Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Ажал машиналари» ёхуд йўл-транспорт ҳодисаларида ким айбдор?

2721

Куни кеча мамлакатимизда содир бўлаётган йўл транспорт ҳодисалари юзасидан халқимиз фикрини ўрганиш мақсадида Azon.uz'нинг телеграм каналида сўровнома ўтказдик.

Унда республикамизда юз бераётган йўл-транспорт ҳодисалари сабаб баъзиларнинг соғлиги, яна кимларнингдир ҳаёти хавф остида қолаётганига ким айбдор эканлиги сўралган. Сўровномада қатнашганларнинг фикрича, ЙТҲларнинг асосий сабаби уқувсиз, қоидабузар ҳайдовчилар (67% овоз) ҳамда йўлларнинг сифатсизлигидир (44% овоз). Яна 29 фоиз кузатувчилар бундай ҳодисаларда бепарво йўловчиларни айблаган бўлса, 19 фоиз респондентлар йўл-ҳаракати белгиларининг етарли даражада кўринмаслиги дея баҳолаган. Шунингдек, сўровномада қатнашганларнинг 11 фоизи бошқа сабаблар борлигини таъкидлаган.

Изоҳларда ўз фикрини билдирган кузатувчилардан бири ҳайдовчилик гувоҳномасининг кўр-кўрона, пора эвазига бериб юборилиши, пули кўп одам автомактабда ўқимай туриб ҳам ва ҳатто имтиҳон топширмасдан туриб «права» олаётганини сабаб сифатида кўрсатган. Яна кимдир машиналар ҳам сифатсиз эканини билдирган бўлса, бошқа бир кузатувчи йўлларнинг сифатсизлиги сабаб бўла олмаслигини таъкидлаган. Унинг фикрича, бу ҳолатда ҳар ким ўз мажбуриятидан келиб чиқиб, қоидаларга амал қилса, йўл сифати у қадар юқори аҳамиятга эга бўлмайди.

Шу ўринда савол туғилади: сўровнома иштирокчиларининг катта қисми ҳайдовчиларни айблашига сабаб нима? Аслида ҳам ҳайдовчиларимиз шу қадар уқувсиз ёки тартиб-қоидаларни менсимайдими?..

Мазкур масалага аниқлик киритиш ва йўл-транспорт ҳодисаларига асосан нима ёки ким сабабчи бўлаётганини аниқлаш мақсадида ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати билан боғландик. ЙҲХББ ахборот хизмати раҳбари, подполковник Музифа Султонованинг маълум қилишича, барча статистик маълумотлар бошқарманинг веб сайти (yhxbb.uz) ҳамда телеграм канали орқали тақдим этиб борилади. 

ЙҲХББ сайти ва телеграм каналини кузатганимизда сайтдаги сўнгги статистик маълумотлар 2019 йилда жойлангани ва инфографика кўринишидаги ойлик маълумотлар жорий йилнинг апрел ойидан бери янгиланмагани маълум бўлди. Унга кўра, 2021 йилнинг дастлабки 4 ойида 2242 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Унда ЙТҲ иштирокчиларининг 557 нафари вафот этган, 1684 нафари турли даражада жароҳатланган. ЙҲХББ статистикасига кўра, ҳодисанинг келиб чиқишига асосан белгиланган тезликка риоя қилмаслик (32,4%) ва пиёдалар ўтиш жойи (пешеход) бўлмагани сабабли йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш (16,2%) сабаб бўлган.

Бироқ шунчаки атрофга назар ташласак ва оммавий ахборот воситаларида тақдим этилаётган хабарларни таҳлил қиладиган бўлсак, аянчли оқибатлар сабаб бўлган ЙТҲ содир бўлмаган кун деярли йўқ. Қарийб ҳар куни, кези келганда кунига бир нечта инсон ЙТҲ қурбонига айланмоқда. Аммо, бу каби ҳодисаларнинг статистикасига қараб ким айбдор бўлганини кузатиб, таҳлил қилиш эмас, аксинча унинг олдини олиш ҳаракатини қилиш керак. Яъни оқибати билан эмас, сабаблар билан курашиш тўғри йўл бўлади назаримда.

Шу ўринда одамлар йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича қандай таклифлар бергани ёки масъуллар қандай ишлар амалга ошираётгани ҳақида маълумот олиш учун интернетда маълумот қидириб кўрдим. Таклифларнинг аксарияти йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритиш бўйича экан. Масалан, бир қанча вақт аввал Mening fikrim порталига «Шаҳарларда транспорт тезлигини 50 км/соат'га пасайтириш» тўғрисида петиция жойланган бўлиб, унда агар ушбу таклиф амалга киритилса, ЙТҲлар сони 80 фоизга камайиши таъкидланган. Яна кимдир жарималар миқдорини оширишни таъкидлаган бўлса, бошқа кимдир ижтимоий хавфи катта бўлмаган ҳолатлар учун ҳам жиноий жавобгарлик белгилаб, жазони кескинлаштиришни таклиф қилган. 

Тўғри, дунёнинг ривожланган давлатларидаги шаҳарларда транспорт тезлиги 50 км/с, мактаб, боғча, шифохона каби ижтимоий аҳамиятга эга бўлган жойларда эса 30 км/с бўлиши белгиланган. Лекин жазони кучайтириш доим ҳам ижобий натижа беравермайди. Шундай экан аввало инсонлар ўзларини ислоҳ қилишлари керак. Ҳамма бирдек қоидаларга амал қилса, бахтсиз ҳодиса қурбонлари ва уларнинг яқинлари ҳис қилган оғриқни ўзида бўлаётгандек тасаввур қила олса, на жарима ва на бошқа жазо турига ҳожат қолмайди.

Сўзим сўнгида сарлавҳада берилган саволга субъектив жавоб бермоқчиман. Йўл-транспорт ҳодисаларида ким айбдор? Мен, сиз, барчамиз – ўзига, атрофдагиларга бефарқ бўлган, масъулиятни ҳис этмаётган ҳар бир шахс ўзини айбдор санаши керак. Фикримга қўшилиш ёки қўшилмаслик ўз изму ихтиёрингизда. Бироқ қачонки инсон ўзгаришни ўзидан бошламас экан, дунёни, жамиятни ўзгартириш ҳақидаги ўйлар амалга ошмай қолаверади.

Шерали Солиев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Хитойда йирик ЙТҲ: ўнлаб одам ҳалок бўлди

1072 11:12 08.01.2023

Ўзбек–қирғиз чегарасида 12 та автомашина иштирокида ЙТҲ рўй берди

1804 11:25 22.05.2022

Йўл қоидаларига амал қилиш – вожиб

1361 17:15 17.05.2022

Навоий вилоятида ағдарилиб кетган автобус ҳақида маълумот берилди

2211 11:37 10.05.2022

Россия зирҳли транспортёри Сурияда бир аёлни босиб кетди

1917 22:11 23.02.2022

«Дамас»да тўрт киши уриб кетилгани ҳақида маълумот берилди

1771 21:30 03.10.2021
« Орқага