Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Асл “ҳовли”ларни обод этайлик

3964

Бир ўзига тўқ танишим, хорижлик ҳамкор музокара ўтказиш учун келаётганини айтиб, менга бир-икки кунлик иш борлигини, яъни таржимонлик қилишимни илтимос қилди. Мен бу таклифни қабул қилдим. Боз устига, кутилаётган меҳмон ҳам ўзимнинг эски танишим. Қадрдон дўстимизни чиройли кутиб олишлардан сўнг ишга киришдик. Музокаралар хайрли якун топгандан сўнг, бизга кечроқ машина юборилишини ва меҳмондорчиликка таклиф этилганлигимизни фаҳмладим. 

Айтилган вақтга шинамгина машина келиб, бизни танишимнинг уйи томон элта кетди. Икки қаватли оврўпоча услубда қурилган замонавий уй. У ердаги бирозгина меҳмондорчиликдан сўнг, ҳали яна сафаримиз давом этиши маълум бўлди. Иккинчи уйга йўл олдик. Фаввора, салқин ҳаво, ям-яшил ўсимликлар барқ уриб турган ҳашаматли ҳовли. Асосий зиёфат шу ерда бўлса керак, деб ўйладим. Аммо, сафаримиз ҳали тугамаган кўринади. Энди катталиги 3-4 та ҳовлига тенг келадиган асосий ҳовлига боришимиз кераклигини таъкидлашди. Ва ниҳоят, ҳақиқатан биз ҳозиргина кўрган уйлардан-да муҳташам уйга етиб келдик. Хорижлик дўстимнинг ҳам ўзига яраша бизнеси бор. Унча-мунча катта чиқимлару, дабдабани тушунади. Аммо биз уйга кирарканмиз, у ҳам лол қолди.

Қўлимни ювиш учун борганимда “раковина” брендини кўриб, уйга оз-мунча маблағ сарфланмаганини тушундим. Зиёфатдан олдин уй билан танишиш таклиф қилинди. Энг сўнгги урфдаги шарқона меъморчилик, сауна, бассейн, массаж креслолари, бильярд, уй кинотеатри, плейстейшн ва яна алланималар. Деворга чизилган суратларнинг бари қўл меҳнати. Музейнинг ўзгинаси. Худди эртакка ўхшайди. Терингга сиғмайсан. Яширмайман, ўзим ҳам ўша лаҳзада ҳашаматга берилиб кетдим. Меҳмонхонада ясатилган дастурхонга ўтирдик. Бир-икки тишлам билан қорин тўйди. У ёқ-буёқдан гаплашдик. Орадан хиёл вақт ўтдию, барчасига кўз ўрганиб, ҳаммаси оддий ҳолдек туюлди. “Эйфория” тугади... Ўзимга қаттиқ таъсир қилди. Мен кўрган биринчи ва иккинчи уйлар-ку гарчи данғиллама бўлса ҳамки, умуман ёдимдан чиқиб кетди. 

Шу онда ўйга толдим. Бежиз биз яшаётган дунёга нисбатан бевафо, ўткинчи сўзлари ишлатилмас экан-да. Ҳа, худди шундай. Фоний дунё. Ўзингга зарурини олгину, боқий дунё сафарига отланавер...

Молу пули кўп кишилар исломий тарбия олмаган бўлсалар, камбағаллардан кибрланишлари, ўз моллари ила фахрланишлари маълум ва машҳур. Уларнинг кибрлари гап сўзлари, хатти ҳаракатлари ва имо ишораларидан ҳам билиниб туради.

Имом Заҳабий ва бошқа уламолар кибр гуноҳи кабира эканини таъкидлаганлар.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди», деган (34 – оят).

Муқаддас динимиз Исломда исроф ҳам қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида:

”Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, деб айтган (Аъроф, 31).

Биз беш кунлик дунёга келишимизнинг асл сабабини тушунганимизда эди, бу қолиб кетадиган вақтинчалик ҳовлиларни эмас, то Қиёмат ётадиган “ҳовли”мизни обод қилишга, савоб ишлар қилиб гуноҳлардан қайтишга, кибр ва мақтанчоқликдан воз кечишга ҳаракат қилган бўлардик...

Ҳожиакбар Юнус

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Японияда мусулмон қабристонлари муаммоси кўтарилмоқда

3110 17:31 12.05.2022

Динимни ўрганаман: қабр тоши қандай бўлиши ҳақида

2565 20:15 10.03.2022

23 февралда Амир Темур қабри қайта очилдими? – Фанлар академияси баёноти

3568 20:30 26.02.2022

Босния: геноцидга учраган мусулмонларнинг яна бир оммавий қабри топилди

1900 14:10 09.12.2021

Канадада юзлаб болалар қабрлари топилгандан сўнг черковлар ёндирилмоқда

4944 14:45 27.06.2021

Қабр йўқ, ўлик сарсон...

7886 18:55 19.06.2021
« Орқага