Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Алвидо, Ватан! Афросиёб мажлиси

2501

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм8-қисм9-қисм10-қисм11-қисм, 12-қисм, 13-қисм 14-қисм, 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм)

Тўртинчи куни шайхдан ижозат олиб йўлга чиқдим. Менга шайхнинг махсус одамларидан ўн киши ҳамроҳ бўлди. Олти кунча яшириниб, эҳтиёткорлик билан юрдик. Еттинчи куни Қайнар кишлоғига етиб бордик. Бу ердан машҳур Тарбуз тоғи бошланиб, унинг нариги томони Самарқанд, бу томони Шаҳрисабзга яқин эди. Шу ерда ҳамроҳларим билан хайрлашдим. Улар эса ортга, қароргоҳга қайтиб кетдилар. Либосимни бир оз ўзгартириб, Самарқандга юзга яқин эшак олиб кетаётган савдогарга навкар бўлиб ёлландим. Тоғдан ошиб, иккинчи куни Самарқандга кириб бордик.

Дўконларнинг бирида кийим-кечак олмоқчи эдим, дўкондор: – Кўйлак эртага субҳдан сўнг сотилади. Бугун Афросиёбда ниҳоятда муҳим мажлис бор. Хамма унда иштирок этиши зарур, – деди.

Савдогар эшакларни жойлаш билан машғул бўла бошлади. Мен ундан рухсат олиб, Майман кишлоғига равона бўлдим. Уч ой ичида бу ер жуда ҳам ўзгариб кетган, аҳвол танг эди. Пешин намозига бир неча одам қўрқа-писа келдилар. Секингина уларнинг биридан домла Бухорий тўғриларида сўрадим.

– Домла Бухорийни бундан бир ой илгари уйларидан ушлаб, номаълум томонга олиб кетишди. Бир неча кундан сўнг бир коммунистдан: “Домла Бухорий ўз хоҳишларига кўра Фарғонага жўнатилди”, деган хабар эшитдим. Албатта, бунга ҳеч ким ишонмади. Одамларнинг фикрича, у кишини Сибирга сургун этишган ёки ўлим ҳандағига қулатишган, – деди у.

Бу ердан чиқиб Шоҳи Зиндага бордим. Унинг тарихий вайроналарида ватандошларимдан бири Ғофиржон Қори яшар эди. Ғоят хушовоз, тажвидли Қуръон ўқир, етти қи- Аъзам Ҳошимий 81 роатни пухта биладиган мукаммал қори эди. Қироатини тинглаган киши завқу шавққа тўлиб тошарди. У уч ой олдин мени “Эски Шаҳрисабз”га сайр қилдириб, домла Бухорий билан ҳам учраштирган эди. Ҳозирги кунда Шоҳи Зинда қадимий обидаларга айлантирилиб, совет ҳукумати кўлига ўтган ва улар томонидан масъул кишилар қўйилган эди. Ғофиржон Қорини эса ҳибсга олишган эди.

Одамлар тўда-тўда бўлиб “Афросиёб” томон кетишар, юзларидан мажбуран кетаётганлари сезилиб турар эди. Мен ҳам аста орқаларидан эргашдим. Афросиёб маркази одамлар билан тўлган, коммунистлар, комсомоллар ва қизил аскарлар ҳам жуда кўп эди. Кетма-кет келиб қўшилаётган кишилар жамоатни янада кўпайтирарди. Мажлис Ислом динини қораловчи беҳуда сафсата ва уйдирмалар билан бошланиб, коммунистларнинг фойдасига хизмат қилувчи баёнотлар билан давом этди. Мажлисга уч нафар ҳайкалча келтиришди. Улардан бирини эъзозлаб, баланд жойга қўйиб, устидан гуллар сочишди. Иккитасини эса гулханга улоқтиришди. Эъзозлаган ҳайкаллари яланғоч суратда ишланган бўлиб, фақат белидан пастига лунги ташлаб қўйишган эди. Сўнгра бир киши бу ҳайкалларни ўрисча таърифлай бошлади.

– Бу икки ҳайкал Ҳиндистондаги инглиз ҳукумати жосусларининг рамзий кўриниши. Англия ҳукумати Ҳиндистон Озодлик Ҳаракатини синдириш учун ёллаган бу кишилар мусулмонлар бўлиб, иккиси хам айғоқчи. Уларнинг иккаласи “биродарон” деб номланади. Мана бу ҳайкал эса, – дея давом этди ўзларининг яланғоч бутларига ишора этиб, – Ҳиндистон “Озодлик” ҳаракатининг парвонасидир. Улар Ҳиндистонда ҳинд миллатини инглизлар қўлидан озод этиш мақсадида курашмоқда. Бу шахснинг исми Маҳатма Гандидир. Ўзининг ушбу рамзий кўринишини у шундай таъриф қилади: “Қачонки миллатим 82 Алвидо, Ватан! оч-яланғоч экан, мен ҳам оч-яланғочман”. Британия ҳукумати ва унинг ёрдамчилари ҳамда уларнинг жосуслари бўлмиш мусулмон заминдорлару корхоначилар унинг ашаддий душманидир.

Коммунистларнинг бу каби ёлғон-яшиқ уйдирмаларига кўникиб қолган халқ ҳеч қандай эътироз қилмади. Бу мажлис инглиз ҳукумати жосусларига қарши тортилган наъралар шовқин-сурони билан якунланди. Афросиёбдан қайтиб келдим. Савдогарга домла Бухорийнинг ғойиб бўлиши, Ғофиржон Қорининг азоб-уқубатларини сўзлаб бердим. У жимгина қулоқ солди. Орадан икки кун ўтиб, савдогар билан Шаҳрисабз тарафга йўл олдик. Йўлда савдогарга:

– Амаки, босмачи, коммунист, социалистлар ким ўзи? – деб савол қилдим.

– Эҳ сўтак, фарғоналик бўла туриб ҳалигача билмадингми?

Ахир улар ҳақида тарихлар ёзиляпти, ҳатто Анвар Пошо ҳам уларнинг жасоратига қойил қолган. Ўн йилдан буён юрт учун, Ислом учун қон кечяптилар. Шундай кишиларнинг фарзанди бўла туриб, кимлигини билмайсанми?! Коммунист эса Худога мункирдур ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашни хоҳлайди. Социалистлар эса еру мулкда, ҳатто хотинда ҳам ҳамма шерик бўлишининг тарафдоридур, – деди савдогар. Яна савол бердим: – Амаки, сизлар чекка жойларда яшаб туриб, бундай нарсалардан қандай огоҳ бўласизлар?

Савдогар менга ажиб бир қараш қилиб, жимиб қолди. Эҳтимол, менинг саволим уни шубҳага солиб, мени комсомол деб ўйлаётган бўлса керак. Ич-ичимдан аҳмоқона саволимга пушаймон килдим. Чунки бу савдогар шубҳа билан мени бирон чеккароқ жойда ўлдириб кетиши мумкин эди. Шундай хаёллар билан анча вақт Аъзам Ҳошимий 83 ўтди. Чуқур ўйга толдим, қандай кунларга қолдик. Ҳеч ким бир-бирига ишонмайди, шеригидан шубҳа қилади, дўстига хиёнат этади...

Тоғ йўли билан сафарни давом эттирар эдик. Қуёш ботар маҳалда бир булоқнинг яқинига бориб тўхтадик. Эшакларни суғориб, мешларга сув тўлдирдик. Таҳорат олиб шом намозига ҳозирлик кўрдик. Савдогарнинг ёқимли овози бор эди. Шундай хушовоз билан қироат килдики, гўё осмону замин, тоғу тош, ўт-ўланлар, жилдираб оқиб турган сувлар барчаси унинг қироатига маҳлиё бўлиб қолганди. Шомдан сўнг овқатланиб, бир оз вақт ўтказиб хуфтон намозини ҳам ўқиб, яна йўлга тушдик. Эртаси куни Шаҳрисабз музофотининг бир ноҳиясига етиб бордик. Мен Сариосиё йўли билан Шаҳрисабзга боришим керак эди, шунинг учун савдогар билан хайрлашиб йўлга тушдим.

(давоми бор)

Ушбу рукн «Azon kitoblari» нашриёти билан ҳамкорликда тайёрланди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алвидо, Қуръон ойи — Рамазон

1729 13:25 28.04.2022

Алвидо, Ватан! Аҳдга вафо этамиз

4508 20:10 10.10.2021

Алвидо, Ватан! Аҳдга вафо этамиз

3455 20:10 09.10.2021

Алвидо, Ватан! Аслаҳа таққан шайх

2554 20:05 08.10.2021

Алвидо, Ватан! Аллоҳ суйган кишилар

2845 20:10 07.10.2021
« Орқага