“У ТУФАЙЛИ БИЗ ҲАҚИМИЗДА ЁМОН ГАПИРГАНЛАРИДАН КЎРА, УНИНГ ТЎҒРИСИДА ЁМОН ГАПИРГАНЛАРИ ЯХШИРОҚ!”
шу гапнинг муаллифи Ш.Мирзиёев бўлишини истардим
Ўртоқ “Палончиев”лар шуни билиб қўйингки, бу мақолани ёзишим сиз учун туҳфадир. Негаки, мен бу вақтда китоб ўқишим, телевизор кўришим, боламни ўйнатишим (лекин у билан тўғон қуриш ўйнамасдим) ёки шеър ёзишим мумкин эди. Аммо ҳаммасини четга суриб, Сардоба ҳақида ўйлаяпман ва клавитурани қарсиллатиб ўтирибман.
Тарихчи Плутарх шундай ёзади: “Ноҳақ ишлари учун Кратет терговга чақирилганида, унинг қариндоши ва дўсти Гарпал подшоҳ Филиппдан дўсти учун бадал олишни ва у ҳақида ёмон гаплар гапирмасликлари учун суд қилишдан халос этишни сўраганида, Филипп: “У туфайли биз ҳақимизда ёмон гапирганларидан кўра, унинг тўғрисида ёмон гапирганлари яхшироқ!” — деб жавоб беради”.
Айни пайтда Бухородаги “Шамолнинг қилмиши” ва “Сардоба”даги сувнинг “шўхлиги” атрофидаги баҳслар ҳам юқоридаги Филиппнинг сўзлари билан якун топишини хоҳлардик. Бироқ тулки тулкини суд қилиб турса, эшаклар олдида ҳам кулги бўлмаслигимизга ким кафил бўлади.
Бугун телевидениедаги “раҳмат-раҳмат” ўйинлари яранинг устига туз сепиш билан баробар. Модомики, ҳақиқатни айтиш қўлидан келмас экан, камерага қараб ёлғон гапиришга не ҳожат. Тўғри тушундингиз, мен айнан ўша масхарабоз журналист ҳақида сўз юритдим.
***
“Қанотчи” емакхонасининг карантинда очиқлиги ва у вирус тарқатиши мумкинлиги ҳақида баҳслашиш, уни жаримага тортиш, шоҳона ҳаёти билан мақтанаётган қаҳрамонларни (ўйлаб) топиш — менимча, моҳиятан чалғитувчи унсурлар...
“Қоракўл туманидаги бир талай иншоотлар қаторида аҳоли учун қурилган намунали уйларнинг шамолда “томи кетиб” қолиши сабабчилари ёки ўн мингга яқин одамнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, уй-жойларидан айириб, ҳаловатини, кулгисини ўғирлаган одамлар жазоланайдими?” деган саволни берганимизда, Юлдуз Усмонованинг “сўкиниш” саҳнаси кимга керак?
“Айтингчи, энди судда нималарни кўпроқ эътиборга олмоқчисиз?” деган саволга эса “Хонанданинг узр-маъзур” саҳнаси. Мана яна битта саҳна — Бойсуннинг ҳокими бозорни бузмоқчи, янги бозор эса тайёр эмас. Ҳамма-ҳамма билан, Бойсуннинг ҳокими бозор билан. Буларнинг ҳаммаси худди асосий мавзудан қочиш ва майда-чуйда тафсилотларга ўралашишдай бир гап.
РУХСАТ ТЕГМАСА, САЙТЛАР САЙРАМАЙДИ
“Kun.uz”, “Daryo.uz” ва бошқа “uz”лар қаерда, нима билан машғул? Улар камера кўтариб чопгич эди. Улар ҳамма жойга кириб боргич эди. Аммо юқоридаги ҳолатлар учун айбдор деб қаралаётган шахсларга камера қаршисида бирор савол бероладими? Йўқ, албатта! Нега? Соясидан қўрқармиш (шу ерда кўзлари катта-катта смайлик).
Ҳар бир нарса учун ҳайқирадиган, замонамиз қаҳрамонларига айланган блогерларчи, улар демократия нафаси билан туғилган авлод эдику. Ёки блогерлар ҳам блокланганми? ...Шунақа, чинакам масала туғилса, сичқоннинг ини минг танга...
Узун-қулоқ гапларга қараганда, қурилиш вазири ўринбосари Э.Искандаровнинг айтишича, Президентимизнинг шу йил 1 майда қабул қилинган “Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб, 2020 йил охирига бориб, “Қишлоқ қурилиш инвест” ва “Шаҳар қурилиш инвест” компанияларининг аҳолига намунавий уй-жой қуриш бўйича монополиясига чек қўйилар эмиш... Шу хабарни ўқиганимда, нима-бало биз шу пайтгача буни билмаганмидик, деб юбордим (шу ерда қип-қизариб кетган смайк бечара).
Ҳар сафар эски монархияни якунлаб, янги монархияни табриклаш жуда ғалати иш эмасми?
Сув омбори тўғрисида эса “синовли кунларда” деб гапиришга ўрганиб қолдик. Аммо депутатларимиз ҳам “синовли кунларда” деган сўздан нарига ўтмайдими. Ҳаммасидан кутмасак ҳам саноқли депутатларимиздан кутамиз.
ТАКЛИФИМ
Ҳозир ҳамма телеканаллар тўғридан-тўғри эфир қилишни ўрганиб олди. Бу, албатта, “бизга яратиб берилаётган шароит” эмас. Бу замон талаби! Шуни ҳам қилолмасак, кулгига қолишимиз тайин. Шундай экан, айбдорлар суд қилиниши, фақат суд қилиниши эмас, балки бу суд телевидение орқали тўғридан-тўғри узатилиши керак.
Шунда ҳаммамиз, ўз мансабига лаёқатсизлик, халқни алдаш, кўзбўямачилик ва шу қатордаги айрим амалдорларга хос ва мос бўлган “хислат”лар қандай жазо олишини билиб оламиз.
Сардоба фалокатида ким айбдор? – мутахассис таҳлили
Сардоба бўйича бир нечта саволларим бор!
Ёдингизда бўлса, Президент Шавкат Мирзиëев Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировни суд ҳукм чиқармасдан олдин¸ “қип-қизил ўғри” деб атаган ва 2018 йилнинг 19 майида “икки-уч ой ичида телевидение орқали ўзини гапиртираман” деб ваъда берган эди.
"МТРКнинг ижодий ва техник гуруҳи аъзолари томонидан тайёрланган кўрсатув" тайёрлиги ва у барча каналларда намойиш қилинажаги тўғрисида ҳам миш-мишлар тарқалди-ю, шу бўйича дом-дараксиз қолиб кетди. Майли, у ҳақида энди шарт эмас, аммо Сардоба масаласи ундан кўра жиддийроқ деб ўйлайман.
Мабодо, менинг хом-хаёлларим рўёбга чиқса, ўша эфирни эндигина мактабга чиққан ўғлим билан кўраман. Боланинг келажагини олдиндан айтиб бўлмайди, у эртага ҳоким ёки бошқа бир амалдаги одам бўлиши мумкин, шунда “шамол билан ёмғир”нинг судини эсласа, нафсига эрк бериб юбормайди.
Шу сафар масалага очиқ-ошкор ойдинлик киритиб, халқ ишончини суиистеъмол қилган шахслар муносиб жазоланса, ватанини севадиган фуқародан тортиб, уни бошқараётган иқтидор эгалари ҳам “У туфайли биз ҳақимизда ёмон гапирганларидан кўра, унинг тўғрисида ёмон гапирганлари яхшироқ!” бўлади, деб яшашда давом эта олади.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, биз Ўзбекистоннинг ер майдони ёки одамларининг сони билан фахрланишни эмас, унинг адолатли, бир сўзли мансабдорлари ва жасур фурқаролари борлиги билан кўкрак керишни жуда-жуда истаймиз (шу ерда қўл қовуштириб ялинаётган смайк)!
Бек Али Эшонқулов