Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Адолатли иккинчи Умар ҳақида тўқилмаган ҳикоялар (ўн тўртинчи қисм)

2243

(Охири. Боши мана бу ерда)

Халифанинг вафоти

Абу Салим Ҳузалий шундай дейди: “Умар ибн Абдулазиз халифалиги охирида хутба  қилиб, шундай деди: “Амма баъд. Аллоҳ таоло сизларни бекорга яратмаган ва ишларингиздан ҳеч бирини ҳисоб-китобсиз қолдирмайди.  Сизлар  албатта, оламдан ўтасизлар. Аллоҳ таолонинг раҳматидан мосуво бўлган одам ер ва осмонлар кенглигича бўлган жаннатни ўзига ҳаром қилади. Ва кўп нарсанинг эвазига оз нарсани олади. Ўткинчи дунёни абадий дунёга, омонликни  қўрқинчга алмаштиради. Кўрмайсизларми, сизлар ҳалок бўлганларнинг ўрнидасизлар ва тез орада ўрнингизни сиздан кейин келувчилар эгаллаб олишади. Ҳар куни – баъзан  кечаси,  баъзан кундузи  вафот  этганларни  Аллоҳнинг ҳузурига тайёрлайсизлар. Ризқи тугаб, ажали етган кишини ердан кавланган бир чуқурга кўмасизлар  ва ҳатто  устини  текисламай, ташлаб кетасизлар. У имкониятларидан, меҳрибонларидан ажрайди, тупроқни ўзига маскан қилиб олади ва ҳисобга йўлиқади. Шундай бўлгач, ўлим келишидан олдин Аллоҳдан қўрқинглар. Аллоҳга қасам, сизларнинг    гуноҳларингизни ўзимдаги гуноҳларни билганчалик  билмайман. Сизлардан бирортангизнинг ҳузуримдаги қай бир ишга қодир экани менга маълум эмас. Бироқ сизлар билан ўз ҳаётимни тенглашга имкон беришларингни истардим. Агар гўзал ҳаётни хоҳлаганимда эди, яхши яшаш сабаблари ҳақида тилим айланган бўларди. Бироқ Аллоҳ азза ва жалладан сўзловчи Китоб, адолатли Суннат келди. Аллоҳ таоло Ўзига итоат қилишни буюрди ва Унга гуноҳкор бўлишдан   қайтарди”.   Ҳукмдор    шундан сўнг ридосининг бир тарафини юзига босиб, ҳўнграб йиғлади. Одамлар ҳам йиғлашди. Бу унинг охирги хутбаси бўлди.

Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳижрий 101 (милодий 720) йили ражаб ойи тугашига ўн кун қолганда Дамашқда ўз аъёнларининг фитнаси қурбони бўлди. Улар Умарнинг ўзидан кейин халифаликни Язид ибн  Абдулмаликка топширмай қўйишидан қўрқиб, бу мудҳиш жиноятга қўл уришган эди. Умавийлардан бирининг хизматкори Исломнинг буюк халифаси жонига қасд қилди ва номини абадий лаънатга мубтало қилди.

Лайс ибн Абу Руқиянинг ривоят қилишича, ўлим тўшагида ётган Умар ибн Абдулазиз атрофдагиларга “Мени ўтирғизиб қўйинглар”, деган эди, уни ўтқазишди. Шунда у Аллоҳга илтижо қилди: “Эй Аллоҳ, Сен менга буюрган эдинг, аммо мен тўлиқ бажармадим. Сен қайтарган эдинг, лекин Сенга итоатсиз бўлдим. Аммо шунга гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир!” Кейин бошини кўтариб, ҳаммага тикилиб қаради. Шунда унга “Сиз қаттиқ тикиляпсиз”, дейишди. У: “Мен ҳозир бўлганларни кўряпман, улар инсонлар ҳам эмас, жинлар ҳам эмас”, дедию, жони узилди.

Амр ибн Қайс айтади: «Умар ибн Абдулазизнинг ўлими яқинлашгач, “Эй мўминларнинг амири, бизга нима васият қиласиз?” дейишди. “Менинг ушбу ҳалокатимдан огоҳ бўлинглар. Мени кўмгандан кейин, қабрим устига қўйилган биргина ғиштга қаранг, бу дунёдан менга теккан нарса нима эканини кўринглар”, деди».

Аммора ибн Абу Ҳафсадан ривоят қилинади: «Умар ибн Абдулазиз бетоб бўлиб ётганда Маслама ибн Абдулмалик унинг ҳузурига кирди. Умар ўлим тўшагида эди. “Аҳлингиздан кимга васият қиласиз?” деб сўради Маслама. “Аллоҳни унутганимда менга эслатганларга”, дедилар Умар ибн Абдулазиз. Маслама яна “Аҳлингиздан кимга васият қиласиз?” деб сўради. Шунда Умар ибн Абдулазиз: “Менинг эгам Китоб нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ зотларни дўст тутади”, (Аъроф сураси, 196-оят) деб жавоб берди».

Ўлим тўшагида ётганида Умар ибн Абдулазиздан одамлар: “Фарзандларингизга нима нарса қолдирдингиз, эй Умар?” деб сўрашганида у киши: “Уларга Аллоҳдан тақво қилишни қолдирдим. Агар улар солиҳ бўлишса, Аллоҳ солиҳларни қўллайди. Агар ундай бўлишмаса, улар учун Аллоҳга нисбатан осий бўлишда ёрдам қиладиган нарсани ҳаргиз қолдирмайман”, деб жавоб қилди. Халифанинг вафотидан сўнг ундан бор-йўғи 17 динор маблағ мерос қолгани маълум бўлди. Бу пулларни ҳам ўзи ижарага  олиб яшаган уйнинг пулини тўлашга ва дафн учун ажратилган ернинг ҳақини беришга сарфлашди.

Масламадан ривоят қилинади: «Умар ибн Абдулазиз вафот этган куни унинг ҳузурига кирдим. Абдулмаликнинг қизи Фотима унинг бош тарафида ўтирар эди. У мени кўриб, ўрнидан турди ва оёқ тарафига ўтиб олди. Мен унинг бош томонига ўтирдим. Маййитнинг эгнида чўнтаги тешик эски бир кўйлак бор эди. Мен Фотимага: “Бу кўйлакни алмаштирсангиз бўлмайдими?” дедим. У индамади. Бир неча марта сўзлашга оғиз жуфтлади, аммо гапира олмай, йиғлаб юбораверди. Ниҳоят, ўзини босиб олгач, “Аллоҳга қасам, унинг шундан бошқа кўйлаги йўқ эди”, деди».

Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қилинади: «Умар ибн Абдулазизнинг ўлим соати келгач, у йиғлади. “Нимага йиғлаяпсиз, эй мўминларнинг амири? Сиз туфайли Аллоҳ кўп суннатларни тирилтирди, адолатни зоҳир қилди-ку”, дейишди. Умар яна йиғлади ва: “Ахир Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида халқим ҳақида сўралмайманми? Аллоҳга қасамки, гарчи мен уларга адолат қилган бўлсам ҳам, бунинг ҳужжати талқин қилинмагунча Аллоҳ ҳузурида уларга ҳужжат келтира олмасликдан қўрқаман. Шунча ишлардан сўнг қандай қилиб хотиржам бўламан”, деди. Кейин кўзлари юмилди. Бир муддат ўтгач, вафот этди. Аллоҳ уни раҳматига олсин».

Халифа Умар ибн Абдулазизнинг ўлими хабари Ислом мамлакатининг ашаддий душмани бўлган Рум императори Лев III Исаврга  етиб  келганида  у  қаттиқ   йиғлади.   Унинг   йиғиси   атрофидаги аъён  ва епископларини даҳшатга солди. Улар императордан  йиғиси  сабабини   сўрашганида, у шундай жавоб бердики, унинг айтган сўзи халифа Умар ибн Абдулазизнинг вафотларига атаб айтилган сўзларнинг энг тўғриси  ва  етуги бўлди: “Аллоҳга қасам! Бугун шундай бир адолатли инсон вафот топдики, адолатда унинг тенги йўқдир. Агар Ийсо алайҳиссаломдан кейин ўликларни тирилтирадиган одам бўлганида Умар ибн Абдулазиз тирилтирган бўларди, деб ўйлайман. Мен эшигини ёпиб олиб, дунёни рад этган, роҳиблик қилиб, ибодат билан машғул бўлган роҳибга қойил қолмайман. Лекин дунё оёғининг остида бўла туриб, уни тарк қилган одамга тан бераман”.

Муҳаммад ибн Маъбаддан шундай ривоят қилинади: «Умар ибн Абдулазиз румликлар билан бўлган жангларда уларнинг асирларини жўнатиб юбориб, эвазига душман тарафга асир тушиб қолган мусулмонларни қайтариб олди.

Мен Рум подшоҳининг олдига кирсам, Румнинг катта амалдорлари ҳам киришар эди. Бир куни унинг ҳузурига кирсам, ғамгин ва хафа бўлиб, ерда ўтирган экан.

Аҳволингиз яхшими? – десам,

Нима бўлганини билмадингми? – деди. Мен нима бўлганини сўрадим. У:

Солиҳ зот вафот этди, – деди.

Ким? – деб сўрадим.

Умар ибн Абдулазиз, – деди у».

Атодан шундай ривоят қилинади: «Умар ибн Абдулазизнинг вафотидан сўнг, у кишининг аёллари Фотима бинти Абдулмалик ҳузурига кириб:

Эй Бинти Абдулмалик, менга мўминларнинг амири ҳақида гапириб беринг, – дедим. Аёллари:

Хўп, айтиб бераман. Лекин тирик бўлганида бундай қилмас эдим. Умар одамлар учун ўзидан буткул кечган эди. Уларни деб куни билан бир жойда ўтирар эди. Куни билан ишлагандан сўнг ҳам айрим ишлари тугамай қолса, кунни тунга улар эди. Одамларнинг ишларини тамомлагач, ўз пулига сотиб олинган чироқни ёқишни буюрар эди. Кейин ўрнидан туриб, икки ракат намоз ўқир, сўнг ўтириб, бошини қўлига қўяр ва кўз ёшлари шашқатор ҳолда дуо қиларди. Хириллаб йиғлаган пайтида жигари эзилиб, жони чиқиб кетдимикан, деб қолардим. Бир куни тонг отгунга қадар шундай ўтирдилар. Кейин рўза тутдилар. У кишига яқин келиб:

Эй мўминларнинг амири, кеча сизга бирон нарса бўлдими? – дедим. У киши:

Ҳа. Мени ўз ҳолимга қўй. Ўз ишингга қара , – дедилар.

– Мен сизнинг ҳолатингиздан ибрат олмоқчиман, – дедим. Умар шундай деди:

Бўлмаса айтиб бераман. Ўйлаб кўрсам, бу умматнинг каттасию кичигига, қорасию қизилига амир эканман. Кейин ҳеч нарсаси йўқ ғариблар, муҳтож, фақирлар, дом-дараксиз йўқолган маҳбуслар ва шунга ўхшаш шаҳар ҳамда мамлакат атрофидаги одамларни эсладим. Билдимки, Аллоҳ таоло мендан улар ҳақида ҳам сўрайди. Бунга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужжат бўладилар. Шундан қўрқиб, кўзларимга ёш келди, шунинг учун қалбим қўрқувга тушди. Бир сўз айтганим сари қўрқувим янада ортиб борди. Эслаганим сари даҳшатим зиёда бўлди. Мен сенга айтиб бердим. Хоҳласанг, ҳозир ибрат ол, хоҳласанг унут! – дедилар».

Муқотил ибн Сулаймон халифа Абу Жаъфар Мансурга байъат қилинган куни унинг ҳузурига кирди. Шунда Мансур:

Менга насиҳат қилинг, эй Муқотил!    – деди.

Муқотил:

–    Сизга кўрганим ҳақида гапирайми ё эшитганим ҳақидами? – деди. Халифа “Кўрганингиз ҳақида” деганидан кейин Муқотил унга шундай деди:

–    Эй мўминлар амири, Умар ибн Абдулазиз ўн бир фарзанд кўрди. Вафотидан кейин ўн саккиз динор қолдирди. Шундан беш динорига кафанланди, қабри учун тўрт динор сарфланди. Қолган тўққиз динор эса фарзандлари ўртасида тақсимланди. Кейинги умавий халифа Ҳишом ибн Абдулмалик ҳам ўн бир фарзанд кўрди. Ҳар бир фарзандининг меросдаги ҳиссаси мингу минг (яъни миллион) динорга тўғри келган. Эй мўминлар амири, Умар ибн Абдулазизнинг бир фарзанди ғозийлар учун юзта от садақа қилганини ва Ҳишом ибн Абдулмаликнинг бир фарзанди бозорларда тиланиб юрганини бир куннинг ўзида кўрдим”.


Умар ибн Абдулазиз вафот этганида ёши ўттиз тўққиздан сал ошган эди. Қисқагина умрини Аллоҳ буюрган эзгу ишларга бахшида этган, уч йилга ҳам етмаган ҳукмдорлик йилларини адолат ва инсоф, раҳм-шафқат ва меҳрибонлик билан безади. Унинг қисқа муддатли раҳбарлиги худди Аллоҳнинг раҳмат ёмғирига ўхшаб юртга қут-барака ва фаровонлик олиб келди. Унинг “ялт” этиб чақнаган чақмоқ мисоли тез ўтган ҳукмронлиги чоғида Ислом шавкати янада ошди. Унинг адолати ва зуҳду тақвосига гувоҳ бўлган шимолий Африқонинг барча барбарлари ва олис Ҳиндистоннинг аслзода инсонларидан олти миллиондан ортиқ киши ўз ихтиёри билан мусулмон бўлди. Халифа Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу ана шундай гўзал фазилатли, чиройли хулқли, Аллоҳдан қўрқувчи чин инсон бўлган эди. Аллоҳ таоло Ислом умматидан яна Умар ибн Абдулазиз каби Ўзи суйган инсонларни кўплаб чиқарсин, омин!

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Путин: “Мен бундай хулосаларга асло қўшилмайман”

8472 09:24 01.07.2022

Ўзбекистон адолатли иқтисодиёт қура оладими? – АҚШ журналининг таҳлили

3474 19:30 09.02.2022

«Адолат»чилар ҳам президентликка ўз номзодини илгари сурди

2088 11:40 05.08.2021

Адолат нелигин Умардан сўранг...

3019 22:00 23.04.2021

Бировнинг ҳақи

2310 10:00 21.04.2021

Солиқ органлари “куч ишлатар” идора эмас...

2900 07:00 16.04.2021
« Орқага