Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Боланинг рамазони

1995

Рамазоннинг рўзаси болаликнинг ҳаяжонли хотираларини уйғотиш билан ҳам қадрлидир. Ҳар қандай инсон тийнатида самимият ва софлик, беғуборлик ва соддалик яшайди. Ҳар бир жамият ўзига хос расм-русумлар, халқона удумлар билан бойитган бўлса-да, рўза ибодати ва Рамазон ойининг муштарак хусусиятлари мусулмон дунёсини бирлаштиради. Шунинг учун ҳам ғарбдан шарққача, жанубдан шимолгача бўлган ҳудудларда Рамазон ойи айрича тазоҳирда, аммо сокин ва фараҳбахш кечади. Ҳатто уруш ва офатлар соясида Рамазон ойини ўтказаётган инсонларнинг кўзида ҳам рўзанинг, ибодат ҳаловатининг ҳузури ва завқи акс этади. Катталаримизнинг “Оҳ, биз пайтимиздаги рамазонлар!..” дея бошланувчи хотираларда рўза ва рамазоннинг болалик соғинчи бор. Чунки “Оҳ, биз пайтимиздаги рамазонлар!” болаларча ҳаяжон билан ўтган ибодатларни ёдга солади. 

Болага рўза ва рамазонни ўргатиш тарбиявий-ахлоқий ҳаракат талаб қилмайди. Фақат бола рамазон ва рўза ибодатини тушунадиган, қадрлайдиган муҳитда ўсаётган бўлса бўлди. Бундай муҳитда бола ва рўза жуда осон топишади, тез иноқлашиб кетадилар. Ҳаммамизнинг илк рўза, илк Рамазон, биринчи саҳарлик ва илк даъфа ҳайит айёмини қаршилаганимиз билан боғлиқ гўзал хотираларимиз бор. Хотираларимизнинг муштараклиги эса болаларча завқ ва ҳаяжонда. 

Кичик ёшдаги болаларни саҳарликда уйғотиб, дастурхонга даъват этиш ўринли. Катталар билан бирга ният қилиб, саҳарлик қилсинлар. Ундан кейин эса қорни очиққанида гўё ифторлик учун дастурхон ҳозирлагандек, болани тансиқ неъматлар билан таомлантириш дуруст. Ифторлик пайтида ҳам болакайга худди рўзадордек илтифот кўрсатиш рўзанинг ва Рамазоннинг бола қалбида таъсирини кучайтиради. Кичик ёшдаги болакайлар учун бундай рўза ҳақиқий рўза ибодатига йўллаш учун муваффақиятли дастур бўла олади. Кун бўйи рўза тутиш учун энг қулай пайт Рамазоннинг биринчи куни. Биринчи кун гўзал ҳолатда рўза тута олса, Қадр кечаси куни ҳам завқ билан рўза тута олади. Ёши ва иммунитетига кўра рўза тутишга қийналмаса, демак, болажонингиз рўза ибодатини адо этишга қодир бўлибди. Рамазон ва рўза завқини болажонларга ҳис эттириш учун, уйингизни чиройли ясатинг. Ёрқин чироқлар, ўйинчоқлар билан болалар хонасини безатинг. Имкони борича, ифторликда сурат-китоблар, қалам, ширинликлар ҳадя қилинг. Ифторлик дастурхони учун тайёрланган таомларни болалар завқланадиган шаклларда безатинг. Зиёратгоҳлар, масжидларга зиёратга олиб боринг. Ифторликдан сўнг болалар хиёбонлари ёки болалар учун кўнгил очар жойларда ўйнатиб келинг. Дилбандингиз Рамазоннинг завқи ва қувончини ҳис қилсин. Ифторликда пишириқ ва таомлардан қўлига тутқазиб, тенгдош ўртоқларига беришни ўргатинг. Рамазон саховат, меҳр-мурувват ва шодлик ойи эканини болаликдан ҳис қилиб улғайганлар, катта бўлганларида жўмард ва сахий инсон бўлишлари шубҳасиз. Ўттиз кунни байрамдек ўтказиб, ҳайит айёми учун болажонингиз билан бирга тайёргарлик кўринг. Опа-акалари, бобо-бувиси, дадаси ва сизга ўз қўллари билан ҳадялар тайёрлашига ёрдам беринг. Фарзандингиз муборак ой ичида ибодат, эзгулик, икром ва меҳр, сайр-саёҳат, байрам, хушнудлик, ўйин-кулгу ва яна бир олам маърифий-ижтимоий муносабатларни ўргансин.

Кўпчилигимизнинг муборак рамазон ойи билан боғлиқ амалларимиз бор. Кимдир рамазон ойида болалари билан бирга қишлоқдаги ота-онасининг зиёратида бўлиб, бир ой давомида қиблагоҳларининг хизматида, икки ҳисса ибодат билан машғул бўлади. Бу билан ҳам ота-онасининг кўнглини олади ва ҳам болаларига ота-онага хизмат қилиш буюк ибодат эканини амали билан уқтиради. Кимлардир болалар шифохоналари, тарбия муассасаларига эҳсон қилади. Булар катта ишлар бўлиб, инсондан вақт ва харажат талаб этади. Аммо шундай ишлар борки, фарзандимиз билан рамазон ойида уларни бажариш биздан ортиқча вақт ва сарф-харажат талаб қилмайди. Рамазон тунлари осмонга термулиб, болангиз билан бирга ой сузишини кузатишингиз мумкин. Уйда болалар учун ифторлик ташкиллаштиришингиз ҳам чиройли амал. Бу ифторликда фақат болалар; қариндош-уруғ, қўшниларнинг фарзанди ва дилбандингизнинг тенгдош ўртоқларини меҳмон қиласиз. Ифторликка келолмайдиган дўсту яқинларингизни саҳарликка даъват қиласиз. Албатта улар ҳам фарзандлари билан келсинлар. Мактаб ёшидаги болаларга китоб, жажжи болакайларга эса ўйинчоқлар ҳадя қилишингиз, совғаларни рўза ибодатига тайёрлаётган фарзандингиз туҳфа этиши ҳам фойдали ўйин бўлади. Ифтордан кейин бутун оила жам бўлиб Қуръон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан, саҳобаларнинг умр йўлларидан қиссалар ўқинг. Қуръон тиловат қилишни биладиган болаларингиз бўлса, уларнинг овозини тингланг. Мажбурловчи ва бездирувчи насиҳатгўй бўлманг. Самимий бўлинг ва меҳрингизни борича кўрсатинг. Муносиб одобу тавозеъ билан рўза ибодатингизни адо этинг. Рамазон ойини гўзал ва хушнудлик билан ўтказинг. Имкони борича, ушбу муборак ойда оилангиз билан бирга бўлинг. Дўсту биродарларингиз, севганларингиз билан Рамазоннинг бутун завқу нашидасини суришга ҳаракат қилинг. Фарзандларингизга рўза ибодатини англатишнинг энг осон йўли — оила аъзоларини бир-бирига меҳр-муҳаббатли муносабат қилиши ва рамазонни бирга ўтказишидир. 


Умида АДИЗОВА

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шер ҳамла қилган бола ҳақида янги тафсилотлар

3661 11:13 20.04.2022

13 ёшли бола қарияларни ёнаётган уйдан олиб чиқди

1945 17:05 22.03.2022

11 ёшли украиналик бола Словакия чегарасини кесиб ўтди

2871 17:10 07.03.2022

Афғонистонда қудуққа тушиб кетган бола ҳам вафот этди

2160 14:33 18.02.2022

Қудуққа тушиб кетган марокашлик бола вафот этди

6350 10:50 06.02.2022

Марокашда 32 метрлик қудуққа тушиб кетган болани қутқаришга ҳаракат қилиняпти

4509 13:01 05.02.2022
« Орқага