Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Исроил полицияси яна бир фаластинликни ўлдирди

1571

Исроилнинг ноқонуний деб ҳисобланаётган аҳоли пунктига ўт очгани ва камида олти кишини яралагани даъвоси билан бир фаластинлик исроиллик полициячи томонидан отиб ўлдирилган.

Отишма сешанба куни босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги, Исроилнинг кенг тарқалган Маале Адумим аҳоли пунктидаги савдо маркази олдида содир бўлди.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги отишмада гумонланувчи шахсни Ғарбий Соҳил яқинидаги шаҳарчада яшовчи 20 ёшли Муҳаммад ал-Мазраа эканлигини аниқлади.

Исроил полициясининг хабар беришича, қуролланган шахс Исроил кучлари томонидан отиб ўлдирилишидан олдин, исроилликларга ўт очган ва бир неча кишини яралаган.

Шунигдек, Исроил аҳоли пунктлари Исроил-Фаластин можароси ва зўравонликлари сабабли, тез-тез отишмалар бўлиб турувчи ҳудуд эканлигини айтиб ўтилган.

"Бу аҳоли пунктлари, нафақат, ноқонуний ҳисобланади, балки фаластинликлар уларни Фаластин ерларига бостириб кираётган мустамлакачиликнинг бир кўриниши деб билишади", деди Al Jazeeraнинг мазкур ҳудуддаги махсус мухбири Хон.

2007 йилдан бери, Ғазо секторини бошқариб келаётган "ҲАМАС" ҳаракати ҳужумни «қаҳрамонлик» дея олқишлади, аммо жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

Исроилнинг ўта ўнгчи миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир отишмалардан кўп ўтмай, воқеа жойига етиб келди. Сешанба куни эрталаб, Бен-Гвир ўнлаб бошқа исроиллик кўчманчилар билан бирга, босиб олинган Шарқий Қуддусдаги ал-Ақсо масжидига бостириб кирди.

Исроил ишғол қилган Ғарбий Соҳилда, жанглар ўтган йил бошида, Исроил Ғарбий Соҳилдаги Фаластин ҳудудларига тунда рейдлар бошлаганидан кейин кучайган. Фаластиннинг исроилликларга қарши ҳужумлари ҳам кучайди.

Фаластин ва Исроил матбуоти Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху ва Мудофаа вазири Ёав Галлантнинг Ғарбий Соҳилдаги хавфсизлик ҳолатини кузатиб бораётганини хабар қилди.

Бу йил Ғазода 200 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Ушбу ҳалокатларнинг аксарияти Ғарбий Соҳилда қайд этилган.

Шу вақтгача, Фаластиннинг исроилликларга қарши уюштирган ҳужумларида камида 26 киши ҳалок бўлди.

Бу рақамлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2005 йилда ҳалок бўлганлар ҳисобини юрита бошлаганидан бери, 2023 йил Ғарбий Соҳилдаги фаластинликлар учун энг ҳалокатли йил эканлигини кўрсатади.

Бундан аввал эса, 2022 йил энг ҳалокатли йил бўлган. Шунигдек, БМТ маълумотларига кўра, 150 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, улардан 33 нафари вояга етмаганлар эди. Бу Ғарбий Соҳилда ҳалок бўлганлар сонининг кетма-кет олтинчи йил энг юқори поғонага кўтарилишидир ва ҳудудга деярли ҳар куни рейдлар бўлаётганини кўрсатади.

Ўтган йили қурбонлар сонининг ортиб бораётгани, БМТ экспертларини фаластинликларга қилинган муомалани, жумладан, уларнинг уйларига қилинган ҳужумларни ва мулкларини вайрон қилишни тўхтатиш учун баёнотлар беришга ундади.

Исроил Ғазо сектори ва Шарқий Қуддус билан бирга, 1967 йилги Яқин Шарқ урушида Ғарбий Соҳилни эгаллаб олди. Фаластинликлар бу ҳудудларни ўзлари орзу қилган мустақил давлат учун асрашга ҳаракат қилмоқдалар.

УЛАШИНГ:

« Орқага