Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари билан ушбу учрашувда нечта одам биргаликда суратга тушишни илтимос қилди. Лекин, У киши қатъиян рад этдилар. Бунинг сабабини сўраган эдим: “أعتقد حرمة ذلك“ яъни “бу ишни ҳаром деб биламан“ дедилар. У кишининг наздида заруратсиз суратга тушиш жоиз эмас экан. Биз ҳеч нарса дея олмадик. Зеро, муҳаддисларнинг фиқҳий ҳукмлар истинбот қилишда ўзига хос йўллари ва тариқатлари мавжуд бўлиб, уларнинг кўпи шунга содиқ қоладилар, ўзлари мансуб бўлган фиқҳий мазҳаблардан қатъий назар. Боз устига, у киши “бу иш ҳаром!“, демадилар. Балки, “мен бу ишни ҳаром деб биламан“ дея ўз наздиларидаги ҳукмни ифода этдилар. Бу сўз билан жоиз деб билувчи уламоларнинг фикрларига ҳурмат сақлашларига ҳам ишора қилган эдилар.
Биз нима дея олардик. Муҳаққиқ олим қаршисида ўтирибмиз. Биз билган нарсаларнинг бирортаси ўзига нотаниш ва махфий бўлмаган ҳамда биздан илми миллион карра ортиқ бўлган аллома зот ҳузуридамиз. Сукут қилишдан бошқа иш тўғри бўлмасди. Зотан мен суратга тушишга у қадар хушим йўқ. Аммо, “селфи“ларга ишқибоз бўлганларга эҳтимол қийин бўлди. Истанбулнинг инжуси бўлган Бейкўз минтақасининг қуюқ ўрмонлари ичкарисидан жой олган муҳташам кўшкнинг ҳовлисида шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари билан жуда ҳам мароқли суҳбат бўлди. Ҳамма расмга тушишдан буткул умидини узган бир ҳолатда Шайхнинг гўзал суҳбатларига қулоқ тутиб ўтирибди. Камина Ҳазратни гапга солиб, турли хил саволларни ташлаб, У зотнинг ичларига яширинган жавоҳир доналарини илож қадар ташқарига чиқариш орзусидаман. Бу орада мана шу сакина чулғаган гўзал ҳолатни бизнинг хабаримиз бўлмаган ҳолда бир инсон узоқдан тарихга муҳрлаб қўйган экан.
У киши гўёки, ичимиздагини билган ва Шайхга билдирмасдан ўз телефонидан суратга олган. Бу инсон Ҳазратнинг тўнғич фарзанди шайх, доктор Абдуллоҳ Аввома ҳазратлари эди.
Агар хотирам панд бермаётган бўлса, бу зот Маккаи Мукаррамада жойлашган Уммул Қуро университетида дарс беришини айтган эди. Азҳарда докторлик даражасини қўлга киритган бу инсон ниҳоятда камтаринлиги, самимийлиги ва оддийлиги билан диққатимни тортган эди. Бир қанча муҳим китобларни таҳқиқ қилган, бир нечта асарлар муаллифи, Азҳарда докторлик диссертациясини ёқлаган ва дунёга машҳур университетда дарс берувчи бу олим зотнинг олийжаноблиги ва камтаринлиги ҳайратимни оширди. Бу камтарлик ва мўминларга хокисорлик унинг падари бузруквори Муҳаммад Аввомадан ўтган бўлса керак. Зеро, Муҳаммад Аввома ҳазратлари шунча ишлари бўлишига қарамасдан, соғлиқ жиҳатдан муаммолари бўлишига қарамасдан биз учун соатларча вақт ажратган эдилар. У кишида ҳам шундай оддийлик, камтарлик ва хокисорликни кўргач, жуда ҳам яхши кўриб қолдим. Зеро, бу зот айримлар каби кибр отига минмаган ва халқ учун етиб бўлмас юлдузга айланиб қолмаган эдилар. Ўша кунги учрашув жуда ҳам баракали ва фойдали бўлди.
Ўзларига йўлланган саволлар тақозоси билан турли хил мавзуларга кириб ўтдилар. Гап айланиб, ижозаларга бориб тақалди. Ҳазратимиз бўлар-бўлмасга ижоза бериб юбориш, устидан ижоза бериш сўралаётган асарни ўқимаган кишиларга истаганча ижоза бериш ҳолатларига танқидий назар билан қарар эканлар. Аслида, ижоза баъзи бир турлари борасида ихтилоф мавжуд бўлса-да, умумий маънода жоиз бўлиб, эскидан илм аҳли ўртасида муомалада бўлган ва илм нақл қилишда асқатган.
Аммо, сўнги пайтларда айрим толиби илмлар қошида мақсад билан воситанинг ўрни алмашиб қолаётганлиги туфайли илмни таҳаммул қилиш ва уни адо этишда восита бўлган бу иш биринчи ўринга чиқиб қолмоқда. Устидан ижоза берилаётган асар мазмуни билан таниш бўлмаган кишиларга ҳам ижоза бериш ҳолатлари учраб турибди. Шунинг учун Шайх Аввома Шуъба ибн Ҳажжожнинг “لو صحت الإجازة لبطلت الرحلة“ яъни “ижоза дуруст бўлса, илм талаби учун жаҳон кезиш бир тийин бўлиб қоларди“ деган сўзларини келтирдилар.
Имом Моликнинг шогирди Абдурраҳмон ибну-л-Қосим имом Моликдан ижоза борасидаги фикрини сўраганда “لَا أرى ذَلِك، وَإِنَّمَا يُرِيد أحدهم أَن يُقيم الْمقَام الْيَسِير وَيحمل الْعلم الْكثير“ яъни “буни тўғри деб билмайман. Балки, бу иш билан баъзилар оз муддат туриб, кўп илмни олиб кетмоқчи бўладилар“ деган эканлар. Бу сўзлар албатта, ижозанинг аҳамиятини йўққа чиқармайди. Аммо, уни аҳлидан аҳлига берилиши, муйяндан муайянга берилиши ҳамда “мужиз“ билан “мужоз лаҳу“ ўртасида “мужоз биҳи“дан дарс қилиниши сўнгидан тақдим этилиши мақсадга мувофиқлигини назарда тутган эдилар, Муҳаммад Аввома ҳазратлари.
Суҳбат ниҳоясига етгач, марҳум Абдуллоҳ Аввома мени имлаб чақириб, телефонини кўрсатди. Телефонда ушбу суратлар бор эди. Хурсанд бўлдим. Мана энди, бу олим зот, отасига муносиб ўғлоннинг тўсатдан вафот топгани ҳақидаги хабарни эшитиб чуқур қайғуга ботдим. Аллоҳ таоло у зотни ғарийқи раҳмат айласин. Барча эзгу амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Қабрларини нурга тўлдирсин. Ортларида қолган фарзанду зурриётларига гўзал сабру улуғ ажрлар ато этсин. У кишининг падари бузруквори шайх аллома Муҳаммад Аввома ҳазратларига ҳам сабру салвон берсин. Ўзи ҳифзу ҳимоясида асрасин! Омин!
Ушбу учрашувга сабаб бўлган шайх Муҳаммад Одил биродаримиздан ҳам Аллоҳ рози бўлсин, икки дунё саодатига эриштирсин!
Алишер Султонхўжаев