Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Аҳли ирфон

Форс ҳазораси (цивилизацияси)да илмнинг ўрни

1514

Форс империяси милодий учинчи аср – Сосонийлар даврида тараққий этди. Салтанат давлат бошқаруви билан ажралиб турарди, сосоний подшоҳ Ардашир Папакан давлат қонунчилигини такомиллаштирди.

Ардашир зардуштийликни давлат дини даражасига кўтарди. Бош вазири Тансерга “Авесто”ни тўплаб, бир китоб қилишни буюради. Ардаширнинг ўғли Шопур I даврида “Авесто”га тиббиёт ва фалакиётга оид қўшимчалар киритилди (Абдулхафиз Ёқуб. “Мин маламихил хазоратил эърония ал-қадимия”).

Ижтимоий ва бошқарув тузилмаси

Ардашир жамиятни тўрт табақага бўлади: биринчи табақа – дин пешволари; иккинчи табақа – ҳарбий зобитлар, учинчи табақа – зиёлилар; тўртинчи табақа – ишчи-деҳқонлардан иборат эди.

Ардашир вафотидан кейин ўғли Шопур тахтга ўтиради. Отасидан қолган катта давлатни янада ривожлантиради. Бир қанча янги шаҳарлар қурдиради, юнонча китобларни форс тилига таржима қилдиради (Хасан Барниё. “Тарихи Эронил қадим”).

Форс хазораси таълими

Уильям Дююрант “Қиссатул хазора” китобида ёзади: “Форсларда бола беш ёшигача онанинг қарамоғида бўларди. Сўнг икки йил ота тарбиясини олгач, мактабга чиққан. Одатда бойларнинг болалари таълим олган, улар коҳинлар назоратида бўлишган. Бола тарбиясига ёмон таъсир қилмаслиги учун мактаблар бозордан узоқда бўлиши шарт эди. Дарс ёддан ўтилган, асосан, дин, тиббиёт, қонунчилик ўқитиларди”.

Камбағал оила болалари от минишни, камон отишни, тўғри сўз бўлишни ўрганишган, холос. Олий таълим йигирма тўрт ёшгача давом этган, давлат ишида ишлайдиган кадрлар ҳарбий малакага эга бўлиши шарт эди.

Талабалар қаттиққўл тартибда ўқитилган. Тонг-саҳардан уйқудан туриб югуриш талаб қилинарди, эгар-жабдуқсиз от миниш, сузиш, ҳайвон овлашга мажбур қилинган. Ноқулай об-ҳаво шароитида узоқ масофага пиёда юриш, фақирона таомланиш ҳам шарт эди.

Фридрих Ницше форсларнинг бу таълим тизимига тан берарди, унга юнонларнинг маишатпараст маданияти ёқмас эди (Уильям Дююрант. “Қиссатул хазора”).

Форсларда тиббиёт

Сосоний форслар юнон ва римликларнинг тиббиётига қаттиқ ишонишарди. Сарой табиблари кўпинча юнон ёки римлик бўларди. Сосонийлар илмий меросида муолажанинг уч тури айтилади: гиёҳлар билан даволаш, пичоқ (жарроҳлик) орқали ва руҳий даволаш. Форс тиббиётининг эътиборга молик жиҳати руҳий даволашга аҳамият қаратишдир, улар ёвуз руҳларни ҳайдаш учун тутун ёқишган, афсун ўқишган. Ёвуз руҳлар тумов, иситма каби касалликларга сабаб бўлади, деб ўйлашган ўша вақтларда.

Бошқа илмлар

Сосонийларнинг биринчи ҳукмдори Кисро зардуштий бўлса-да, бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиб, сурёний ва санскрит тилларини биларди. Илм аҳлини яхши кўрарди, Афлотун ва Арастуларнинг китобларини, ҳинд тилидаги кўплаб адабиётларни таржима қилишга буюрган (“Мин Маломихил хазоратил Эрония”).

Иморатлар қуриш

Сосонийлар кўплаб қасрлар ва мақбаралар бунёд этишган. Археологлар бу обидаларнинг оз қисмини топишга муваффақ бўлган, қолганларини излаш ишлари ҳамон давом этмоқда. Персеполис шаҳрига яқин минтақада Доронинг мақбараси мавжуд. Мақбара тоғда – харсангтошларга ўйилган, кираверишда тўртта устуни бор.

Милоддан аввал яшаган форс подшоҳи Доро, ундан кейин яшаган ҳукмдорлар ўз номлари тарихда қолиши учун сағаналар қурдиришган. Сағаналар тоққа қурилган бўлиб, чиқиш қулай, ўн отлиқ бемалол юра оладиган йўл бўлган. Сағана олди катта айвон бўлиб, икки томонга ҳайкаллар ўрнатилган.

Мақбаранинг устунлари узун бўлиб, олтмиш тўрт қадам чиқади. Устунларнинг юқори қисмида гулчамбар шаклида тож безак қилинган.

379 – 382  йилларда ҳукмронлик қилган  Арат Хаштар Сус шаҳрида икки қаср барпо эттиради (бугунги кунда уларнинг фақатгина пойдевори сақланиб қолган). Қаср пишиқ ғиштдан қурилиб, турли безаклар билан безатилган. Қурилишга Ашшур, Бобил ва Юнонистондан усталар олиб келинган (Уильям Дююрант. “Қиссатул хазора”).

Йўл қурилиши

Доронинг буйруғи билан форс муҳандислари катта шаҳарларни бир-бирига боғлайдиган йўллар қуришди. Сус билан Сардис орасида бир ярим минг мил узунликдаги йўл шулар жумласидан.

Тарихчи Геродот ёзади: “Ҳар тўрт фарсахда қўрғон бўлган, йўл обод, шаҳар ва қишлоқлар билан кесишган”.

Қўрғонларда почтачилар учун отлар боқилган, подшоҳ хабарчилари узоқ масофаларни ҳам тез босиб ўтишган. Сус билан Сардис ораси бир ҳафталик йўл бўлиб, анҳорлардан қайиқ билан ўтилган.

Қурувчи-муҳандислар Фрот дарёси устидан юзлаб фил бемалол ўта оладиган кўприк қуришга қодир эди. Форсни ҳинд ерлари билан боғловчи Афғонистон тоғларидан ўтувчи йўл бўлган. Сус шаҳри йўл устида жойлашгани учун маданият марказларидан бирига айланди (Уильям Дююрант. “Қиссатул хазора”).

"Ислом ва олам" китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Кўрфаз машмамаси: Теҳрон Москвага норозилик нотаси юборди

1850 19:40 08.02.2021

Коронавирус: Форс кўрфази давлатларида чекловлар кучайтирилди

1173 17:15 05.02.2021

Қатарнинг Форс кўрфазидаги позицияси мустаҳкамланяпти. Бу нимани англатади? 

1850 19:23 07.01.2021

Қатар: “Муаммоларни ҳал қилиш учун вақт керак...”

1133 18:40 07.01.2021

Саудия Арабистони Қатар амирини саммитга таклиф қилди. Низо юмшаяптими?

1379 14:50 31.12.2020

Форс кўрфази инқирозини Саудия Арабистони ҳал қиладими?..

1253 17:00 29.12.2020
« Орқага