Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Ислом молияси қимматли қоғозлари — Сукук бўйича қонуний асос яратилмоқда

1064

Молия вазирлигида жорий йилнинг 30 июнь куни Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастури ва Ислом тараққиёт банки ҳамкорликда “Сукук” ҳамда “Яшил сукук” қимматли қоғозларини Ўзбекистонда жорий қилиш бўйича қонуний асосларни яратиш концепцияси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков, Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска, Ислом тараққиёт банки вакили Яҳё Раҳмон давра суҳбати иштирокчиларига мурожаат қилдилар. Жумладан, Ўзбекистонда капитал бозорини такомиллаштиришда Ислом молияси йўналиши бўлган Сукук қимматли қоғозлари самарали воситага айланиши мумкинлиги таъкидланди.

Муҳокамада Молия вазирлиги Капитал бозорларини ривожлантириш департаменти директори Сарварбек Аҳмедов мамлакатда капитал бозорларини ривожлантириш концепцияси ҳукумат томонидан олиб борилаётган ишлар ва унда халқаро ташкилотлар билан ўрнатилган ҳамкорлик тўғрисида маълумот берди. Лойиҳага жалб қилинган  "White&Case" халқаро юридик компания вакили Дебашис Дей Сукукларни жорий қилишда халқаро қонунчилик тажрибаси билан таништирди. Маҳаллий ҳуқуқшунослик компанияси вакили Илҳом Азизов эса жаҳон тажрибасидаги илғор амалиётларни Ўзбекистонда жорий қилишда қонунчиликдаги зарурий ўзгаришлар, хусусан, инвесторлар ва сукук чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи қулай муҳит яратиш масалалари бўйича тақдимотни амалга оширди.

Давра суҳбатида Сукук чиқаришда шариат меъёрларига амал қилиш муҳимлиги таъкидланди. Тадбирда қатнашган Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили бу ишда Ўзбекистон уламолари ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги “Капитал бозорини янада ривожлантириш тўғрисида”ги ПФ-6207-сон Фармони билан тасдиқланган 2021-2022 йилларда капитал бозорини янада ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 6 ва 7 бандларида Ислом молиялаштириш тамойиллари асосида Исломий қимматли қоғозларни жорий этиш белгиланган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

 Ислом молияси афсонами? 

1477 13:40 10.07.2022

Ислом молияси бўйича нуфузли халқаро ташкилот Ўзбекистон билан ҳамкорлик ўрнатди

1296 10:39 24.05.2022

Ислом молия муассасаларининг шариат кенгашлари йиғилиши ўтказилади

1431 10:35 15.05.2022

Ислом молиясининг Ўзбекистон учун аҳамияти — Ислом тараққиёт банки ходими билан суҳбат

1422 16:05 11.04.2022

Рамазонни муваффақиятли ўтказиш учун молиявий маслаҳатлар

1988 19:30 01.04.2022
« Орқага