Икки ой давомида Истанбулда туркларнинг сурияликларга, яна қимматчиликка оид шикоятларига ҳар қадамда дуч келдим. Авваллари Туркия ҳукуматининг жафокаш қочқинларга, умуман кўплаб чет элликларга қучоқ очганига таҳсинлар ўқиган бўлсам, халқ орасида юрганим, тиқилинчларда қолганим, тўс-тўполон, шовқин-суронлардан қулоғим битгани, ерли халққа чинданам қийинлигини кўрганим сари бу қарор жудаям тўғри бўлмаган шекилли, деб ўйлаб қолдим. Чунки қочқинларни юртига чорлайверган ҳукумат ҳеч қачон оддий одамлардек улар билан бирга яшамайди, иссиқ-совуқларда тирбандликларда қолмайди, автобусда, минибусларда турфа ҳидларга чидашига тўғри келмайди. Торгина йўлкаларда ҳатто юриш учун навбат кутмайди, ишдан чарчаб қайтганида уловимни қаерга қўйсам экан деб тор кўчаларда чарх урмайди.
Шунақа нарсаларни эшитавериб, кўравериб, бир нави шикоятларга одатландим, шекилли, кейинги пайтда “Sokak röportajları”, яъни “Кўчадан репортажлар” эътиборимни тортиб қолди. Кўрсатувнинг бориши бирдай: мухбир йўловчиларни тўхтатади ва “Юртимиздаги асосий муаммо нимада деб ўйлайсиз?” ёки тўғридан-тўғри “Мамлакат иқтисодиёти қай аҳволда?” деб гап бошлайди. Беш-олтита сонини кўрганимдан кейин, тушуниб қолдим, мухбир “Яхши”, “Шукр”, деган одамни деярли гапиртирмайди, ҳатто мазахлагиси келади. “Ёмон” деган жавобни эшитдими, гўё қаланган ўтинлар устига бензин қуйиб, гугурт чаққандек: “Лекин яхши деётганлар ҳам боооор...” дейди. Ана энди йўловчининг ловиллашини кўринг.
Орада чет элга кетган, юртига таътилга келган туркларни тўхтатишади. Америкада яшайдиган аёл: “Ҳамма жойда хўроз бир хил қичқиради, инқироз бутун дунёда бор”, деганга ўхшаш гаплар айтганди, тўрт ёндан талаб ташлашди. Олмониядан келган туркни шу каби гаплари учун изоҳларда ёлғончига чиқаришди. Нафақадаги кишилардан бири “Кимнинг чўнтагида нақд пули бор? Масалан, менда йўқ!” деб бақирган аёлга: “Уч нарса: чўнтак, ошхона ва ётоққа оид гаплар сир сақланади. Ишланглар, ёшлар, бошқа йўли йўқ. Мен олтмиш беш ёшга меҳнат билан етдим, кам бўлмадим. Болаларим ҳам тер тўкяпти. Укамнинг ўғли катта дўкон очди, лекин ўша жойда ишлатиш учун турк тополмади. 10 мингдан камига бормайман деяпти юртдошларимиз. Арзонроққа кўнган сурияликларни ноилож ишга оляпти”, деди. Лекин насиҳатга қулоқ соладиган одам топилмади, гижгижланган оломон “сурияликлар нонимизни яримта қиляпти”га тушишди. Четда яшайдиган бир очиқ-сочиқ турк аёли Қуръонни турк тилидагисини ўқиш кераклиги, яна бошқа биров мусулмонлик қалбда бўлиши, ҳамма нарсани шариатга боғлайвермаслик зарурлиги ҳақида гапирди. Яна бир аёлнинг фикрларидан даҳшатга тушдим: “Нега ўғил болалар ва қиз болалар алоҳида ўқиши керак? Булар айирмачилик қиляпти, аёлларни паст санаяпти. Бир олим чиқиб аёлларнинг ишлашини қоралаяпти, тўртта хотин олиш ҳароммасу аёлнинг ишлаши ҳаромми? Мусулмонлик бундай бўлмайди”.
Бунга сари қарасам, мухбир қизнинг юзлари гул-гул яшнайди. Кейин эътибор берибман унинг қўлларига, узун-узун тирноқларида қип-қизил бўёқ. Қизиқ, иқтисод бу қадар ёмон аҳволда бўлса, одам ноннинг ғамига тушмайдими? Қорни оч одамнинг кўнглига қўл парваришлаш сиғадими?
Талаба қиз муаммоларни бир-бир санаркан, “Ҳам ишлаб, ҳам ўқиётганим адолатсизлик эмасми? Менам тузукроқ телефон, оёқ кийим олишни хоҳлайман”, дегач, яхшироқ қарадим: қадди тик, сочлари ёйилган, ўзига қараган, ялангоёқ ҳам эмас, телефониям бор, хуллас, қаро терга ботиб, даладан келаётганга ўхшамайди.
Ёшларга сўз берилгани сари ичимдаги қўрқув баттар орта бошлади: улар ўз истаганларидек яшашни хоҳлашлари, лекин бошларидаги бу ҳукумат намозу масжиддан бошқа нарсага эътибор қилмаётгани, шу сабабли келажакдан умуман умид узишганидан гапиришарди.
Ва бу гапларни айтаётган ёшларнинг аксариятида татуировка бор. Кўпчилик йигитларнинг қулоғида зирак, соч турмаклари ҳам ғалати. Қизлар вужудини очишдан уялмайди. Чилим чекадиган жойлар сероб. Эркагу аёл, жуда кўпчилик сигарет чекади. Ажаб, улар истаган ҳаёт қандай экан? Умидсиз яшашаётган бўлса, Эрдўғон айбдорми? Агар Қиличдорўғли иқтидорга келса, ҳаётлари яхши бўлармиди?
Асло! Динидан узилган, тақводан узоқлашган, ўзошимчаликни эътиқодига айлантирган мусулмон ҳеч қачон сакинатга эришолмайди. Қайси ўлкада, кимнинг қўл остида яшаса ҳам, бахтли бўлмайди. Чунки фитнанинг аввали бўлган муқоясалардан тўхтамайди. Олмониянинг жаннатлиги ҳақида ўйлаганида жазирамада одамлари ичишга сув тополмаётган Африка ҳам борлиги хаёлига келмайди. Яхши яшаш илинжида фоиздан ҳам қайтмайди, Аллоҳнинг чегараларини бемалол бузаверади. Нафси буюрган йўлдан юради.
Мен буларни ўзимдан келиб чиқиб ёзяпман. Чунки озгина қийинчиликкаям чидолмай, “уфф”, деб юборадиган, кредит олса ҳам, ёлғон гапириб савдо қилса ҳам, ҳаёти бирдек тўкис ўтаётган одамларга қараб, шуларга ҳеч нима бўлмаяптию, деб фитнага тушадиган мусулмонман. Шундай экан, ҳадеб шикоят қилавермай, ўзимизга қарайлик: кредитга тўй қилиб, машина олаётган, ҳатто уй таъмирлаш учун кредитдан қайтмаётган, бидъат ёнига бидъат қўшаётган, Қуръондан кўра кўпроқ телефонни дўст тутаётган, ижтимоий тармоқларда бир-бирининг бошидан мағзава ағдаришда мусобақалашаётган, ва ҳоказо, ва ҳоказо мусулмонлармиз. Ҳолимиз шу бўлгач, нолийвермай, бошқаларни ислоҳ қилишга уринавермай, тўғирлашни ўзимиздан бошлаганимиз яхши эмасми?
Инсоф билан айтайлик, биз мўминликнинг ҳамма шартини ўрнига қўйдигу, неъматлар кечиктирилдими? Аслида ҳозирги ҳаётимиз ҳам Раббимизнинг икромларига тўла эмасми? Биз Парвардигоримизга бўйсундигу У Зот бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўйдими? Бу дам ана шу саволларни ўзимизга берадиган, тўғри хулосалар чиқариб, ислоҳ сари қадам ташлашимиз зарур бўлган дамдир.
Зумрад Фозилжон қизи