!” ва бошқа диний калималар ёзиб қўйилганини айтмаса... Бозорларда ҳам ортиқча ўзгариш сезилмади. Аммо инсонлар бир-бирини Рамазон билан самимий табриклар, бу қутловлар саломдан кейинги каломга айланган эди...

Кечқурун таровиҳ бошланди. Фотиҳ масжидидаги жамоатни кўриб лол қолдим. Жума намозига ҳам шунча одам келмаган. Масжид хонақоҳи лиқ тўлиб, намозхонлар ташқаридаги ҳовлисидан ҳам жой эгаллаган эди. Хонақоҳнинг иккинчи қаватидаги жойлар аёллар билан тўлган, сиғмаганлари ҳовлининг ўнг томонига жойнамозларини тўшаб олганди. Болалар масжид ичида ва ташқарисида ўйнаб юрибди. Айримлари намоз ўқияпти, бир қисми ўз ўзи билан банд, шовқин солса ҳам биров эътибор бергани ёки эътироз билдиргани йўқ. Шу жиҳатларига қойил қолдим, турк қардошларимиз масжидга ёш болаларнинг келишини жуда хурсандчилик билан қабул қилар, уларнинг шовқинларига парво қилмас, боласини тинчитмоқчи бўлган оталарга “Бўш вер!” (Ўз ҳолига қўй, индама, бемалол юрсин) дея танбиҳ беришар экан. Ҳатто бир масжид кираверишига “Орқасида болалар кулгучи ёки йиғиси эшитилмайдиган жамоат ўз келажагидан хавотир олсин!” деган шиор ҳам ёзиб қўйишганини кўргандим. 

Бундан ташқари масжидга келган болажонларга бирор егулик, ширинлик, қанд тутқазилар, агар кимнингдир ёнида булар топилмаса, озроқ пул берар экан. Хуллас, жомега келган бирон-бир бола бунақа сийловдан четда қолмайди.

Масжиднинг катта ҳовлисида ҳам ҳаёт қайнайди: болалар велосипед ёки роликли конки учади, бундан ҳам қизиғи, айримлари ҳатто ростакам тўп тепади, югуради, елади, биров танбиҳ ёки дакки бермайди. Ҳайрон бўламан, намунча булар болаларини эркаламаса... Намозга кирмаган аёллар ўриндиқларда ёки майсалар устига мато солиб, “пикник” қилишяпти. Суҳбатларида Рамазон ва бошқа диний мавзулар қайнаётгани қулоққа чалиниб туради. Ушбу Фотиҳ жомесини Тошкент шаҳридаги Ҳастимом масжидига ўхшатдим. Катталиги ва шакли жиҳатидан... Масжиддан кўра халқ сайилгоҳига ўхшайди...

Имомнинг қироати шундай гўзалки... Таровиҳ намозини жуда тез ўқишар экан. Ёшлигимизда масжидларимизда шунақа тезроқ ўқиларди. Ўша даврларни эсимга тушиб кетди. Афсуски... Қишлоғимиздаги камида икки юз йиллик масжид беркитилганига ҳам йигирма йилдан ошди. Ҳамқишлоқларим ҳозирда “саккизта қишлоқ учун кифоя” дейилган “Яндама” масжидига боришади. У масжиднинг умумий майдони атиги олти сотихдан иборат, холос. Эшитишимча, таровиҳ намозларида жамоат масжид атрофидаги кўчаларни тўлдириб ўтирибди экан. Бошқа қишлоқлардаги тайёр масжидлар ҳам ҳувиллаб ётибди. Шуларни ўйлаб юрагим эзилди. Иншааллоҳ бизда ҳам халқ эҳтиёжига яраша масжидлар очиш вақти келсин, тезроқ келсин деб дуолар қилдим...

Истанбулда Рамазон шукуҳини излашда давом этаман. Ҳамма мақтаган Рамазон икромлари, Рамазон чодирлари кўринай демасди. Якшанба куни атай Аё Софияга, Султон Аҳмад майдонига бордим. Аммо у ерда ҳам ҳеч гап йўқ. Пандемия туфайли шундай қарорга келинган, шекилли, деган хаёлга ҳам бордим.

Қайтишда, йўлда ўқиб қолдим: Жумҳурият партияси сайтида хабар берилишича, Фотиҳ тумани ҳокимлиги Султон Аҳмад майдони ЮНЕСКО томонидан жаҳон меъморлик обидалари рўйхатига киритилгани, Ени жамий (Янги масжид) майдони ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлгани учун Рамазон чодирлари ташкил этишга рухсат берилмабди. 

Ҳамроҳларимнинг жамоат транспортида кўнгли беҳузур бўлаётгани сабабидан пиёда қайтишга тўғри келди. Кеч қолиб, йўлда “оғиз очиш”га тўғри келди. Бир дўкондан озгина ширинлик олай деб ўн лира узатдим. Уни асал қориштирилган бўғирсоқ деб таърифлашим мумкин. Шунчалик ширин бўлса ҳам еб тугата олмадик. Кейин яхшилаб ўйласам, баққол ифторлик учун олаётганимни англаб, анча ҳиммат қилган экан. Аллоҳ рози бўлсин. Йўлда келаётиб бир ҳолат диққатимни тортди. Аксар дўкондорлар, сотувчилар ифторлик қилиб ўтирарди. Бунга жуда кўп марта гувоҳ бўлдим.

Маҳалла ораларидаги деярли барча емакхоналар ишламаяпти, фақат сайёҳлар юрадиган жойлардаги кафе ва ресторанларни инобатга олмаса... Бу ҳолатга ўн йиллар аввал Ўзбекистонда фақатгина Наманган вилоятидаги Косонсой шаҳрида гувоҳ бўлганман. Рўза пайти кундузи барча ошхоналар ишламайди. Фақат ифторликка келиб рўзадор ва бошқа хўрандалар билан тўлади. Айрим ташкилотлар ошхона эгаларига “солиқ-газ-свет-сув-СЭС” каби ташкилотлар орқали отнинг калласидай жарима солиб ҳам ишлаттира олмаган. Марказий шифохона олдидаги кабобчилар эҳтиёж юзасидан навбатма-навбат ишлар экан, холос. Ҳозир ҳам шундай. Ҳақиқий Рамазон шукуҳидан баҳраманд бўлмоқчи бўлсангиз, Косонсойга боринг...

Яна бир эътиборга молик жиҳат. Бир танишим менга алоқага чиқиб, Туркиядаги талабаларнинг ифторлиги ва саҳарлигига ёрдам беришини, шунга эҳтиёжи борлар бўлса, юз нафаргача талабага икром қилиш имкони борлигини айтди. Талабалар билан “шуғулланадиган” танишим, Бутун жаҳон талабалар ташкилотининг Туркиядаги вакили Эргаш Жумаевга боғланиб, ниятни англатдим. Унинг жавоби мени хурсанд қилди. “Ака, рўза пайти талабаларнинг бирортаси саҳарлик ва ифторликсиз қолмайди. Қардошларимиз бу ойда шунақа серҳиммат бўлиб кетишадики... Ўзим ҳам бирор кун талабаларга ифторлик қилиб берай десам, навбат етмаяпти”, дейди.

Демак, бир қарашда Истанбулдаги Рамазон шукуҳини “кўриб” бўлмас экан, у ҳам рўза каби яширин экан деган хулосага келдим. 

Нима ҳақида ёзишни билмай юргандим, Фотиҳ масжиди ҳовлисига чодирлар тикилаётганини кўриб қолдим. Бир кишидан нима учун чодир тикланаётганини сўрадим. Унинг айтишича, ифторликлар учун рухсат йўқ, аммо китоб кўргазмаси ташкил этишмоқчи экан. Бу ҳам яхши янгилик дедим ўз-ўзимга.

Кечки пайт “Исмоил оға” масжидига бордик. Ифторлик берилаётган экан, навбатга турдим. Асосан хорижлик талабалар, араб муҳожирлари келибди. Ерлик аҳоли вакиллари ҳам бор. Масжиддаги саҳнга бир марталик қоғоз-дастурхон ёзилибди. Бир марта ишлатиладиган идишга озгина шўрва, турк палови ва икки бўлак ширинлик солиб беришди. Дастурхонга сув, нон, булочка, хурмо, айрон қўйилган. Ёнимда ўтирган йигит Муҳаммад Амин қозоғистонлик экан. Қуръон курси талабаси... Унинг ёнидаги киши ҳам асли бухоролик бўлган муҳожирларнинг авлодларидан бўлиб чиқди, ота бобоси юз йиллар аввал бориб қолган. Азон айтилиши билан оғиз очдик. Овқат жудаям мазали, ширинлик эса тилни ёрар даражада тотли. Овқат тарқатаётган киши “Ким егиси келса, тортинмай келаверсин, бемалол” деб чақириб ётибди. Ҳар куни тахминан беш минг кишига дастурхон ёзишяпти. Қойил... Ифторликни тугатиб, масжидга шом намозини адо этиш учун кирдим. Жамоатга улгурдим. Билишимча, ҳамма қоринни тўйдириб, кейин намоз ўқишар экан...

Беш кун ичида чиқарган хулосам шу бўлдики, Туркияда Рамазон нашидаси сокин, аммо сурурли. Асосийси, рўза тутадиган одамларнинг фоизи мен ўйлаганимдан кўра кўпроқ бўлиб чиқди. Авваллари ҳам эътибор бергандим, тв орқали эфирга узатилаётган сериалларнинг Рамазон ойига тўғри келадиган қисмида албатта ифторлик ва саҳарлик саҳналари бўлади, бирор ёмон иш қилмоқчи бўлган одамга “Шундай муборак ойда-я?!” дея эътироз билдирилади. 

Фақат аксарият масжидларида хатми таровиҳ бўладиган Ўзбекистонда ростдан ҳам муборак ойнинг сурури бошқачароқ, завқлироқдай туюлди менга. Аммо, айтишганидек, ҳар гулнинг ўз ифори бўлади. Начора, таассуротларимиз якунланмади, ҳозирча кузатишда давом этамиз...

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири, 

Истанбул

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага