Юртимиз аҳолисининг диний-маърифий эҳтиёжларини қондириш йўлида бир қатор хайрли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Мана шундай ишларнинг узвий давоми сифатида Қуръони каримга мухлис халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Қуръон тажвидини ўргатиш» бўлими очилди. Бу ҳақда ЎМИ расмий сайтида зълон қилинди.
Ушбу бўлим Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари, илмий мактаблар, тадқиқот марказлари, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида фаолият юритаётган “Қуръони карим ва тажвид” курсларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, бошқариш ва ривожлантириш каби ишлар билан шуғулланади.
Шунингдек, “Қуръони карим ва тажвид” курслари устозларини тайёрлаш, мавжудларини суҳбатдан ўтказиш, уларнинг маҳоратларини тизимли ошириб бориш ва Қуръон таълимини ўргатишдаги энг илғор услубларни қўллашда амалий кўмак беради.
Президентимизнинг “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу – муваффақият бўлади. Элимизга нур келади!”, деган эдилар.
Мана шу юксак эътироф сабаб юртимизда Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш борасида жуда кенг кўламда ишлар амалга оширилди. Айниқса, Қорилар мусобақалари ўтказилиши, Мусҳафи Шариф чоп этилиши, Қуръон ва тажвид курслари фаолияти кенгайиши ва қироат илмлари кенг тадқиқ этилиши, хусусан, мазкур янги бўлим ташкил этилиши фикримизни янада қўллаб-қувватлайди.