Истиғфор бошга тушган бало-офатлар аришига, азобнинг кўтарилишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундай деган: “Улар: “Эй Аллоҳ! Агар шу (Қуръон) сенинг ҳузурингдан экани ҳақ бўлса, (майли) устимизга самодан тош ёғдир ёки бизга аламли азоб келтир”, деганларини эсланг! Ораларида Сиз бўлатуриб, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобловчи эмас. Истиғфор айтиб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас!” (Анфол сураси, 32-33-оятлар).
Ривоят қилинишича, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Қўлида нажот калити бўлатуриб ҳалокатга учраган одамга ҳайронман!” деди. Шунда: “Нажот калити нима?” деб сўралди. Ҳазрат Али: “Истиғфор”, деб жавоб берди (Манба: “Уюнул ахбор”).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимда-ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ ўша (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвишдан қутулиш, тангликдан чиқиш йўлини (пайдо) қилади, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради” (Абу Довуд, Аҳмад, Табароний, Ҳоким ривоят қилган).
Шунинг учун “Астағфируллоҳа ва атувбу илайҳ” (яъни, Аллоҳдан гуноҳларимни кечиришини сўрайман, У Зотга тавба қиламан) деб кўп-кўп истиғфор айтсак, Аллоҳ бошимиздаги мусибатларни аритади, касалликларга шифо беради, мушкилимиз осон бўлади. Буни ўзимиз айтайлик, яқинларимизга ҳам тушунтирайлик. Ҳаммамиз биргалашиб юзтами, мингтами, миллионтами, қанча бўлса ҳам имконимиз борича, ҳар куни истиғфор айтишни канда қилмайлик. Бугун шунга муҳтожмиз.
Инсоният бирон чора қилишдан ожиз қолаётганида, қўлида нажот калити турганида бундан фойдаланмасак бўлмайди.
Аллоҳ розилиги учун, миллат учун, мушкиллардан чиқиб кетишимиз учун бунга беэътибор бўлманг. Яқинларингизга тарқатинг азизлар! Биргалашиб истиғфор айтайлик!
Зиёвуддин РАҲИМ