Аллоҳ таоло бандаларнинг ислоҳи учун икки оят нозил қилганки, агар одамзод мана шу икки оятни истиҳзор қилса (кўз ўнгида тутса), гуноҳ қилишга журъат қилолмайди.
Бу билан қалбда Аллоҳ таолонинг шундай азамат ва ҳайбати пайдо бўладики, инсон гуноҳ қилишга тоқат ва қуввати бўлса ҳам, мана шу тоқатини ишлатишга тоқат қилолмайди.
Биринчи оят “Ва У сизлар биландир, сизлар қаерда бўлсангизлар ҳам”. Дунёда Аллоҳ таоло сиз билан бўлмайдиган бирор жой йўқ. Шу ўринда бир ишкол (савол) пайдо бўлиши мумкин.
Биламизки, бирга бўлади, деган гапдан кўриб туради деган гап чиқмайди. Мисол учун кўр киши сиз билан бирга турса ҳам, сизнинг нима қилаётганингизни кўрмайди. Аллоҳ таоло иккинчи оятда бу ботил хаёлни қуйидагича марҳамат қилиб, тузатди: “(Инсон) Аллоҳ уни доим кўриб туришини билмадими?”. Ахир, бошқаларга кўрадиган кўзларни берган Зот Ўзи кўролмайдими?
Имдодуллоҳ Маккий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Ҳар бир сўфий, балки ҳар бир мўъмин кунда бир-икки дақиқа “Аллоҳ бизни кўриб турибди”, деб муроқаба қилиши лозим. Бир неча дақиқали бу муроқаба йигирма тўрт соатгача фойда беради. Қулоғи бураладиган соатни ҳам ярим дақиқа бурайсиз, холос, лекин у йигирма тўтр соат юраверади. Шунинг учун ҳар куни бир неча дақиқа кўзингизни юмиб, Аллоҳ таоло сизни кўриб турганини хаёлингиздан ўтказсангиз, бу хаёл йигирма тўрт соат қоим туради. Кунда машқ қилавериш натижасида бу тасаввур қалбга ўрнашиб қолса, гуноҳ қилишга умуман журъат қолмайди.
Бу – гуноҳни тарк этиш учун Аллоҳ таолонинг Ўзи марҳамат қилган энг яхши тадбир. Буни бир мисол билан тушунтираман. Дейлик, ўрмонда қаршингиздан бир қонхўр шер чиқиб қолди. Нарироқда эса дунёнинг биринчи номерли гўзаллик маликаси сизни ўзига қарашга даъват ҳам қилиб турибди. Шу ҳолда бирор кишининг унга қарашга ҳиммати бўладими? Унда гуноҳ қилишга тоқат ва қувват бўлади, лекин мана шу қувватни ишлатишга унда тоқат бўлмайди. Шер Аллоҳ таолонинг кичик бир махлуқи, холос. Шернинг ҳайбати шунчалик бўлгач, қалбида шерни яратган Зот мени кўриб турибди деган тасаввурда бўлган киши қандай гуноҳ қила олади!
“Инъомоти Раббоний” китобидан Ёрқинжон қори таржимаси