Кузатишимча, ўз юртида ўз она тилини ҳимоя қилган «Кун.уз» журналисти Илёс Сафаровнинг ўзи бугун ҳимояга муҳтож бўлиб турибди. Бошқаларни қўя туринг, ҳатто миллатдошларимиз Илёсга танбеҳ бера бошлашди – бир неча жойда кўзим тушди. Алқаганлар ҳам бор – уларни ҳам кўрдим.
Аслида, тил масаласида бутун миллат Илёсдек бўлиши керак! Шундай эмасми?.. Шундагина ўзгалар сени, тилингни, қадриятларингни ҳурмат қилади. Худди сен уларни, тилини, қадриятларини эъзозлаганинг каби. Мен халқлар ўртасидаги муносабатда мана шундай – икки тарафлама ҳурмат тарафдориман! Фақат бундай баланд муносабатнинг битта шартгинаси бор: икки тараф ҳам бирдек кучга эга бўлиши керак. Акси тақдирда, бири етаклайди, бошқаси эргашади.
Ана, Жириновский сўзлаяпти: қайси юртда рус тили ва руслар эзилса, биз уларнинг танобини тортиб қўямиз, дея. Унинг бу чиқиши ташқаридан шовинизм, ичкаридан эса, ўз халқи ва унинг тилини ҳимоя қилиш ўлароқ қабул қилинади. Бу шахсан Илёсга эмас, балки умуман – дунёдаги барча илёсларга қаратилган хитоб. Бизнинг юртда ҳеч ким русни, рус тилини эзаётгани йўқ, эзмайди ҳам, аксинча, уни катта тиллардан бири сифатида ўқиб ўрганади, бу тилда мулоқот қилади, лекин айни вақтда, ўз она тилининг она юртида давлат тадбирларида янграшини истайди ҳам. Бори – шу!
Дунё кучга суяниб яшаяпти. Дунё кучлиларники бўлиб қолди. Сезмаяпсизми?.. «Куч – адолатда эмас, адолат – кучда». Бу – зўравонларнинг шиори. Илгари ҳам бор эди бу, лекин энди жуда-жуда кучайди. Ошкора кучайди. Дунё шу шиорга эргашиб кетди. Эргашиб анча йўлни босиб ҳам қўйди. Дўстлик, биродарлик, қўшничилик, ўзаро ёрдам, каттанинг кичикка ғамхўрлиги деган тушунчаларни муносабат деб аталган бир нонга қиёс қилсак, кучсизга ўша нондан бир тишлаб тегса тегади, бўлмаса, у ҳам йўқ. «Ўзаро баҳам кўрилди» дея ҳисобот ёзади кейин у. Нонни эса кучли уриб кетади – нақ жиғилдонига!.. Шу маънода, дунё жуда ислоҳотталаб бўлиб қолган. Лекин ислоҳ қилгувчи «азамат»ларнинг ўзлари сувнинг бошида туриб олиб, уни лойқалатгани лойқалатган.
Биз кучсизмиз. Шунинг учун ҳатто ўз Ватанида давлат тадбирида давлат тилида сўзлашларини сўраган журналистни ўзимиз жазолаймиз, танбеҳ берамиз. Жириновскийнинг келиб овора бўлишига асло ҳожат йўқ, бу ишни ўзимизникилар аъло даражада бажаришади, аъло даражада!..
Бошқа тарафдан – ўзимизникиларни ҳам тушунаман. Худди Илёсни тушунгандек, Жириновскийни англагандек. Ахир, улар Илёсни ҳимоя қилмоқчи бўлишяпти – ишнинг тагини суриштирсангиз. Иш катта бўлиб кетмасдан ўзимиз енгилгина танбеҳлаб қўяқолайлик дейишяпти. Иш катта бўлиб кетса, «қамчининг бир учи» Илёсдан ортиб, бошқа илёсларга ҳам тегиши мумкин-да, ахир!.. Ва буларнинг ҳаммаси дунёнинг етакчи мамлакатларидан ҳарбий, иқтисодий, сиёсий, илмий, ижтимоий, маънавий, техникавий... соҳаларда орқада, жуда-жуда орқада қолиб кетганимиз билан боғлиқ!
Хулоса: ҳеч кимдан хафа бўлишнинг ҳам, аразлаб юришнинг ҳам кераги йўқ, мамлакат ресурсларини тўғри йўналтириб ривожланиш керак, тамом-вассалом! Кучли билан ҳамма ҳисоблашади, тилини ўрганади ва сўзларига қулоқ солади. Кучсиз эса ҳамма билан ҳисоблашиб кун кўришга мажбур. Мен буни ёқламайман, лекин яшаётган дунёмизнинг мазмун-моҳияти шу. Реаллик билан ҳисоблашмаслик фожиавий оқибатларга олиб келади.
Илёсбек! Сиз ҳақлисиз. Лекин кучсизсиз. Ҳамма гап шу ерда.
Демак, ҳақни қарор топтириш учун ҳам кучга эга бўлишингиз керак, буни тушундик, деб ўйлайман.
Сафни маълум қилиш керак бўлса, мен кучсиз, аммо ҳақли бўлганлар тарафидаман. Чунки дунёмиз беш кунликдир, уҳромиздан эса умидимиз бор...
Улуғбек Ҳамдам