Президент фармонига биноан, 2021 йил 1 январдан бошлаб шахсни рақамли идентификация қилишнинг ягона тизими жорий қилинмоқда. Унга кўра, биометрик паспортлар ўрнига Ўзбекистон фуқаросининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқлайдиган электрон ташувчи қурилмага эга ҳужжат сифатида ID-карта жорий этилмоқда.
Биометрик паспортлар ҳамда яшаш гувоҳномалари ID-карталарга қуйидаги муддатларда алмаштирилади:
Биринчи босқич - 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида (16 ёшга тўлганда ёки қонунчиликда кўрсатилган бошқа сабабларга кўра);
Иккинчи босқич - 2023 йил 1 январдан 2029 йил 31 декабргача мажбурий тартибда алмаштирилади.
Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти 2030 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
ID-карталарни олиш ва алмаштириш учун хоҳлаган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат қилиш мумкин.
Ҳозирги биометрик паспортларни расмийлаштириш муддати 10 иш куни бўлган бўлса, ID-карталарни расмийлаштириш эса 1 иш кунида амалга оширилади.
ID-карта қуйидаги муддатларга берилади:
янги туғилган болага бир ёшгача – 2 йил муддатга;
бир ёшдан 16 ёшгача – 5 йил муддатга;
16 ёшдан бошлаб – 10 йил муддатга.
ID-картани расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи, яъни 198 минг 470 сўм (22.09.2020 ҳолатига) миқдорида тўлов ундирилади.
Таҳририятдан:
Хўш, худди шунақа ID-карта олиш учун қўшниларимиз қанча пул тўлашади.
Қуйида ҳозирги кундаги курс бўйича ҳисобланган нархларни эълон қиламиз.
Қирғизистон 470 сом – 5.93 доллар
Украина 279 гривна – 9.89 доллар
Қозоғистон 530 тенге – 1,25 доллара
Тожикистон – 10 доллар
Туркияда 25 лира – 3,25 доллар
Арманистон 3000 драм – 6,18 доллар
Белоруссия 27 рубл – 10,42 доллар.
Ўзбекистон 198470 – 19,24 доллар.
Бизнинг ID-карталарнинг баҳоси нега қимматга тушяпти экан? Балки бизнинг карталар қимматроқ пластикдан ясалса керак-да...