Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Исроил ва Саудия қуруқликдаги кўприк устида иш бошлади

3645

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Ал-Монитор нашрига мамлакатни Саудия Арабистони билан боғловчи савдо йўлаги лойиҳаси устида иш бошланганини ва бу лойиҳа ҳар қандай вазиятда ҳам тўхтаб қолмаслигини айтди. Лойиҳа БАА, Исроил, Иордания ва Саудия Арабистони ўртасида машиналарда юк ташишни осонлаштиради.
Исроил ва АҚШ Форс кўрфазидан тўғридан-тўғри Исроилнинг денгиз портларига олиб борадиган ва Иордания, Исроил, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликларини боғлайдиган қуруқликдаги узлуксиз савдо кўпригини қуриш режаси устида ишламоқда.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лиор Хаят ҳукумат БААда бошланиб, Саудия Арабистонидан ўтиб, сўнгра Исроил денгиз портларида тугайдиган лойиҳа устида ишлаётганини тасдиқлади. Кейинчалик уни Баҳрайн ва Уммонга кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Исроил бир неча Форс кўрфази давлатлари билан Иброҳим келишувларини имзолаганидан уч йил ўтиб, Саудия Арабистони Исроил билан алоқаларни тиклашга ҳаракат қилинаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коен май ойида Ал-Мониторга берган интервюсида икки давлат йил охиригача алоқаларни тиклашга  эришиши мумкинлигини айтди.
Саудия Арабистони Иброҳим келишувлари иштирокчиси бўлмаса-да, у Исроил авиакомпанияларига БАА, Баҳрайнга  парвозлар учун ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат берди. 
Режалаштирилган бу кўприк қанчалик савдони осонлаштириши мумкинлиги ҳақидаги саволга Хаят, "Бу Араб кўрфази ва Ўрта ер денгизи ўртасидаги савдони тезроқ ва арзонлаштириш имконини беради", деди.
Ҳозирда юк ташувчи машиналар Исроил ва Форс кўрфази ўртасида Иорданиянинг Ғарбий соҳилидаги Ерихо шаҳрини Иордания билан боғлайдиган Алленби кўпригидан ўтиши мумкин, бироқ улар ҳайдовчилар учун  тўловлар ва ҳужжатларни расмийлаштириш каби бюрократик тартиб-қоидалар туфайли кўп вақтларини сарфлаши мумкин. Вақтни тежаш учун товарларни Сувайш канали орқали, кейин эса Европа портларига жўнатиш ҳам мумкин лекин бу йўл  қиммат.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ва АҚШ ҳукумати томонидан ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, янги савдо кўприги юк ташиш харажатларини 20 фоизгача тежаши ва савдони бир неча ҳафтадан икки ёки уч кунгача тезлаштириши мумкин.

© AzonUZ

УЛАШИНГ:

« Орқага