Бугун Брюсселда НАТО саммити доирасида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ва АҚШ раҳбари Жо Байденнинг учрашуви бўлиб ўтади. Бу Байденнинг президент сифатида Эрдоған билан илк учрашувидир.
Брюсселга жўнаб кетишидан олидан Истанбулдаги Отатурк аэропортида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарган Эрдоған АҚШ президенти билан учрашувда “арманлар геноциди” масаласини кўтаришини айтди.
Маълумки, жорий йилнинг 24 апрель куни Жо Байден 1915 йилда усмонийлар давлати ҳудудида юз берган арманларнинг оммавий ўлимини геноцид дея тан олди.
“Бундай ёндашув бизни жиддий маънода хафа қилди. Буни кун тартибига олиб чиқмаслигимиз тўғри бўлмайди. Туркия тасодифий мамлакат эмас”, – деди Эрдоған.
Шунингдек, Туркия президенти учрашувда икки давлат ўртасида муаммоли бўлиб қолаётган F-35 самолётлари ва С-400 ҳаво мудофаа тизими сингари масалалар, шунингдек, Афғонистондаги вазият муҳокама этилишини маълум қилди.