Бугун, 29 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимизда дипломатик фаолиятини якунлаётган Эрон Ислом Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳман Оғорозий Дўрмонийни қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Абдулазиз Комилов элчини қутлар экан, уни Ўзбекистондаги тўрт йиллик миссияси муваффақиятли якунлаётгани билан табриклади ҳамда унинг фаолияти самарали бўлгани ва Ўзбекистон – Эрон муносабатларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилганини қайд этди.
Қайд этиш жоизки, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестицион алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашди. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 213,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди, бу 2018 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 40 фоизга кўпдир.
Ўз навбатида Эрон элчиси Ўзбекистондаги миссиясини муваффақиятли амалга ошириш учун яратилган қулай шароитлар учун миннатдорчилик билдирди.