АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси Ўзбекистонни «махсус кузатув остидаги давлатлар» рўйхатига қайта киритишни тавсия этди. Яқинда, 2020 йилнинг декабрида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни бу рўйхатдан чиқарган эди.
Тавсия Халқаро диний эркинлик масалалари бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF) дунё миқёсидаги диний эркинлик таҳлилига доир навбатдаги йиллик ҳисоботида эълон қилинган.
Америка Қўшма Штатларининг халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) - бу АҚШ Федерал ҳукуматининг 1998 йилдаги Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги қонуни (IRFA) асосида тузилган комиссияси. USCIRF комиссарлари Президент ва Сенат ва Вакиллар Палатасидаги ҳар икки сиёсий партиянинг раҳбарияти томонидан тайинланади. Комиссиянинг асосий вазифалари халқаро миқёсда диний эркинлик бузилиши фактлари ва ҳолатларини кўриб чиқиш ҳамда Президент, Давлат котиби ва Конгрессга сиёсий тавсиялар беришдир.
USCIRF'нинг янги ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистондаги диний эркинлик бўйича вазият ижобий томонга ўзгаришда давом этган бўлса-да, муаммо «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасида. Ҳисоботга кўра, мазкур қонунлойиҳаси халқаро стандартларга мос келмайди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Европа Кенгашининг Венеция комиссияси қонун лойиҳаси билан танишиб чиқиб, унга танқидий хулоса берган.
Қонун лойиҳасидаги қатор бандлар, хусусан диний фаолият билан шуғулланувчи ташкилотларнинг давлат рўйхатидан ўтиши шартлиги, хусусий диний таълим ва миссионерликнинг тақиқланиши, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишдаги эҳтимолий мураккабликлар, муайян жойларда диний маросимларни ўтказиш мумкин эмаслиги, диний мазмунга эга барча адабиётлар ва материаллар мажбурий тартибда экспертизадан ўтиши каби нормалар халқаро ташкилотлар томонидан маъқулланмаяпти.