2019 йилнинг Рамазон ойида илк бор намойиш этила бошланган «Арбаъин» дастури Ҳазрат Алишер Навоийнинг машҳур «Арбаъин» асарлари асосида тайёрланган.
Кўрсатувда ёш навоийшунос олимлардан бири, таниқли ҳофизи Қуръон Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг маслаҳат ва кўмаклари асосида тайёрланди.
«Арбаъин» («Қирқ ҳадис») — ҳадисларнинг шеърий таржимаси бўлиб, анъанавий ҳамд ва наът билан бошланади. Асар муқаддимаси — «Сабаби таълифи манзума»да Навоий устози Абдураҳмон Жомий саҳиҳ ҳадислардан 40 тасини танлаб олиб, форсий тилда «Арбаъин» яратганини, лекин туркий китобхон бу чашмадан бебаҳра эканлигини айтиб, Жомийнинг рухсати билан шу 40 ҳадисни туркий тилга таржима қилганлигини ёзади:
Форсийдонлар айлабон идрок,
Орий эрди бу нафъдин атрок.
Истадимки, бу халқ ҳам бори
Бўлмағайлар бу нафъдин орий.
Мен демакни чу муддао айлаб,
Ул ижозат бериб дуо айлаб.
Шунингдек, муқаддимада Навоий Жомий ўз асарини ҳижрий 886 (милодий 1486) йилда яратганлигини, у ҳам тез орада устозидан ижозат олиб, асарни бир-икки кун ичида тамомлаганини айтади:
Бир-ики кунки эҳтимом эттим,
Кўз тутардин бурун тамом эттим.
Ушбу маълумотдан Алишер Навоий ўз асарини Жомий билан бир даврда яратган деган хулосага келиш мумкин. Шоир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини аввал араб тилида беради ва унинг таржимасини шеърий усулда тақдим этади.
«Арбаъин»нинг асосий қисми «Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига раво кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча, чин мўъмин бўлолмайди» деган машҳур ҳадиснинг навоиёна талқини билан бошланади:
Мўъмин эрмастур, улки иймондин
Рўзгорида юз сафо кўргай.
Токки қардошига раво кўрмас —
Ҳар неким ўзига раво кўргай.
Умуман олганда, «Арбаъин» асари инсоннинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади.